Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 15 / Амалий бухгалтерия

Ҳисоботдаги хатолар қандай тузатилади

 

Кичик корхона – ЯСТ тўловчисига норезидент 2014 йилда транспорт хизматларини кўрсатган. 2017 йилда транспорт хизматларини етказиб берувчи (норезидент) билан солиштириш давомида 2014 йил декабрида 7 500 АҚШ долларига бажарилган ишлар далолатномаси ҳисобга олинмаганлиги маълум бўлди. Норезидентдан хизматлар импортига ҚҚС ва тўлов манбаидаги солиқ бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди. Корхона учун етказиб берувчининг хизматлари сотиш бўйича давр харажатлари ҳисобланади.

2014, 2015, 2016 йиллар учун молиявий ҳисоботни қайта топширмаслик мақсадида 2014 йилдаги транспорт харажатларини 2017 йил ҳисобида акс эттириш мумкинми? Агар мумкин бўлса, қандай проводкалар билан расмийлаштириш лозим?

С.Ким,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

Ҳа, мумкин. Бунда ўтган ҳисобот даврлари учун молиявий ҳисоботни қайта топшириш керак эмас.

Ўтган даврлар ҳисобот маълумотларидаги тузатишлар унинг маълумотларини бузишлар аниқланган ҳисобот даври учун тузилган ҳисоботда амалга оширилади. Бунда тузатишлар жорий ҳисобот даври учун маълумотларга киритилади.

Ўтган даврда йўл қўйилган фундаментал (муҳим) хатоларни тузатиш суммаси молиявий ҳисоботда йил бошидаги тақсимланмаган фойда сальдосини ўзгартириш ҳамда активлар, мажбуриятлар ва хусусий капиталнинг бошқа моддаларига тегишли тузатишлар киритиш йўли билан акс эттирилиши мумкин (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қоидаларнинг 15-банди; АВ томонидан 27.08.1998 йилда 484-сон билан рўйхатдан ўтказилган 3-сон БҲМСнинг 17.1-банди).

Фундаментал (муҳим) хатолар жорий даврда аниқланган хатолар бўлиб, улар шу қадар муҳим бўладики, олдинги даврлар учун тузилган молиявий ҳисоботлар ишончли деб ҳисобланмаслиги мумкин (3-сон БҲМСнинг 5-банди).

Шундай қилиб, муҳим хатолар йил бошидаги тақсимланмаган фойда (зарар) сальдоси ҳисобига тузатилади, арзимас хатолар эса ҳисобот давридаги даромадлар (харажатлар) таркибига киритилади.

Тақдим этилган ахборотдан маълум бўлишича, корхонанинг бухгалтерия маълумотларида 7 500 АҚШ доллари миқдоридаги кредиторлик қарзи хато равишда акс эттирилмаган, шунча суммадаги давр харажатлари якуний молиявий натижага ҳисобдан чиқарилмаган. Шу тариқа, сиз буни бухгалтерия ҳисобида қуйидаги проводкалар билан акс эттиришингиз керак:

● фундаментал хато бўлса:

Дт 8710-«Ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдаси (қопланмаган зарари)»;

Кт 6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган ҳисобварақлар»;

● арзимас хато бўлса:

Дт 9430-«Бошқа операцион харажатлар»;

Кт 6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган ҳисобварақлар».

Тасдиқловчи бошланғич ҳужжатлар ва бухгалтерия маълумотномаси асосида тузатиш киритилади. Киритилган тузатишларни бухгалтерия балансига тушунтириш хатида очиб бериш зарур.

 

Эҳтимолий солиқ оқибатлари

Агар ўтган ҳисобот даврларида курс фарқидан даромад олинган бўлса, ЯСТга камайтириш томон тузатиш киритиш талаб этилиши мумкин.

Бухгалтер кредиторлик қарзини акс эттириши ва баланснинг валюта моддаларини қайта баҳолаши лозим. ЎзР МБ маълумотларига кўра 2014–2017 йилларда хорижий валюта курси ўзбек сўмига нисбатан ошиши кузатилди. Кредиторлик қарзи бўйича салбий фарқ юзага келади. Агар корхона илгари ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базага ижобий фарқнинг салбий фарқдан ошиши суммасини киритган бўлса, энди у камайтирилиши керак. Бироқ бу ижобий фарқ доирасида амалга оширилиши зарур. Салбий курс фарқи суммаси ижобий курс фарқидан ошганда ошиш суммаси ЯСТни ҳисоблаб чиқараётганда солиқ солинадиган базани камайтирмайди.

Шу тариқа, корхона аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини топширишга, солиқ суммасини камайтиришга ва уни қайтариш ёки ҳисобга киритишга ҳақли, бироқ мажбур эмас. Башарти ДСИ молия-хўжалик фаолияти текшируви (тафтиши) доирасида мазкур даврни текширмаган ва солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати (5 йил) ўтмаган бўлса (Солиқ кодексининг ­46-моддаси), шундай қилинади.

 

Анжелика НАМ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1712 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика