Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 15 / Тадбир

Декларациялаш кампанияси якунланди

 

Ўтган ҳафтада Давлат солиқ қўмитаси матбуот анжумани ўтказиб, жисмоний шахсларнинг 2016 йилги даромадлари бўйича декларациялар келиб тушгани ҳақидаги маълумотлар билан таништирди.

 

Маълумки, қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз даромадларини декларациялашлари керак бўлган фуқаролар 2016 йилда олинган жами даромадлари тўғрисидаги декларацияни доимий яшаш жойидаги солиқ органларига жорий йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этишлари зарур.

 

Дастлабки якунлар

ДСҚ раиси ўринбосари Ҳотамбек Шокиров тадбир давомида қайд этиб ўтганидек, 455 000 нафардан ортиқ жисмоний шахслар солиқ декларацияларини белгиланган муддатларда топширганлар.

Декларацияланадиган даромадлар таркиби Солиқ кодексининг 189-моддаси билан белгиланган.

Агар солиқ тўловчининг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадларидан ЖШДС унинг аризасига кўра энг юқори ставка қўлланилган ҳолда ушлаб қолинган бўлса, даромадлар тўғрисида декларация тақдим этилмайди (Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар, солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлар бундан мустасно).

Жами йиллик даромадлар тўғрисидаги декларациядан ташқари, жисмоний шахслар мол-мулкни ижарага беришдан олган даромадлари бўйича декларацияни ҳам тақдим этишлари шарт.

Мол-мулкни (турар ва нотурар жойлар, шахсий автомобилларни) ижарага берувчи фуқаролар доимий яшаш жойидаги ДСИга қуйидагиларни тақдим этишлари шарт:

● дастлабки тарздаги декларация – ижарадан даромадлар пайдо бўлган кундан эътиборан биринчи ой тугаганидан кейин 5 кунлик муддатда;

● жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай.

Декларация асосида мол-мулкни ижарага беришдан олинган жисмоний шахсларнинг даромадларига солиқ солиш тартиби хусусияти турар, нотурар жойлар ва автотранспорт воситаларини ижарага беришдан ойлик ижара тўловининг энг кам миқдорлари ҳисобга олинишига боғлиқ.

2017 йилда 1 кв.м турар жойни ижарага берганлик учун ойлик тўлов қуйидаги миқдорларни ташкил этади: Тошкентда – 4,5 минг сўм, Нукусда ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – 3 минг сўм, бошқа аҳоли пунктларида – 1,5 минг сўм. Ўтган йилги нормалар индексацияланди.

2017 йилда 1 кв.м нотурар жой учун ижара тўловининг энг кам ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланган: Тошкентда – 9 минг сўм, Нукусда ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – 6 минг сўм, бошқа аҳоли пунктларида – 3 минг сўм.

1 та автотранспорт воситасини ижарага берганлик учун тўлов ставкаларининг энг кам ойлик миқдорлари қуйидагича:

● енгил автомобиллар (йўловчилар, багаж ташишга мўлжалланган ҳамда ҳайдовчи ўрнини ҳисобламаганда, ўриндиқлари сони 8 тадан кўп бўлмаган) учун – 330 минг сўм;

● микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари учун – 645 минг сўм.

Республика солиқ хизматининг маълумотларига кўра, 2016 йилда 9 553 нафар жисмоний шахслар мол-мулкни ноқонуний равишда ижарага бериши ҳоллари аниқланган. Уларга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланган. Жорий йил бошидан бери турар ва нотурар жойларни тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан ижарага бераётган яна 800 нафардан ортиқ фуқаролар аниқланган.

 

Ушбу Кодексга мувофиқ солиқ солинадиган даромадга эга бўлган жисмоний шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчилардир.

Солиқ кодексининг 167-моддаси.

 

Декларациялар топширилди. Энди нима қилмоқ керак?

Ўзбекистон Республикаси резидентлари 2016 йилдаги даромадлар тўғрисидаги декларациянинг маълумотлари асосида ҳисоблаб чиқарилган ЖШДСни жорий йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлашлари шарт.

Мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар оладиган жисмоний шахслар даромад солиғини тақдим этилган дастлабки декларация асосида ҳар ойда даромад олинган ойдан кейинги ойнинг 5-кунигача тўлайдилар.

 

Ортиқча тўлов: қайтарилсинми ёки ҳисобга олинсинми

Матбуот анжуманида солиқлар бўйича ортиқча тўлов масаласи ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, жисмоний шахслар: тўлов манбаида солиқ солинадиган даромадларга нисбатан қўлланмаган имтиёзлар; жами йиллик даромадлар тўғрисидаги декларациялар асосида солиқ солинмайдиган даромадлар суммаларини солиқ солинадиган даромадлардан чегириш йўли билан қайтариш ҳуқуқига эгаликлари таъкидланди.

Масалан, жисмоний шахс Ўзбекистон олий ўқув юртида таълим олиш учун шахсан ўзи ҳақ тўлаганда солиқ тўловчининг солиқ давридаги жами йиллик даромади доирасида амалда сарфлаган харажатлари суммасига солиқ чегирмаси берилиши мумкин.

Солиқ кодексининг 192-моддасига мувофиқ, декларация қилиниши шарт бўлмаган даромадларни олган солиқ тўловчилар доимий яшаш жойидаги солиқ органига жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни ихтиёрий равишда тақдим этиши мумкин.

Шу билан бирга, ортиқча тўланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг суммалари бўлғуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиниши ёки солиқ тўловчига унинг ёзма аризаси асосида банкдаги ҳисобварағига пул маблағларини ўтказиш орқали 30 иш куни ичида қайтарилиши керак (Солиқ кодексининг 56–58-моддалари).

 

Жавобгарликнинг муқаррарлиги

Тадбир давомида ДСҚ ходимлари солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик, шунингдек декларацияда нотўғри маълумотларни кўрсатганлик учун жарима санкциялари ҳақида эслатиб ўтдилар.

Чунончи, декларация асосида ҳисоблаб чиқарилган ЖШДСни тўлаш муддатларини бузиш тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун, тўлов куни ҳам шунга киради, 0,033% миқдорида пеня ҳисоблашга сабаб бўлади. Жисмоний шахснинг солиқ қарзи солиқ органининг даъво аризаси асосида мажбурий суд тартибида ундирилади.

Агар солиқ тўловчи даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этмаган бўлса, шунингдек олдин тақдим этилган декларацияда нотўғри маълумотлар аниқланган тақдирда, солиқ органи даромад солиғини ўзидаги мавжуд ахборот асосида энг юқори ставка бўйича ҳисоблашга ҳақли. Тўланиши лозим бўлган, ҳисобланган ЖШДС суммаси тўғрисида солиқ тўловчига 10 кунлик муддат ичида тўлов хабарномаси топширилади.

Солиқ тўловчи томонидан жами йиллик даромади тўғрисида декларация тақдим этилган тақдирда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг якуний суммаси ушбу декларация ҳисобга олинган ҳолда аниқланади. Бунда даромадлар тўғрисида декларация тақдим этишдан бўйин товлаш, уни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда атайин нотўғри маълумотларни тақдим этиш энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 174-моддаси 3-қисми).

Фуқаролик кодексининг 574 ва 603-моддалари ҳамда Уй-жой кодексининг 86-моддасига мувофиқ, фуқаролар ўртасида тузилган мол-мулкни (турар ва нотурар жойларни) ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак. Фақат жисмоний шахслар ўртасида тузилган шартномалар нотариал тасдиқланади. Агар тарафлардан бири жисмоний шахс ҳисобланмаса, ижара шартномаси ихтиёрий равишда нотариал тасдиқланиши мумкин.

Фуқаролар ўртасида турар ва нотурар жойни ижарага бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд унинг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя этмаслик ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 159-1-моддаси).

 

Саида ЖОНИЗОҚОВА,

«Norma Online» мухбири.

Прочитано: 1507 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика