Қишлоқ жойда намунавий лойиҳа бўйича қурилаётган коттежни сотиб олиш учун жисмоний шахс 2015 йилда ипотека кредити бўйича бошланғич бадални ўз маблағлари ҳисобидан тўлади. 2016 йил бошида банк кредит берди. Солиқ кодексига мувофиқ, ипотека кредитини қоплашга йўналтирилган даромадлар ЖШДС тўлашдан озод қилинади.
ЖШДС бўйича имтиёз ипотека кредити бўйича бошланғич бадал суммасига татбиқ этиладими? Агар татбиқ этилса, ЖШДСни қайта ҳисоблаш учун солиқ органларига декларацияни қайси муддатда тақдим этиш зарур? Шунга ўхшаш вазиятларда қандай меъёрий ҳужжатларга амал қилиш лозим?
О.Чурсина,
бухгалтер.
– Йўқ, сизнинг ҳолатда ЖШДСга доир имтиёз ипотека кредити бўйича бошланғич бадалга татбиқ этилмайди.
Имтиёз жисмоний шахсларнинг ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаларигагина татбиқ этилади (Солиқ кодексининг 179-моддаси 30-банди).
Қарз олувчининг қурилаётган уй-жой смета қийматининг камида 25%и миқдоридаги ўз маблағлари бошланғич бадал ҳисобланади. У қуйидагилар тарзидаги:
қарз олувчи (биргаликда қарз олувчилар)нинг ёки юридик шахс – қарз олувчи иш берувчисининг банкда қарз олувчи номига очилган омонат қўйилма ҳисобрақамига киритилган пул маблағлари тарзидаги;
тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича бажарилган қурилиш-монтаж ишлари тарзидаги;
қарз олувчи (биргаликда қарз олувчилар) томонидан ўз маблағлари ҳисобига сотиб олинган қурилиш материаллари тарзидаги ўз маблағлари бўлиши мумкин.
Ипотека кредити ЭКИҲнинг 1 000 бараваридан ва барпо этилаётган уй-жой смета қийматининг 75%идан ошмайдиган миқдорда берилади. Яъни бошланғич бадал (смета қийматининг камида 25%и) чегирилган ҳолда барпо этилаётган уй-жой смета қийматига берилади.
Шу тариқа, бошланғич бадал кредитнинг бир қисми ҳисобланмайди ва унинг суммасига ЖШДС бўйича имтиёзлар татбиқ этилмайди.
Ипотека кредити масалалари юзасидан махсус ишлаб чиқилган Тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банки томонидан имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 25.05.2009 йилдаги 148-сон қарори билан тасдиқланган) амал қилишингиз мумкин.
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,
«Norma Online» эксперти.