Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 1 / Божхона

Муҳокамада – божхона қийматини аниқлаш масалалари

 

Божхона қийматини аниқлаш божхона ишидаги энг мунозарали масалалардан бири ҳисобланади. Уни белгилаш усуллари божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри мустаҳкамлаб қўйилган бўлишига қарамай, амалиётда уни қўллаш ташқи савдо операцияси иштирокчиларида ҳам, божхона органларида ҳам кўплаб саволларни туғдиради. Айнан божхона қиймати суд низоларининг энг кенг тарқалган объектига айланиб қолмоқда.

 

Божхона қийматини белгилашнинг назарий ва амалий жиҳатларини Божхона брокерлари уюшмаси томонидан уюштирилган семинарда мазкур Уюшма иштирокчилари бўлган ташкилотлар ходимлари муҳокама қилдилар.

Унда Давлат божхона қўмитасининг вакиллари – Божхона тарифларини тартибга солиш ва тўловлар ҳисобини юритиш бош бошқармасининг бош инспектори Жавоҳир Мусаев, Божхона статистикаси ва таҳлили марказининг бош инспектори Нуриддин Ҳайитов, Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича бошқарма инспектори Нодир Доноқулов қатнашдилар. Меҳмонлар таркибида «SBS-Infosoft» компанияси (электрон декларациялаш дастури ишлаб чиқувчиси) Сергей Ким, Уюшма ҳамкорлари (ТИФ учун дастурлар ишлаб чиқувчилар) – «Gold Soft» компанияси директори Ҳусаин Иксанов ва «Бизнес логистикани ривожлантириш уюшмаси» МЧЖ Логистика бўйича маслаҳат маркази директори Нодира Муҳидова бор эди.

Давлат бюджетига божхона тўловлари суммаларининг келиб тушиши ва божхона бошқарувининг таъсирчанлиги божхона қиймати миқдорини тўғри белгилашга боғлиқдир. У нафақат божхона тўловлари ҳажмларига, балки республика ички бозоридаги импорт нархлар даражасига ҳам таъсир кўрсатади. Шунинг учун солиқ солиш базаси – товарларнинг божхона қийматининг катталигини тўғри белгилашда барча тарафлар: божхона хизмати ҳам, импортчилар ҳам, ҳатто оддий аҳоли манфаатдор бўлиши керак. Чунончи божхона баҳолашининг натижаси бизнинг истеъмолчи сифатида ҳамёнимизга ўз таъсирини кўрсатади.

Нима учун шартномавий қиймат товарнинг ҳақиқатдаги баҳосини доим ҳам акс эттиравермайди? Божхона қийматини баҳолаш усуллари қандай? Уларнинг қайси бирлари амалиётда кўпроқ қўлланилади? Баҳоларни белгилашда божхоначилар нималардан келиб чиқишади? Бу ва бошқа кўп масалалар хусусида Уюшманинг бош маслаҳатчиси Холида Усмонова гапириб берди.

Божхона кодексининг 301-моддасида айтилишича, «божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қиймати товарнинг божхона қийматини аниқлаш усулларидан бири орқали аниқланадиган ва божхона тўловларини ҳисоблаш мақсадида фойдаланиладиган товар қийматидир». Х.Усмонованинг фикрича, ушбу таъриф янада аниқроқ формулировкани талаб қилади. Хусусан, чегара – бу товар ўз мақомини ўзгартирадиган жой бўлганлиги боис, товарнинг божхона қиймати – бу ЎзР божхона чегарасини кесиб ўтгунга қадар бўлган унинг қийматидир, деган қўшимчани киритиш лозим кўринади. Яъни импорт вақтида – чет элдан ички чегарага, тегишли тарзда, экспортда – ичкаридан чет эл чегарасига. Бош маслаҳатчи шартномавий ва божхона қийматларининг фарқли жиҳатлари ҳақида гапириб берди. Масалан, шартномавий қиймат учун етказиб бериш шартлари шартлашувга биноан турлича бўлиши мумкин, божхона қиймати учун эса қатъий: импортда – CIP – божхона чегараси Ўзбекистон ва экспортда – DAF – божхона чегараси Ўзбекистон бўлади.

 

Биринчи ва олтинчи усулларни қўллашнинг ўзига хосликлари

Божхона кодекси импорт қилинадиган товарларнинг божхона қийматини белгилашнинг олти поғонали услубини назарда тутади: 1 – олиб кириладиган товарга доир битим қийматига оид; 2 – айнан бир хил товарга доир битимга оид; 3 – ўхшаш товарга доир битимга оид; 4 – қийматларни чегириб ташлаш асосидаги; 5 – қийматларни қўшиш асосидаги; 6 – захира.

Амалиётда кўпинча биринчи ва олтинчи усуллар қўлланилади, бу эса хатолар юзага келишига олиб келади. Бу, одатда, ягона баҳолаш ҳудуди мавжудлигининг муаммоси, шунингдек божхона қийматини белгилаш ва назорат қилишда ТИФ иштирокчиси билан божхона органлари ўртасидаги ўзаро тушунмовчиликлар билан боғлиқдир.

Божхона қийматини белгилашда олиб кириладиган товарга доир битим қийматига оид биринчи усул асосийси бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун баҳолашни бошлашдан аввал ушбу усулнинг қўлланилиш параметрларини белгилаб олиш керак. Унинг моҳияти – товарнинг шартномавий қийматини тан олишдан иборат. Олиб кириладиган товарга доир битим нархига киритиладиган харажатлар рўйхати БКнинг 304-моддасида белгиланган. Бу харажатлар тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш, брокерлик хизмати) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади. Ушбу моддада кўрсатилмаган харажатларни битим нархига қўшишга йўл қўйилмайди.

БК 305-моддасида битимнинг нархидан чиқариб ташланадиган тўловлар ва харажатлар келтирилган. Бунда улар божхона ҳудудига олиб кириладиган товар учун ҳақиқатда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархдан ажратиб олинган бўлиши шарт. Хусусан, бу товар божхона ҳудудига олиб кирилганидан кейин қилинадиган транспорт харажатлари; товарни олиб кириш ёки сотиш билан боғлиқ ҳолда Ўзбекистон Республикасида тўланадиган божхона тўловлари ва бошқа тўловлар, агар контракт (шартнома, келишув) шартларига кўра бу тўловлар сотувчи томонидан тўланса.

Биринчи усулни қўллаш мумкин бўлмаган тақдирда, навбати билан кейинги ҳар бир усулга ўтилаверади. Чегириб ташлаш ва қўшиш усулларини (тўртинчи ва бешинчи) исталган навбатлиликда қўллаш мумкин.

Амалиётда божхоначилар одатда захира усулни қўллашади. Декларантлар эҳтимолий тўсиқларни четлаб ўтиш мақсадида товарни чегарадан олиб ўтишда бунга рози бўлишга мажбурдирлар. Ушбу вазият божхона қийматининг асоссиз ўзгаришига олиб келади. Бунинг оқибати эса тўлов суммаларининг асоссиз равишда оширилишига олиб келади.

Захира усулни қўллаётганда божхона органи декларантга ёки божхона брокерига ўзида мавжуд бўлган нархга доир ахборотни тақдим этади. Захира усулни қўллаётганда нархни ҳужжатли тасдиқлашга бўлган талаблар бошқа усулларга нисбатан анча мослашувчан. Яъни бунда жаҳон нархлари бўйича ахборот маълумотномаларидан, ички бозор нархларидан, шунингдек воситачилик ҳақи, чегирмалар, фойда, транспорт тарифларининг умумқабул қилинган даражадаги статистик маълумотларидан фойдаланилади.

 

Бошқа усулларни қўллашдаги мураккабликлар

Х.Усмонова амалиётда бошқа усуллардан нима учун деярли фойдаланилмаслиги хусусида тўхталиб ўтди. Иккинчи ва учинчи усулларнинг моҳияти – олдин олиб кирилган товарлар қийматини айни вақтда олиб кирилаётган товарга қўллашдан иборат. Чунончи, ўзининг қўлланилиш принципи ва мазмуни бўйича ўхшаш бўлган айнан бир хил товарга доир битимга оид (иккинчи) ёки ўхшаш товарга доир битимга оид (учинчи) қиймат усуллари бундай битимлар тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборот мавжуд эмаслиги боис камдан-кам қўлланилади. Бу асос сифатида олинаётган битимларга нисбатан бир қатор талаблар қўйилиши билан боғлиқ бўлиб, ушбу талабларга мувофиқ бўлган битимлар тўғрисида ахборотни олиш қийин ва уни доим ҳам олиб бўлавермайди. Бу муаммони ҳал қилиш учун ЎзР чегарасини кесиб ўтувчи товарлар тўғрисида маълумотларни ўз ичига олувчи ягона базани ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Бу қиймат тўғрисидаги ахборот, етказиб бериш шартлари ва республика чегараси орқали товарлар ўтказилишига тааллуқли бўлган бошқа маълумотларни марказлаштирилган тарзда кузатиб боришга имкон беради. Таклиф этилаётган маълумотлар базасини бемалол ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиш мумкин.

Тўртинчи ва бешинчи усуллар бухгалтерия ҳисоби принципларига қурилган. Улар энг тўғри усуллардир. Лекин деярли қўлланилмайди! Бунга ахборотнинг йўқлиги сабаб.

Шу туфайли қийматларни чегириб ташлаш асосидаги усулни қўллаш қийин. Товарнинг ички нархидан чегириб ташлаш лозим бўлган харажатлар ҳажмини аниқлаш учун ушбу харажатларнинг республика бўйича ўртача ҳажми тўғрисидаги статистик маълумотларга эга бўлиш керак. Улар эса йўқ. Табиийки, бундай вазият божхона қийматини тўртинчи усул билан белгилаш бўйича ишни мураккаблаштиради.

Уни қўллаш учун барча манфаатдор шахслар, шу жумладан декларантлар ва божхона органи ходимлари тақдим этилаётган воситачилик, транспорт, омбор ва бошқа хизматларнинг ўртача қиймати тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборотдан фойдалана олишлари учун статистика органлари билан божхонанинг ахборотни йиғиш ва таҳлил этиш бўйича ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш лозим бўлади.

Қийматларни қўшиш асосидаги усулни қўллаш қийин бўлади, чунки баъзида хорижий ишлаб чиқарувчи декларантга товар таннархи калькуляциясини бундай ахборот кўп ҳолларда махфий тусда бўлганлиги сабабидан умуман тақдим этмайди.

Божхона қийматини белгилаш усулларини тўлиқ қўлламасликдан ташқари бошқа муаммолар ҳам мавжуд. Божхона қийматини назорат қилиш дастагининг қўлланилишини Ўзбекистонга етказиб берилаётган товарларнинг ҳақиқий божхона қиймати тўғрисидаги ахборотнинг йўқлиги ушлаб турибди. ДБҚ бундай ахборотни фақатгина ушбу товарлар олиб чиқилишини расмийлаштирувчи хориждаги ўз мижозларидан олиши мумкин.

 

Электрон декларациялашдаги баъзи чигалликлар

Экспорт божхона декларациясини тақдим этиш зарурлиги тўғрисида семинар иштирокчиларига Уюшма кузатув кенгашининг аъзоси Энвер Халилов сўзлаб берди. «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида олиб кирилаётган товарларнинг божхона расмийлаштирувида экспорт божхона юк декларацияси (ЭБЮД) ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат ва бошқа ҳужжатлар тадбиркорлик субъектлари – импортёрлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига бож тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланган ҳолда олиб кириладиган импорт қилинадиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун тақдим этилади (Рўйхат, 20.07.2015 йилдаги 197-сон ВМҚ билан тасдиқланган). Тегишинча, ЭБЮД божхона қийматини тасдиқлаш учун, уни белгилаш усули тўғри қўлланилганлигини асослаш мақсадида эмас, балки божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлардан фойдаланиш мақсадида тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини маълум қилиш ва назорат қилиш қоидаларининг (АВ томонидан 22.02.2000 йилдаги 899-сон билан рўйхатдан ўтказилган) II бўлими 5-бандида белгиланишича, божхона қиймати бўйича маълум қилинган маълумотларни тасдиқлаш учун божхона қиймати декларациясидан ташқари, декларант зарур ҳолларда бошқа мажбурий ҳужжатлар қаторида жўнатиш мамлакатининг божхона декларациясини ҳам тақдим этиши керак (агар мавжуд бўлса).

Лекин ахборот юкланаётганда Декларацияни Маълумотларга автоматлаштирилган тарзда ишлов берувчи тизим (МАИБТ) вазиятларни табақалаштирмайди, балки ЭБЮДни мажбурий тартибда тақдим этишни талаб этади.

Масалан, тўғридан-тўғри етказиб бериш мавжуд бўлмаган биринчи усулнинг электрон баён этилишида МАИБТ тизими қуйидаги мазмундаги хабарни маълум қилади: «Тўғридан-тўғри етказиб бериш шарти (15 ва 34-графалар тенг эмас) бузилганлиги сабабли биринчи усулни қўллаб бўлмайди». Экспорт декларациясисиз биринчи усул баён этилганда қуйидаги хабар пайдо бўлади: «44-графа 8-бандда «БЮД» ҳужжати кўрсатилмаганлиги сабабли биринчи усулни қўллаб бўлмайди».

Гарчанд БЮДнинг 44-графаси божхона органининг мансабдор шахси томонидан тўлдирилса-да (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 20-боби), унинг 90-банди 2-кичик бандида «Қўшимча маълумотлар/тақдим этилаётган ҳужжатлар» 44-графасида божхона кўриги далолатномаси, БЮДни расмийлаштириш, товарларнинг божхона қийматини назорат қилиш учун зарур бўлган божхона органи ихтиёрида мавжуд бўлган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши белгиланган.

Семинарда ДБҚ ва МАИБТ дастурининг ишлаб чиқувчиси – «SBS-Infosoft» компанияси раҳбарининг иштирок этиши электрон декларациялаш вақтида декларантларни чалғитувчи дастурнинг мантиқий ечимлари форматидаги техник хатоликларни муҳокама қилишга ёрдам берди.

Божхона брокерлари уюшмасининг бош эксперти Владимир Топчий божхона қийматига тааллуқли бир нечта қимматли тавсияларини берди. Хусусан, у импортчини ҳар қанча ҳурмат қилган ҳолда, токи ЭБЮД тақдим этилмас экан, унинг мавжудлигини БЮДда акс эттириш керак эмаслигини, оғзаки сўзга ишонмасдан, асл нусхани талаб қилиш, мижоз имзо ва муҳр билан тасдиқлаган шу ҳужжатдан нусха кўчириш лозимлигини ҳамкасабаларга таклиф қилди. Бу бошқа ҳужжатлар – келиб чиқиш мамлакати, мувофиқлик сертификатлари ва бошқаларга тегишли. В.Топчий божхона хизматини биринчи усулни қўллаш кераклиги бўйича ишонтира олган ўз ҳаётидаги мисоллардан келтириб ўтди.

 

Ўзаро фойдали мулоқот

Семинар якунида ДБҚ ходимлари иштирокчиларнинг саволларига жавоблар қайтаришди. Божхона тарифларини тартибга солиш ва тўловлар ҳисобини юритиш бош бошқармасининг бош инспектори Жавоҳир Мусаев имтиёзли товарни чегарадан олиб ўтаётганда юзага келадиган «ЭБЮД ўрнини босувчи ҳужжат» деганда нимани тушунмоқ керак?» деган ўта долзарб саволга ҳам жавоб берди. «Ҳар қандай мамлакатда божхона назорати мавжуд. Юклар тўғрисидаги маълумотлар акс эттириладиган ҳужжат унинг доирасида расмийлаштирилади. Масалан, импортчилар АҚШда электрон декларация қўлланилмаслигини бир неча бор таъкидлашган. Маълум бўлишича, у ерда божхона қийматини тасдиқлаш учун етарли бўлган маълумотлар кўрсатиладиган декларациянинг бошқача тури мавжуд экан. Шу ҳужжатнинг ўзи ЭБЮД ўрнини босади», дея тушунтирди бош инспектор.

Уюшма директори Арсен Айрапетьянцнинг сўзларига қараганда, ДБҚ мутахассисларининг малакали жавоблари семинар иштирокчиларига божхона қийматини белгилаш ва уни белгилаш усулларини қўллаш тартибида божхона органларининг мақсад ва вазифалари борасидаги тушунчаларини кенгайтиришга ёрдам берди.

Семинар якунлари божхона органларининг божхона қийматига доир қарорларида заиф томонларни аниқлашга имкон берди. Бу божхона органларининг божхона декларанти томонидан тақдим этилган товарлар божхона қийматини баъзида қабул қилмаслик бўйича асоссиз қарорларида; декларант томонидан танланган уни белгилаш усули хусусида норози бўлишида; товарлар божхона қийматини белгилашнинг бошқа усулига ўтиш тартиб-таомилига риоя этмасликда намоён бўлади.

Товарлар божхона қийматига доир қарорлар қабул қилиш қоидаларини батафсил тартибга солувчи ҳужжатларнинг кўплигига қарамай, айрим божхона пости инспекторлари асосланмаган қарорлар қабул қилишда давом этмоқдалар. Айни вақтда ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ҳаракат қилаётганига қарамай, декларантлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида юқори турувчи божхона органи ёки судга мурожаат қилмайдилар, сабаби бу тартиб-таомил нафақат анча-мунча вақт ва моддий йўқотишларни талаб қилади, балки улар мунтазам равишда ўзаро ҳамкорликда иш олиб борадиган божхона ходимлари билан ихтилофларга боришни исташмайди.

Божхона қийматини белгилаш ва тузатиш киритишда юзага келадиган асосий муаммо тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни жойларда бир хилда талқин қилмасликдадир. Божхона органлари тизимида ҳуқуқни қўллаш жиҳатини шакллантириш манбаси сифатида ДБҚ буйруқлари, ҳудудий божхона бошқармаларининг кўрсатмалари қўлланилади. Божхона қийматини белгилаш ва тузатиш киритиш билан боғлиқ ишларни ҳал этиш амалиётига бир хилда ёндашувни ўрнатиш мақсадида ДБҚнинг тушунтириш хатларини юбориш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Муаммоларни ҳал этишда Божхона кодексида белгиланган божхона қоидаларини турлича бузиш хатарларини олдиндан таҳлил қилиш асосидаги танлаб олиб божхона назоратидан ўтказишнинг амалиётда қўлланилиши кўмак беради деб ўйлаймиз. Бундай назорат ўрнатилган божхона тартиб-таомилларини енгиллаштириш ва уларни ўтказиш вақтини қисқартириш, шунингдек божхона қийматини нотўғри баҳолаш даражасини камайтиради.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

Меморандум имзоланди

Тадбир доирасида «Солиқ ва божхона хабарлари» молиявий-иқтисодий газетаси таҳририяти ва Божхона брокерлари уюшмаси ўртасида ҳамкорлик ва алоқалар тўғрисида меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Томонлар бир-бирларига ахборот жиҳатдан кўмак бериш, биргаликда тренинглар, маҳорат мактаблари, ташқи иқтисодий фаолият ва божхона ишига доир амалий масалалар бўйича семинарлар ўтказиш, ТИФ ва божхона қонунчилиги бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этишга келишиб олишди.

Прочитано: 2327 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика