10 йил аввал «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» фахрий унвони берилганлиги ҳақидаги ҳужжатга эга бўлган ходимни ишга қабул қилдик. Корхона хўжалик ҳисобидаги (тижорат) корхонаси ҳисобланади, ходимнинг лавозими ва функционал мажбуриятлари санъат соҳаси билан боғланмаган.
Корхона унга фахрий унвон учун устама тўлаши шартми?
Д.Хўжаева,
кадрлар хизмати раҳбари.
Фахрий унвон учун
– Фуқароларнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, транспорт, илм-фан, техника, маданият, санъат, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик, қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги, шунингдек хайрия, давлат ва бошқа фаолиятни амалга оширишдаги улкан шахсий ҳиссаларини эътироф этиш белгиси сифатида уларга фахрий унвон берилади.
Фахрий унвонлар эгаларига тўловларни тайинлаш ва тўлаш тартиби махсус Низом (ВМнинг 3.01.2008 йилдаги 2-сон қарори билан тасдиқланган) билан белгиланган.
Фахрий унвонларга сазовор бўлган шахсларга ҳар ойда 3 ЭКИҲ миқдорида устама тўланади. Бунда:
● бюджет ташкилотларида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларга – тегишли бюджетлар ҳисобидан иш ҳақи билан биргаликда;
● хўжалик ҳисобидаги хўжалик юритувчи субъектларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларга – хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз маблағлари ҳисобидан иш ҳақи билан биргаликда;
● ишламаётган пенсионерларга – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан яшаш жойидаги Жамғарма бўлимлари орқали тўланади (ишлаётган пенсионерлар фахрий унвон учун қўшимча тўловларни иш жойидан оладилар).
Шу тариқа, агар ходим фахрий унвон бериш тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этган бўлса, корхона уни ишга қабул қилгач, белгиланган тартибда ва миқдорда устама тўлаши керак.
Фахрий унвон учун устама олиш мақсадида гувоҳнома ва унинг нусхасидан ташқари қуйидагилар тақдим этилади:
ариза;
ариза берувчининг паспорти (ёки шахсини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат – ҳарбий хизматчилар учун) ва унинг нусхаси.
Устама кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилган ойдан кейинги ойнинг 1-кунидан бошлаб фақат асосий иш жойида тўланади. Фахрий унвонга эга бўлган ходим бошқа ишга ўтганда тўлов бўшаган ойдаги ишлаб берилган кунлар сонидан қатъи назар, олдинги иш жойида тўлиқ ҳажмда тўланади. Фахрий унвонлар учун янги иш жойида тўловлар тўлов амалга оширилган охирги ой тўғрисида олдинги иш жойидан маълумотнома тақдим этилгандан кейин тўланади.
Фахрий унвон учун тўлов суммасига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади (Солиқ кодексининг 172-моддасига мувофиқ, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар) ҳамда у ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинадиган объект ҳисобланади.
* * *
Корхона 1,2 туман коэффициенти тўланадиган ҳудудда узоқ муддатли контрактга биноан ишларни бажаради.
Корхона фақат ушбу ҳудудга ишлаш учун чиқадиган ходимларга ноқулай шароитдаги иш стажи учун устамаларни белгилаши мумкинми?
Р.Гусейнова.
Ноқулай шароитда ишлаганлик учун
– Корхоналар табиий-иқлим шароитлари ноқулай бўлган жойлардаги иш стажи учун қўшимча равишда устамалар тўлашлари мумкин. Бунда қонун ҳужжатларида баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудлардаги иш стажи учун устамалар тўлашнинг ҳеч қандай чекланган доиралари белгиланмаган. Табиий-иқлим шароитлари ноқулай бўлган жойлардаги иш стажи учун устамалар тўлаш шартлари муайян корхонанинг молиявий имкониятларига қараб касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб жамоа шартномасида (бошқа локал ҳужжатларда) белгиланади. Яъни корхона фақат ушбу ҳудудларга чиқадиган ходимларга табиий-иқлим шароитлари ноқулай бўлган жойлардаги иш стажи учун устамалар белгилаб, буни ўз локал ҳужжатларида мустаҳкамлашга ҳақли.
Ушбу устамалар жами даромад таркибига киради ва уларга белгиланган шкалада ЖШДС солинади, ЯИТ ва суғурта бадаллари ҳисобланади (Солиқ кодексининг 172-моддаси, 174-моддаси 1-банди, 306-моддаси).
Жавобларни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.