2017 йилда мамлакатимиз қишлоқларида 15 мингта арзон, замонавий, шинам уй-жой қурилади.
Мустақиллик арафасида ва истиқлол йилларида қишлоқ аҳолисини уй-жойли қилиш масаласи ечимида уч тараққиёт босқичи кўзга ташланади.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов фаолиятининг дастлабки кунларидан катта жасорат билан бу муаммони кун тартибига қўйди, унинг ҳаётий ечимларини кўрсатиб берди. Бунинг натижасида 1989–1990 йилларда бир ярим миллиондан кўпроқ оилага қўшимча ер ажратилгани, 700 минг оилага томорқа ерлари берилганини халқимиз бугун катта миннатдорлик билан эслайди.
2009 йилдан бу борада иккинчи ривожланиш босқичи бошланди: жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози кўплаб мамлакатларнинг белини букиб қўйган, манаман деган давлатлар ҳам қатор ижтимоий дастурлардан воз кечишга мажбур бўлган бир шароитда Ўзбекистон қишлоқларида намунавий уй-жой қуриш умуммиллий ҳаракат сифатида кенг қулоч ёзди. 2009–2016 йилларда мамлакатимиз қишлоқларида намунавий лойиҳалар асосида 69,5 мингдан зиёд уй-жой қурилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 21 октябрдаги «2017–2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарори билан бу йўналишда янги ривожланиш босқичига асос солинди. Аҳолига янада қулай имконият ва шароит яратиш мақсадида арзон, замонавий, шинам уй-жойлар қуришга киришилмоқда. 2017 йилда мамлакатимиз қишлоқ массивларида 15 мингта ана шундай турар жой барпо этилади.
Бунда қишлоқ аҳолисига энг арзон ва қулай уч типдаги уй-жойлар қурилиши таклиф этилмоқда.
Биринчи типдаги уйлар уч ёки тўрт йўлакли, хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки-уч қаватли кўп квартирали уйлардир. Иккинчи типдагилар бир қаватли икки ва уч хонали бўлиб, аҳоли зич жойлашган туманларда қурилади. Уларнинг 2 сотих ер участкасига эга ихчамгина ҳовлилари бўлади. Учинчи типдагилар 4 сотих ер участкасига эга икки қаватли, тўрт хонали уйлардир.
2016 йилда 3–5 хонали намунавий уй-жойларнинг ўртача нархлари 175–214 миллион сўмни ташкил қилган, янги лойиҳалардаги турар жойларнинг ўртача нархи 85 миллион сўмдан 170 миллион сўмгача бўлиши назарда тутилган.
Яна бир афзаллик: 2009 йилда қабул қилинган Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жойлар қуриш дастури доирасида уй қурувчининг бошланғич бадали 25 фоизни ташкил этган бўлса, энди кўп қаватли ва 2 сотихли уй-жойларнинг бошланғич бадаллари 15 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, ипотека кредитининг илк уч йили имтиёзли давр, биринчи 5 йилда йиллик фоиз ставкаси 7 фоиздир. Кейинги йилларда кредитнинг фоиз ставкаси Марказий банкнинг ҳозирги вақтдаги йиллик қайта молиялаштириш ставкаси – 9 фоиздан ортиқ бўлмайди. Ипотека кредитлари 15 йил муддатга берилади.
2022 йил 1 январгача «Қишлоқ қурилиш инвест» ва у билан шартнома тузган пудрат ташкилотлари массивларда уйлар, сув таъминоти объектлари ва автомобиль йўллари қуриш бўйича ишлар ҳажмлари учун барча солиқ ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан, субпудрат ташкилотлари ягона солиқ тўлови тўлашдан, қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи, уларни ташийдиган ташкилотлар қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни реализация қилиш ва уларни ташиш (жумладан импорт материалларни) ҳажмлари учун қўшилган қиймат солиғи, ягона солиқ тўлови ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинди.
Президентимиз қарорида 2017 йилнинг 1 январигача ҳар бир ҳудудда намуна сифатида уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилиши белгиланган. Айни пайтда мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК янги лойиҳалар бўйича биринчи ва иккинчи типдаги 546 уйда қурилиш-монтаж ишларини якунламоқда. Яъни, 546 оила кириб келаётган янги – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилини янги уйда кутиб олади.
ЎзА материали асосида.