Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 48 / Солиқ солиш

Йил якунларига кўра ихтисосликни тасдиқланг

 

ЯСТ тўловчи корхона трикотаж маҳсулот ишлаб чиқаради ва экспорт қилади. Маҳсулотнинг бир қисми ички бозорда сотилади. 2016 йил I ва II чораклари якунларига кўра уни сотишдан тушум улуши сотув умумий ҳажмида 60%дан ошди ва корхона Президентнинг 28.01.2009 йилдаги ПҚ-1050-сон қарорига мувофиқ ЯСТ тўлашдан озод қилувчи имтиёздан фойдаланди. Ишлаб чиқариш фаолиятидан ташқари корхона ўз валюта тушуми ҳисобидан сотиб олинган импорт товарларни улгуржи сотади. III чорак давомида улгуржи савдо ҳажми кескин ошди ва сотув умумий ҳажмида 85%ни ташкил этди, унинг ҳисобига 9 ой якунларига кўра савдо фаолиятидан тушум улуши сотув умумий ҳажмида 68%ни ташкил этди. Юқоридаги қарорга асосан имтиёзлар ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашаётган, сотув умумий ҳажмида ушбу товарларни ишлаб чиқаришдан тушум улуши ҳисобот даври якунлари бўйича камида 60%ни ташкил этадиган корхоналарга берилади. Солиқ кодексининг 359-моддасига мувофиқ, солиқ даври календарь йил, ҳисобот даври эса йил чораги ҳисобланади.

ПҚ-1050-сон қарорда назарда тутилган ЯСТ бўйича имтиёзлар қай тартибда қўлланилади – ҳар бир чорак учун алоҳидами ёки йил бошидан ортиб борувчи якун биланми? Агар 9 ой якунларига кўра корхона ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона деб ҳисобланмаса, I ва II чораклар якунлари бўйича илгари қўлланган солиқ имтиёзлари бекор қилинадими?

З.Раҳимов,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

– Ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, сотув умумий ҳажмида уларни ишлаб чиқаришдан тушум улуши ҳисобот даври якунлари бўйича камида 60%ни ташкил этадиган, ЯСТ тўловчи корхоналар ЯСТ тўлашдан озод қилинади (28.01.2009 йилдаги ПҚ-1050-сон қарорнинг 3-банди).

ЯСТ учун ҳисобот даври йил чораги ҳисобланиши (Солиқ кодексининг 359-моддаси), ЯСТ бўйича ҳисоб-китоблар эса ҳар чоракда ортиб борувчи якун билан тақдим этилиши (Солиқ кодексининг 360-моддаси) сабабли сотув умумий ҳажмида ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришдан тушум улуши ҳар бир ҳисобот даври – йил чораги, ярим йиллик, 9 ой, йил якунларига қараб белгиланади.

Корхонанинг ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ишлаб чиқаришга ҳақиқатда ихтисослашганлиги йил якунлари бўйича солиқ ҳисоботи билан бирга солиқ органларига тақдим этиладиган тасдиқланган шаклдаги маълумотнома-ҳисоб-китоб билан тасдиқланади (АВ томонидан 31.03.2009 йилда 1932-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 7-банди). Бу ҳам имтиёзни қўллаш имконияти йил бошидан ортиб борувчи якун билан белгиланишини тасдиқлайди.

Агар ҳисобот йили якунлари бўйича корхона тақдим этилган маълумотнома-ҳисоб-китобга асосан имтиёз бериш учун белгиланган мезонларга мос келмаса, имтиёзлар уларни ўрнатилган тартибда пеня ҳисобланган ҳолда, бюджетга тўланиши бўйича мажбуриятлар тикланиб бекор қилинади (Низомнинг 8-банди).

Шундай қилиб:

агар ҳисоб-китоб натижасида корхона йил якунларига кўра имтиёз мезонларига мувофиқ келмаслиги маълум бўлса, 9 ой якунларига кўра ЯСТни тўлаш лозим, акс ҳолда нафақат солиқни, балки пеняни ҳам тўлашингизга тўғри келади;

агар ҳисоб-китоб натижасида корхонангиз йил якунларига кўра белгиланган мезонларга мувофиқ келиши маълум бўлса, сиз бутун йиллик оборотга ЯСТ бўйича имтиёзларни қўллай оласиз. Бу ҳолда 9 ой якунлари бўйича ЯСТни тўламаслигингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ушбу имтиёзлар берилиши муносабати билан бўшайдиган маблағлар янги ишлаб чиқаришларни барпо этишга, шунингдек фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда зарур бўладиган хом ашё ва материаллар харид қилишга, киритилган инвестицияларни қоплаш, жумладан кредитларни тўлашга йўналтирилади. Ушбу маблағлар мақсадга номувофиқ фойдаланилган тақдирда, улар амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган жарима санкцияларини ҳисобга олган ҳолда тўлиқ ҳажмда бюджетга ўтказилади (ПҚ-1050-сон қарорнинг 4-банди).

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1686 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика