Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 47 / Тадқиқот

Трансферт нархлар солиқ тўлашдан қочиш дастаги бўлмасин

 

«Солиқ ва божхона хабарлари» газетасининг 2016 йилдаги 37 (1153) ва 38 (1154)-сонларида трансферт нархларнинг солиқ муаммолари ҳамда трансферт нархларни тартибга солиш бўйича халқаро тажриба ҳақида фикр юритган эдик. Навбатдаги мақоламизда мазкур масала мамлакатимиз қонунчилигида қандай тартибга солинганлиги хусусида тўхталиб ўтамиз.

 

Ўзбекистон Республикасида ўзаро алоқадор компаниялар ўртасида тузилган битимларда трансферт нархлар қўлланилишини аниқлаш ва мазкур битимлар бўйича солиқ солиш Солиқ кодекси 40-моддаси иккинчи қисми билан тартибга солинади.

Мазкур норма талабларига кўра, агар ўзаро алоқадор юридик шахслар ўз тижорат ва молиявий муносабатларида ўзаро алоқадор бўлмаган юридик шахслар ўртасида қўлланилиши мумкин бўлган нархлардан фарқ қиладиган нархларни қўлласа, солиқ солинадиган база товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш нархлари асосида ҳисоблаб чиқариладиган солиқ солиш объектини аниқлашда давлат солиқ хизмати органлари ўзаро алоқадор бўлмаган юридик шахслар ўртасида қўлланиладиган нархлардан фойдаланиши кўрсатилган.

 

Солиқ кодекси 40-моддаси ўзаро алоқадор юридик шахслар деб қуйидагиларни белгилаган:

Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар ва уларнинг чет давлатлар юридик шахслари бўлган муассислари (иштирокчилари, аъзолари);

чет давлатларнинг юридик шахслари ва уларнинг Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар бўлган муассислари (иштирокчилари, аъзолари);

муассислари (иштирокчилари, ­аъзолари) айни бир юридик ёки жисмоний шахслар бўлган Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар ва чет давлатларнинг юридик шахслари.

Юқоридаги норма талабларидан кўриниб турибдики, ўзаро алоқадор юридик шахслар, албатта, чет эл юридик шахси иштироки мавжуд бўлишини талаб қилади.

Фикримизча, трансферт нархларни тартибга солишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги фақатгина Солиқ кодекси 40-моддаси билангина чегараланиб, бу амалиётда юзага келиши мумкин бўлган бир қатор саволларга аниқ жавоб топишга имкон бермайди.

Чунончи, агар ўзаро алоқадор шахслар – Россия Федерацияси резиденти бўлган корхона ва унинг Ўзбекистон Республикасида жойлашган шуъба корхонаси ўртасида трансферт нархлар, яъни бозор нархидан бошқача нарх қўллаган бўлса, солиқ солинадиган база қандай аниқланади? Юқорида таъкидланган норма талабларига асосан давлат солиқ хизмати органлари мазкур ҳолатларда солиқ солиш базасини қандай аниқлайдилар? Мазкур нархлардан фойдаланиш қандай усулларга асосан амалга оширилади?

 

Ўзаро алоқадор юридик шахслар ўртасида тузилган битимларда трансферт нархларни қўллаган ҳолларда солиқларни ҳисоблаб чиқишнинг аниқ механизми белгилаб қўйилмаганлиги сабабли бу саволларга солиқ қонунчилигимиз тўла жавоб бера олмайди.

Аввалги мақолаларимизда ўзаро алоқадор шахслар ўртасидаги битимларда бозор нархидан бошқача нархлар қўлланилишини аниқлашнинг жаҳон амалиётидаги бир неча усулларини кўриб чиққан эдик.

Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилигида ўзаро алоқадор юридик шахслар ўртасида трансферт нархлар натижасида солиқ солиш базасини аниқлаш ва солиқ суммасига тузатишлар киритиш бўйича давлат солиқ хизмати органлари томонидан қўлланиладиган усуллар қонунчилигимизда аниқ белгилаб қўйилмаганлиги давлат солиқ хизмати органлари томонидан трансферт нархларни назорат қилишни қийинлаштиради, ва, ўз навбатида, Солиқ кодекси 40-моддаси иккинчи қисми декларатив характердаги норма бўлиб қолади.

Солиқ кодекси 4-моддасига асосан агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида маҳаллий солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилиши белгиланган. Агар трансферт нархлар бўйича муаммо Ўзбекистон Республикаси билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш бўйича шартнома тузилган давлат резидентлари билан боғлиқ бўлса, трансферт нархлар бўйича халқаро шартнома шартлари қўлланилиши мумкин бўлади. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси ҳукуматлари ўртасида 1994 йил 2 мартда тузилган Даромад ва капиталга иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш бўйича битимнинг 9-моддасида «...агар корхоналар ўзаро алоқадор корхоналар ҳисобланишса ва корхоналар ўртасидаги тижорат ва молиявий муносабатларда мустақил корхоналар ўртасида бўладиган муносабатлардан фарқли ҳолатлар вужудга келса ёки ўрнатилса, ушбу корхоналардан бирига ҳисобланиши мумкин бўлган, аммо мазкур ҳолатлар туфайли ҳисобланмаган даромад мазкур корхона даромадига киритилиши ва тегишлича солиқ солиниши мумкин» деб белгиланган.

Аммо юқоридаги битимда ҳам ўзаро алоқадор корхоналар ўртасида трансферт нархлар қўлланилганда даромад қандай ҳисобланиши ҳамда солиқ солиниши тартиби назарда тутилмаган. Демак, агар халқаро битим тарафлари бўлган давлат резидентлари ўртасидаги муносабатларда трансферт нархлар қўлланиладиган бўлса, даромадни ҳисоблаш ва уларга солиқ солиш мазкур давлатлардан бирининг қонунчилиги асосида амалга оширилиши керак. Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилигида мазкур механизм белгиланмаганлиги Ўзбекистон Республикаси билан тузилган иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш бўйича шартномалардан келиб чиқадиган ана шундай ҳолатларни тартибга солишга имкон бермайди.

2013 йилда ИҲТТ ўзининг Солиқ базасини камайтириш ва фойдани солиқ солишдан олиб чиқиб кетишга қарши курашиш чора тадбирлари режаси (Action Plan on Base Erosion and Profit Shifting (BEPS)ни ишлаб чиққан. ИҲТТ BEPS чора-тадбирлари режаси бўйича аниқланган муаммоларга қарши курашишнинг 15 та асосий йўналишлари тасдиқланган ва мазкур ҳужжатда ҳам трансферт нархлар муаммоси таъкидлаб ўтилган бўлиб, хусусан, солиқ базасини камайтириш ва фойдани олинган мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетиш ҳолатларини аниқлаш ва уларга қарши курашиш бўйича тавсиялар берилган1. Яъни халқаро миқёсда мазкур ҳолат билан курашишга тавсиялар ишлаб чиқилган.

 

Ўзаро алоқадор шахслар томонидан трансферт нархларни қўллаган ҳолда солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, фикримизча, «Трансферт нархларни назорат қилиш тўғрисида» алоҳида қонун ёки Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига тегишли қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқдир.

Ушбу қўшимчаларда ўзаро алоқадор шахслар ўртасида тузиладиган битимларда бозор нархларидан ўзгача нархлар қўлланилган ҳолларда солиқларни ҳисоблаб чиқиш усуллари ўз аксини топиши зарур. Солиқ қонунчилигини бундай такомиллаштириш давлат солиқ хизмати органларига трансферт нархлар орқали солиқдан бўйин товлаш ҳолатларини назорат қилиш имконини яратади.

 

Умуман олганда, иқтисодий ривожланган давлатлар томонидан анча йиллардан буён қўлланиб келинаётган ва халқаро солиқ солишда солиқ тўлашдан бўйин товлашга қарши курашишнинг асосий механизмларидан бўлган «трансферт нархлашга қарши курашиш қоидалари»ни амалиётга жорий этиш Ўзбекистон Республикасида норезидент юридик шахслар иштирокида солиқ тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олишда ҳамда бунинг натижасида Ўзбекистон Республикаси бюджетининг эҳтимолий йўқотишларини бартараф этишда муҳим роль ўйнайди.

 

Ихтиёржон ТЎРАБОЕВ,

Тошкент давлат юридик университети

«Молия, банк ва солиқ ҳуқуқи» кафедраси ўқитувчиси.

 


1Action 8-10, OECD (2013), Action Plan on Base Erosion and Profit Shifting, OECD Publishing.

Прочитано: 2397 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2017-03-31 14:05:15, Гость_:
Maqola haqiqatdan ham zo`r chiqibdi. Ham amaliyotda ham ilmiy ishlarda asqotadi. Ustozlarga rahmat

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика