Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 47 / Амалий бухгалтерия

Кўчиб юриш билан боғлиқ иш

 

Компаниямиз (ХХТУТ бўйича коди – 51121) шаҳарлараро ва халқаро юк ташиш билан шуғулланади. Ички тартиб қоидаларига кўра корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган (шанба ва якшанба – дам олиш кунлари). Автохўжалик Тошкентда жойлашган бўлиб, республиканинг бошқа шаҳар ва вилоят марказларига юк ташийди.

1. Автохўжаликда қандай меҳнатга ҳақ тўлаш тизими қабул қилинган бўлиши керак?

2. Агар юк ташиш дам олиш кунига тўғри келса, якшанба куни ҳайдовчи учун иш куни деб ҳисобланадими? Агар ҳайдовчи бу кун ишлаган бўлса, якшанба кунини табелда қандай акс эттириш керак?

3. Шаҳарлараро ташишда ҳайдовчининг бевосита мажбуриятларини бажариш мақсадида бошқа шаҳарга бориши хизмат сафари деб ҳисобланадими? Бунда ҳайдовчи учун йўл варақасидан ташқари хизмат сафари гувоҳномасини расмийлаштириш зарурми?

4. Агар ҳайдовчилар автомобиль кабинасида тунасалар, уларнинг яшаш учун харажатларини тўлаш зарурми? Агар турар жой ижарага олинганини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, бухгалтерия бундай тўловларни қандай ёпиши лозим?

И.Ли,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

1

Меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари ва тизимлари жамоа шартномалари, шунингдек иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси ёхуд ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қиладиган ўзга локал ҳужжатлар билан белгиланади. Бунда улар меҳнат тўғрисидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган кафолатларга асосланиши лозим.

Амалиётда меҳнатга ҳақ тўлаш тизими одатда локал ҳужжатлар билан белгиланади, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори эса штат жадвалида ёки меҳнат шартномасида қайд этилади.

Автокорхоналар ҳайдовчилари учун вақтбай меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини белгилаган мақсадга мувофиқ. Вақтбай меҳнатга ҳақ тўлаганда ҳайдовчининг иш ҳақи у амалда ишлаган вақт ва тариф ставкасидан келиб чиқиб белгиланади. Ҳайдовчининг иш ҳақи ҳисобга олиш даврида ишлаган иш соатлари ёки кунларига боғлиқ бўлади.

Ҳайдовчилар учун ишбай меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини қўллаб бўлмайди, чунки унда амалда бажарилган ишлар ёки тайёрланган маҳсулотдан, яъни ишлаб чиқаришдан келиб чиқиб иш ҳақини ҳисоблаш назарда тутилади. Ишлаб чиқариш ходим вақт бирлигида ишлаб чиқарган маҳсулот сони ёки маҳсулот бирлигини ишлаб чиқаришга сарфланган вақт миқдори билан ўлчаниши мумкин.

Ҳайдовчи учун муайян ишлаб чиқариш меъёрини белгилаш қийин кечади, чунки юк ташишда ташилаётган юкнинг мавжудлиги, унинг миқдори, ташиладиган масофа асосан буюртмачига боғлиқ бўлади.

 

2

Корхонадаги иш вақти режимини мустақил равишда ички меҳнат тартиби қоидаларида, бошқа локал ҳужжатларда, улар мавжуд бўлмаганда эса – ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгилайдилар.

Иш режими умумий қоидалардан фарқланадиган ходимлар учун у тарафларнинг келишувига кўра белгиланиши мумкин.

Сизнинг ҳолатда 5 кунлик иш ҳафтасига мувофиқ келмайдиган иш режимида ишловчи ҳайдовчилар учун иш вақтини жамлаб ҳисобга олган ҳолда мослашувчан график бўйича дам олиш кунлари бериладиган иш ҳафтасини ташкиллаштириш мумкин.

Иш вақтини жамлаб ҳисобга олишда суткадаги ва ҳафта мобайнидаги иш вақти давомийлиги ўзгаришига йўл қўйилади. Ходим ҳафтанинг айрим кунларида кўп ишлаши бошқаларида ишламаслиги билан қопланиши мумкин. Бунда ҳисобга олиш даврида ҳар бир ходим иш вақтининг муддати ҳафтасига 40 соатдан (МКнинг 115-моддаси), кундалик иш вақтининг (сменанинг) муддати эса – 12 соатдан ортиб кетмаслиги лозим (МКнинг 123-моддаси). Ҳисобга олиш даврида ортиқча ишланган соатлар (ҳафтасига 40 соатдан ортиқ) учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади (МКнинг 157-моддаси).

Иш вақтини ҳисобга олишнинг бундай тизимида шанба ва якшанба кунлари ишга жалб этиладиган ҳайдовчиларга ҳафтанинг бошқа исталган кунида дам олиш куни берилиши мумкин.

Иш вақти ҳисобини Т-12 ёки Т-13 табелларининг намунали шаклларида юритиш мумкин. Иш вақти ҳисоби табелида иш куни давомида амалда ишланган соатлар кўрсатилади.

 

МИСОЛ. Автокорхонада 5 кунлик иш ҳафтаси қабул қилинган. Айрим ҳайдовчилар учун ҳафталик иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш белгиланган. Ҳайдовчи шанба ва якшанба кунлари юк ташишга жалб этилиб, шу кунларда 10 соатдан ишлаб берди.

Бу ҳолда иш берувчи ҳафтанинг бошқа кунларида, масалан, душанба ва сешанба кунларида ҳайдовчига дам олиш куни бериши керак. Бундан ташқари, ҳайдовчи шанба ва якшанба кунлари ортиқча ишлаган соатлар (8 соатдан ортиқ) учун иш ҳафтаси давомийлиги 40 соатдан ошмаслигини кўзлаб қисқартирилган иш кунлари, масалан, чоршанба ва пайшанба кунлари – 6 соатдан берилиши керак. Акс ҳолда ортиқча ишланган соатларга икки ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш зарур.

Бу ҳолда вақтни ҳисобга олиш табелини қуйидаги тартибда тўлдириш мумкин:

 

Тартиб рақами

 

Ф.И.Ш., касби (лавозими)

 

Табель рақами

 

Ой кунларида ишга келганлиги ва келмаганлиги ҳақида белгилар

 

1 шн

 

2 як

 

3 дш

 

4 сш

 

5 чш

 

6 пш

 

7 жм

 

8 шн

 

9 як

 

...

 

1

 

2

 

3

 

 

1

 

Аҳмедов М.М.

(ҳайдовчи)

...

 

10

 

10

 

д

 

д

 

6

 

6

 

8

 

д

 

д

 

...

 

 

3

Доимий иши йўлда ёки кўчиб юриш билан боғлиқ бўлган ёхуд доимий ҳаракатланувчи тусга эга бўлган ишчиларнинг хизмат юзасидан бориб келишлари хизмат сафари ҳисобланмайди (АВ томонидан 29.08.2003 йилда 1268-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 1-банди 3-хатбошиси).

Шу сабабли ҳайдовчининг бошқа шаҳарга юк ташиш бўйича хизмат мажбуриятларини бажариш доирасидаги оддий сафари хизмат сафари деб ҳисобланмайди. Тегишинча, ҳайдовчи учун хизмат сафари гувоҳномасини расмийлаштиришга зарурат йўқ.

 

4

Кўчиб юриш билан боғлиқ ишларда доимий турар жойидан бошқа жойда яшаш, шу жумладан уй-жой ижараси билан боғлиқ харажатлар тўланиши лозим (МКнинг 171-моддаси).

Кўчиб юриш билан боғлиқ ишдаги сафарларда ходим бориш йўлида бир суткадан ортиқ тўхташга мажбур бўлганда турар жойни (меҳмонхона, кемпинг ва б.) ижарага олиш харажатлари тасдиқловчи ҳужжатлар бўлганда амалдаги харажатларга қараб қопланади.

Турар жой ижарага олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаганда харажатлар Йўриқномада (Меҳнат вазирлигининг 17.11.1992 йилдаги ­11/30-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 15-банди) назарда тутилган тартибда қопланади.

Иш берувчи, ҳайдовчи автомобилда тунаган бўлса ҳам, унинг турар жойни ижарага олиш харажатларини тўлаши (қоплаши) шарт. Бу ҳолда тасдиқловчи ҳужжатларсиз турар жойни ижарага олиш харажатлари ҳар бир суткага тўлов кунида белгиланган ЭКИҲнинг 2%и миқдорида қопланади (Йўриқноманинг 12-банди 3-хатбошиси).

Бухгалтерия ҳисобида устамалар суммаси меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари таркибида ҳисобга олинади (Солиқ кодексининг 143-моддаси 6-банди «д» кичик банди).

Белгиланган меъёрлар доирасида тўланган компенсацияларга (устамаларга) ходимнинг даромади сифатида қаралмайди ва уларга солиқ солинмайди (Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми 8-банди).

Устамалар тўланадиган ходимларнинг касблари, лавозимлари ва тоифалари рўйхатлари ҳамда уларнинг миқдорлари жамоа шартномаси билан белгиланади.

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2067 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика