Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 47 / Солиқ солиш

Автосервис ва ЯСТ

 

Биз автомобилларни таъмирлаш хизматларини кўрсатувчи корхона – автосервис очдик. 5 нафар ходим ишлайди. Бу биз учун янги йўналиш.

Автосервис қайси фаолият турига киради? Бу ҳолда ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база нима ҳисобланади, солиқ қандай ставкада тўланади?

Б.Каримов,

МЧЖ бухгалтери.

 

– Сизнинг фаолият турингиз автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш хизматларига киради. Автотранспорт воситаларини таъмирлаш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичига (ИФТУТ, 2-таҳрири) кўра 45.20-«Моторли транспорт воситаларини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш» синфига киради.

Бу синф қуйидагиларни ўз ичига олади:

● моторли транспорт воситаларини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш:

механик таъмирлаш ишлари;

электротехник таъмирлаш ишлари;

ёқилғини электрон пуркаш тизимларини таъмирлаш;

мунтазам кўздан кечириш ва жорий таъмирлаш;

кузовни таъмирлаш;

транспорт воситалари учун эҳтиёт қисмларни таъмирлаш;

ювиш, сайқаллаш ва ҳ.к.;

пуркаш ва бўяш;

олд ойналар ва ойналарни таъмирлаш;

транспорт воситалари ўриндиқларини таъмирлаш;

шина ва камераларни таъмирлаш, уларни ўрнатиш ёки алмаштириш;

занглашга қарши ишлов бериш;

шатакка олиш;

ишлаб чиқариш жараёнининг бир қисми ҳисобланмайдиган эҳтиёт қисмлар ва анжомларни ўрнатиш.

Солиқ кодексининг 355-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган ялпи тушум ЯСТ тўловчилар учун солиқ солинадиган база ҳисобланади. Солиқ солиш мақсадида транспорт воситаларини таъмирлаш хизматлари бўйича ялпи тушум таркибига хизматларни реализация қилишдан тушум киритилади.

Тушум ишлар бажарилгани, хизматлар кўрсатилгани далилини тасдиқловчи ҳужжатлар: ҳисобварақ-фактура, ишлар бажарилганлиги ёки хизматлар кўрсатилганлиги ҳақидаги далолатнома, квитанция, чек, бошқа ҳужжатлар билан расмийлаштирилади. Масалан, агар сиз шартномага асосан юридик шахснинг автотранспортини таъмирлаган бўлсангиз, ҳисобварақ-фактура ва хизматлар кўрсатилганлиги ҳақидаги далолатнома тушумни тасдиқловчи ҳужжатлар бўлади.

Далолатномада хизматлар номи, уларнинг умумий қиймати, фойдаланилган эҳтиёт қисмлар (сарфлаш материаллари) рўйхати уларнинг номи ва миқдорини кўрсатган ҳолда қайд этилади. Бунда уларнинг қийматини кўрсатмаслик мумкин, чунки сиз буюртмачига ушбу эҳтиёт қисмларни сотмайсиз, балки комплекс хизмат кўрсатасиз, унинг умумий қиймати томонларнинг келишувига кўра белгиланади. Фойдаланилган эҳтиёт қисмлар, сарфлаш материаллари қиймати ушбу ишлар таннархига киритилади.

Агар таъмирлаш ишлари ҳақини жисмоний шахс банк пластик картаси воситасида ёки нақд пул билан тўлаган бўлса, терминал ёки НКМ чеки реализация қилганликни тасдиқловчи ҳужжат бўлади.

Агар транспорт воситаларини таъмирлаш хизматларига қўшимча равишда таъмирлашга сарфланганидан ортиқча автомобиль эҳтиёт қисмларини сотсангиз, бу сотиш савдо (улгуржи ёки чакана) ҳисобланади, уни Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги ­407-сон қарори билан тасдиқланган) ҳамда Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига (ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон қарорига 1-илова) мувофиқ юритишингиз зарур.

Улгуржи савдо фақат тузилган шартномалар асосида ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб шаклида амалга оширилиши мумкин. Бу фаолиятнинг лицензияланадиган туридир (ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Низом).

Чакана савдода аҳолига товарларни пировард истеъмол учун тижорат мақсадида фойдаланиш ҳуқуқисиз доналаб ёки кам миқдорда сотиш назарда тутилади.

Эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар сотилганда товар обороти – муайян давр ичида савдо фаолиятини амалга ошириш чоғида товарларни сотишдан олинган (олиниши лозим бўлган), пулда ифодаланган маблағлар ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база ҳисобланади (Солиқ кодексининг 22-моддаси).

Бир нечта фаолият тури мавжуд бўлганда сиз алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишингиз (Солиқ кодексининг 353-моддаси) ва ЯСТни фаолиятнинг ҳар бир тури учун назарда тутилган ставкаларда тўлашингиз шарт. Автотранспортга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашдан тушум, улгуржи савдога 5%лик ставкада ЯСТ солинади. Чакана савдодан тушум – турғун савдо шохобчаси жойлашган жойга қараб – 4%, 2% ёки 1% (22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон қарорга 10-1, 10-2-иловалар).

 

Замира ЖЎРАЕВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1929 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика