Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 47 / 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни

Божхона тизими: ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор

 

Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасидан.

 

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди. Бу борада самарали ҳуқуқий база яратилди. Хусусан, Конституциямиз нормаларида мамлакатимиз тарихида илк бор инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ҳамда қадр-қиммати энг олий қадрият эканлиги белгиланди.

 

Ҳуқуқий база такомиллашмоқда

Ўз навбатида, фуқароларимиз онг-тафаккурида юз бераётган ўзгаришлар ва бугунги кундалик ҳаётимизда рўй бераётган янгиланишлар тақозосига кўра миллий қонунчилигимиз ҳам замон талабларидан келиб чиқиб такомиллашиб бормоқда. Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни (3.12.2014 йилдаги ЎРҚ-378-сон) ҳақида ҳам шу фикрларни айтса бўлади.

Қонун билан тобора ривожланиб бораётган фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ҳуқуқий бўшлиқ тўлдирилди. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг ортиқча харажатларсиз давлат идоралари қабулига бормасдан, уйдан ёки ишхонадан туриб интернет орқали электрон шаклда юборадиган мурожаатлари ёзма ва оғзаки мурожаатларга тенглаштирилди. Яъни электрон мурожаатларни кўриб чиқиш механизми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этишдаги масъулияти оширилди.

Ушбу Қонун ва Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низом (ВМнинг 31.03.2015 йилдаги 73-сон қарори билан тасдиқланган) талабларидан келиб чиқиб, Давлат божхона қўмитасининг Божхона органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги низоми кучга кирди. Унда божхона органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳар ва туманлари ҳокимларининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини сўзсиз бажариш юзасидан жавобгарлиги тўғрисида» қарори (27.10.2016 йилдаги 366-сон) бу йўналишда олиб борилаётган чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқди. Қарорда ЎРҚ-378-сон Қонун талабларини сўзсиз ва ўз вақтида бажариш вазирлик ва идораларнинг асосий вазифаларидан бири эканлиги алоҳида қайд этилган.

Қарор талабларидан келиб чиқиб, Давлат божхона қўмитаси ва ҳудудий божхона бошқармалари раҳбарияти томонидан аҳоли ва тадбиркорлар учун кунлик соат 8 дан 17 гача шахсий қабуллар ташкил қилинмоқда. Келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ва тезкорлик билан кўриб чиқиш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг customs.uz сайтидаги «Савол йўллаш» хизмати негизида «Виртуал қабулхона» ташкил қилинди. Тез-тез йўлланадиган долзарб саволлар ва уларга жавоблар веб-сайтнинг «Сўраган эдингиз!» рукни орқали эълон қилинмоқда.

 

Сайтга киринг, савол йўлланг, жавоб олинг

Сайтга Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти томонидан жисмоний ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш, республикамиз бўйлаб ­сайёр қабул қилиш жадваллари, мурожаатларнинг шакллари ва уларни кўриб чиқиш тартиби, давлат божхона хизмати органлари фаолиятига доир маълумотларни олиш бўйича сўровларни кўриб чиқиш регламенти, кўриб чиқилган мурожаатлар бўйича статистик маълумотлар жойлаштирилган.

Веб-сайтда божхона органларининг республика (120-76-33) ва вилоятлар миқёсида фаолият олиб бораётган барча ишонч телефонлари, тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари учун жорий қилинган ишонч телефони (120-76-27) рақамлари ҳам алоҳида саҳифада жойлаштирилган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Давлат божхона қўмитасининг ишонч телефонларига 44 та мурожаат келиб тушган.

Жойларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ишлашни тубдан қайта кўриб чиқиш ва уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш, аҳоли билан ишлаш маданиятини ошириш мақсадида ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган жадвал асосида ДБҚ раҳбариятининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жисмоний ва юридик шахсларни сайёр қабул қилиш, уларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш ҳамда мавжуд муаммоларни ечиш бўйича учрашувлар ташкил этилмоқда.

2016 йилнинг ўтган 10 ойи давомида ДБҚ раҳбарияти томонидан жами 115 маротаба жисмоний шахслар ёки юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилиниб, кўтарилган масалалари ижобий ҳал этилган.

Бундан ташқари, ДБҚ марказий аппарати ҳамда ҳудудий бошқармаларида асосий эътибор жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, қонуний ҳал этиш, уларга асосланган жавобларни юбориш, шу билан бирга чуқур таҳлил қилиш, ариза ва шикоятларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш (айниқса такрорий мурожаатларни), уларнинг олдини олиш ва келгусида такрорланмаслигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда.

 

Рақамлар тилга кирганда

Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида ДБҚга жисмоний ва юридик шахслардан жами 958 та (жисмоний шахслар – 490 та, юридик шахслар – 468 та) мурожаатлар келган. Шундан 412 таси ёки 42,9% Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали келиб тушган.

Мурожаатларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича 85 та, ишдан (ўқишдан) ноқонуний бўшатилганлиги ва ишга (ўқишга) тиклаш тўғрисида 149 та, божхона назоратини ўтказиш ва расмийлаштириш тўғрисида 485 та, божхона тўловларидан озод қилиш ва имтиёзлар тўғрисида 91 та, мусодара этилган товар-моддий бойликлар ёки жарималарни қайтариш тўғрисида 31 та ва 118 та бошқа масалаларга доир мурожаатлар келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси орқали жорий йилнинг 10 ноябрига қадар жисмоний ва юридик шахслардан божхона органларига 241 та (жисмоний шахслардан – 204 та, юридик шахслардан – 37 та) мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг 92 таси божхона органларида ишга ёки ўқишга тиклаш масалаларини қамраб олган бўлса, божхона назорати ва расмийлаштируви, божхона имтиёзларини қўллашга доир мурожаатлар 63 тани ташкил қилган. Мурожаатларнинг 43 таси эса мусодара этилган товар-моддий бойликлар ёки жарималарни қайтариш тўғрисида, 27 таси божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича, 16 таси турли масалаларга оиддир.

ДБҚда қайд этилган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатадики, аксарият ҳолларда жисмоний ва юридик шахсларни божхона расмийлаштируви ҳамда имтиёзлар билан боғлиқ масалалар қизиқтиради. Жумладан, сўнгги 10 ой давомида келиб тушган мурожаатларнинг 576 таси ёки жами мурожаатларнинг 60 фоизи айнан божхона расмийлаштируви ёхуд божхона тўловларига имтиёзлар қўллаш масалаларига доирдир.

 

Мурожаат натижа берди

Давлат божхона қўмитасига ёзма равишда мурожаат қилган «Sonora» компанияси раҳбари Н.Йонасснинг мурожаати ижобий ҳал қилиниб, унга тегишли товарларни расмийлаштириш чоғида ортиқча тўланган 512 минг сўмдан ортиқ божхона тўловлари қисқа фурсатда қайтариб берилди.

Фуқаро Р.Феттаев веб-сайт орқали йўллаган ўз мурожаатида у фаолият юритаётган «Асака Коттон Импекс» МЧЖ хорижий давлатдаги ҳамкори билан товарларни экспорт қилиш бўйича экспорт шартномасини имзолаганини маълум қилган. Шартнома имзоланиб, «Ангрен» ТИФ божхона постида ҳисобга қўйилади. Шу орада хорижий шерикларнинг банк реквизитлари ўзгаргани боис томонлар шартномага қўшимча келишувни имзолашади. Аммо мазкур келишув аввалги реквизитлар асосида ҳисобга қўйилгани боис тадбиркорнинг товари хорижга чиқмай туриб қолади.

Мазкур мурожаат зудлик билан ўрганиб чиқилиб, Ташқи савдо операцияларининг ягона ахборот тизимидаги маълумотларга тегишли тузатишлар киритилди. Натижада тадбиркор мурожаат қилинган куннинг ўзидаёқ юкларини хорижга экспорт қилишга муваффақ бўлди.

Навоийдан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат йўллаган «Навоий пряжа» ишлаб чиқариш савдо фирмаси директори В.Жукова жун ва сунъий толани қайта ишлаш учун 350 минг АҚШ доллари қийматидаги янги замонавий технологик асбоб-ускуналарни олиб кирмоқчи эканлигини маълум қилади ва мазкур товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширишда амалий ёрдам сўрайди.

В.Жукованинг мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилиб, «Навоий» ТИФ божхона пости томонидан мазкур ташкилотга тегишли юкларнинг божхона расмийлаштируви қисқа фурсатда амалга оширилди. Энг муҳими, мазкур жараёнларда унга божхона тўловларидан 213 млн сўмдан ортиқ миқдорда божхона имтиёзлари қўлланилди.

 

Бир сўз билан айтганда, ҳар бир мурожаатнинг замирида шахсни ўйлантираётган муаммолар, тадбиркорлар фаолиятида ҳал этилиши лозим бўлган турли масалалар мужассам. Уларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши эса аҳолининг давлат идораларига нисбатан ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Ҳусен ТАНГРИЕВ,

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати  катта инспектори.

Прочитано: 2110 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика