Norma.uz
Норма маслахатчи / 2016 йил / № 46 / Хўжалик юритиш қоидалари

МЧЖдан чиқиш: иштирокчига тўловлар

 

«Улуш учун товон пули: тўлаш имконияти» материалида («Норма маслаҳатчи»нинг 18.10.2016 йилдаги 41-сони) иштирокчининг МЧЖдан чиқиши ва унга устав фондидаги (бундан кейин – УФ) улушининг ҳақиқий қийматини тўлаш имкони бор-йўқлиги билан боғлиқ бир нечта мисол келтирилган эди. Биз ушбу материални тўлдиришга қарор қилдик.

Кўпчилик учун МЧЖдан чиқиш осон ишдек туюлиши мумкин. Бироқ МЧЖдан чиқиш натижасида кўплаб саволлар юзага келади, масалан: чиқиб кетган иштирокчи улушининг ҳақиқий қиймати (бундан кейин – УҲҚ) қандай белгиланади; агар у УФга ҳиссасини тўлиқ киритмаган бўлса, қандай чора кўриш лозим; жамиятга ўтиб бўлган улушини нима қилиш керак ва бошқалар. Барчасини бирин-кетин кўриб чиқамиз.

Иштирокчининг МЧЖдан чиқишидаги ҳуқуқий масалаларни биринчи навбатда «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун (бундан кейин – Қонун) ёрдамида ҳал этиш зарур.

 

Бошланиш нуқтаси

МЧЖдан доим чиқиш мумкинми? Қайси пайтдан бошлаб иштирокчи МЧЖдан чиққан деб ҳисобланади? МЧЖ иштирокчиси бошқа иштирокчиларнинг розилигидан қатъи назар исталган вақтда ундан чиқишга ҳақли (Қонуннинг 8-моддаси 1-қисми 6-хатбошиси). Айни пайтда МЧЖдан барча иштирокчилар ёки ягона иштирокчининг чиқишига йўл қўйилмайди, сабаби бундай ташкилотда лоақал битта иштирокчи бўлиши шарт.

Чиқиб кетган иштирокчи улушининг МЧЖга ўтиш пайтини аниқлаштириш муҳим, чунки жамият тўлаши шарт бўлган бундай шахснинг УҲҚ чиқиш санасидан олдинги охирги ҳисобот даври учун унинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланади.

Қонунда (22-моддаси 5-қисми) айтилишича, чиқиб кетган иштирокчининг улуши МЧЖга ўтади. «Айни қайси пайтдан бошлаб?» деган савол туғилади. Улуш (унинг бир қисми):

иштирокчи у жамият томонидан олиниши тўғрисида талабнома тақдим этган;

ҳиссани қўшиш муддати ўтган ёхуд товон берилган;

иштирокчини жамиятдан чиқариш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга кирган;

исталган иштирокчи улушнинг жамият иштирокчиси бўлган жисмоний шахсларнинг меросхўрларига (юридик шахсларнинг ҳуқуқий ворисларига) ўтишига ёхуд унинг жамият иштирокчиси бўлган тугатилган юридик шахснинг иштирокчилари ўртасида тақсимланишига розилик беришни рад этган;

иштирокчи улушининг (улуши бир қисмининг) ҳақиқий қиймати унинг кредиторлари талабига биноан жамият томонидан тўланган пайтдан эътиборан МЧЖга ўтади (Қонуннинг 22-моддаси 8-қисми).

Кўриб турганимиздек, чиқиб кетган иштирокчи улушининг МЧЖга ўтиш пайти Қонунда кўрсатилмаган. Иштирокчи у жамият томонидан олиниши тўғрисида талабнома тақдим этиши пайти Қонуннинг 22-моддаси 2-қисмидаги қоидалар билан боғлиқ бўлса керак, унда бошқа иштирокчилар ёки учинчи шахслар орасида харидорлар бўлмаганда иштирокчининг улушидан жамият фойдасига воз кечилиши ҳақида сўз боради. 

Фикримизча, чиқиб кетган иштирокчининг улуши ушбу иштирокчи МЧЖдан чиқиш ҳақида арз қилган пайтдан бошлаб унга ўтган деб ҳисобланиши керак. Бироқ ушбу масалада юзага келиши мумкин бўлган низоларни бартараф этиш учун Қонуннинг 22-моддаси 8-қисмига тегишли қўшимча киритиш зарур деб ўйлаймиз.

 

Жамиятнинг мажбуриятлари

МЧЖнинг чиқиб кетган иштирокчи олдида қандай мажбуриятлари бор? Шундай қилиб, чиқиб кетган иштирокчи улуши МЧЖга ўтади. Ўз навбатида МЧЖ бундай иштирокчига улушининг ҳақиқий қийматини тўлаши шарт. Агар УФга улуш тўлиқ киритилмаган бўлса, улушнинг тўланган қисми қийматини тўлаши лозим.

Эслатиб ўтамиз, МЧЖ УҲҚни фақат жамият соф активларининг қиймати билан УФ миқдори ўртасидаги фарқ ҳисобидан тўлашга ҳақли ва мажбурдир (Қонуннинг 22-моддаси 10-қисми). 

 

Улушни асли ҳолида бериш

Чиқиб кетган иштирокчига худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериш УҲҚни тўлашнинг муқобил усули ҳисобланади. Буни чиқиб кетган иштирокчининг розилиги билан амалга ошириш мумкин (Қонуннинг 22-моддаси 5-қисми). Бунда иштирокчи у УФга улуш сифатида киритган ўша мол-мулк бўлишини талаб қилишга ҳақли эмас (агар улуш мол-мулк билан тўланган бўлса) (ОХС Пленумининг 20.06.2014 йилдаги 262-сон қарори 22-банди 2-хатбошиси). Иштирокчи МЧЖдан чиқиб кетган тақдирда у томонидан жамиятнинг УФга ҳисса тариқасида фойдаланиш учун берилган мол-мулк, агар таъсис ҳужжатида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, у қанча муддатга берилган бўлса, шунча муддат давомида жамият фойдаланишида қолаверади (Қонуннинг 15-моддаси 5-қисми). 

 

УҲҚни ҳисоблаймиз

Чиқиб кетган иштирокчининг УҲҚ қандай ҳисобланади? МЧЖдан чиқиш ҳақида ариза берган иштирокчининг УҲҚни ҳисоблаш учун чиқиб кетиш санасидан олдинги охирги ҳисобот даври учун унинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари керак бўлади (Қонуннинг 22-моддаси 5-қисми). У ариза берилган кун деб ҳисобланишини билиб олдик.

Энди УҲҚни аниқлаш учун бухгалтерия ҳисоботларининг қандай маълумотлари талаб этилишини аниқлаймиз. У МЧЖ соф активлари қийматининг иштирокчининг улуши миқдорига мутаносиб бўлган бир қисмига мос бўлади (Қонуннинг 14-моддаси 4-қисми). Улушнинг миқдори иштирокчининг улуши номинал қиймати билан жамият УФнинг нисбатига тенг бўлади ва фоизларда ёки каср кўринишида белгиланади.

УҲҚ қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:

 

Иштирокчининг УҲҚ Соф активлар қиймати х Иштирокчининг УФдаги улуши миқдори

 

 

МИСОЛ. МЧЖнинг УФ 30 млн сўмни, унинг соф активлари қиймати эса 70 млн сўмни ташкил этади. Чиқиб кетаётган иштирокчи улушининг миқдори УФнинг 30%ига тенг (номинал қиймати у тўлиқ тўлаган 9 млн сўм бўлганда). Бундай иштирокчининг УҲҚ 21 млн сўмни (70 х 30%) ташкил этади. 

 

Жамият соф активларининг қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади (Қонуннинг 19-моддаси 7-қисми). Соф активлар деганда хўжалик юритувчи субъектнинг ўз маблағлари билан таъминланган узоқ муддатли ва жорий активларнинг қиймати, яъни унинг қарз мажбуриятларидан озод бўлган мол-мулк қиймати тушунилади (АВ томонидан 7.04.2004 йилда 1335-сон билан рўйхатдан ўтказилган 14-сон БҲМСнинг 10-банди 2-хатбошиси).

Шуни ҳам ҳисобга олиш лозимки, агар чиқиб кетган иштирокчи чет эллик инвестор бўлса, МЧЖ эса чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона мақомида фаолият юритса, унинг улушини бозор баҳосида сотиб олади1.

 

Тўлаш муддати

УҲҚ қанча муддатда тўланади? Улуш жамиятга ўтган пайтдан эътиборан 1 йил ичида, агар уставда камроқ муддат назарда тутилган бўлмаса, жамият собиқ иштирокчига УҲҚни тўлаши ёки худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт (Қонуннинг 22-моддаси 9-қисми).

Агар жамият уставида УҲҚни тўлаш ёки худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериш учун камроқ муддат белгиланган бўлса, бу ҳолда айни ушбу муддат қўлланилади. Агар МЧЖ белгиланган муддатда тўловни тўламаса, собиқ иштирокчи судга мурожаат қилишга ҳақли, у жамиятдан УҲҚни ундириш ҳақидаги талабини қаноатлантиради. Ва, аксинча, агар тўлов муддати ўтмасдан судга мурожаат этса, даъво аризасини қаноатлантириш рад этилади (ОХС Пленумининг 262-сон қарори 22.2-банди 2 ва 3-хатбошилари). 

 

Маблағ етмаганда

Чиқиб кетган иштирокчига УҲҚни тўлаш учун МЧЖ соф активларининг қиймати билан унинг УФ миқдори ўртасидаги фарқ етарли бўлмаганда нима қилиш керак? Бу ҳолда МЧЖ ўзининг УФни етишмаётган суммага камайтириши шарт (Қонуннинг 22-моддаси 10-қисми). Агар иштирокчиларнинг УФдаги улушлари номинал қиймати камайтирилса ва (ёки) жамиятга тегишли улушларнинг ҳақи тўланса, буни амалга ошириш мумкин (Қонуннинг 19-моддаси 1-қисми)2.

Барча иштирокчилар улушларининг номинал қийматинигина камайтириш ҳисобига УФ камайтирилганда улар улушларининг миқдорлари сақлаб қолинмоғи лозим. Чиқиб кетган иштирокчининг улуши МЧЖга ўтганда нафақат қолган барча иштирокчилари улушининг, балки жамиятга ўтган улушнинг номинал қиймати камайганда ушбу талабни бажариш мумкин. Жамиятга ўтган улушларни сўндириш йўли билан УФ камайтирилганда иштирокчилар улушларининг номинал қиймати сақланади, миқдорлари эса ошади.

 

1-МИСОЛ. Жамиятнинг 80 млн сўм миқдоридаги УФ қуйидаги иштирокчилар улушларининг номинал қийматидан таркиб топган (улар улушларни тўлиқ киритганлар):

А – 28 млн сўм (35%);

В – 36 млн сўм (45%);

С – 16 млн сўм (20%).

20.01.2016 йилда МЧЖ А иштирокчисидан (ЎзР резиденти) чиқиш ҳақида ариза олди. 1.01.2016 йилдаги ҳолатга кўра соф активлар қиймати 110 млн сўмни ташкил этади. Ушбу иштирокчининг УҲҚ – 38,5 млн сўм (110 х 35%). Соф активлар қиймати билан УФ миқдори ўртасидаги 30 млн сўмни ташкил этувчи (110 – 80) фарқ унга УҲҚни тўлиқ тўлашга етмайди.

МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилиши улар улушларининг ва А иштирокчиси чиқиши муносабати билан МЧЖга ўтган улушнинг номинал қийматини камайтириб, УФни камайтириш ҳақида қарор қабул қилди.

Чиқиб кетган иштирокчига УҲҚни тўлаш учун 8,5 млн сўм (38,5 – 30) етмаяпти. УФ ушбу етмаётган суммага камайтирилгандан кейин унинг миқдори 71,5 млн сўмни (80 – 8,5) ташкил этади. Натижада қолган иштирокчилар ва жамият улушларининг миқдори ўзгармайди, ҳар бир улушнинг номинал қиймати эса камаяди ва қуйидаги кўринишда бўлади:

В иштирокчисиники – 32,175 млн сўм (71,5 х 45%);

С иштирокчисиники – 14,3 млн сўм (71,5 х 20%).

Соф активлар қиймати билан янги (энди камайтирилган) УФ миқдори ўртасидаги фарқ 38,5 млн сўмни (110 – 71,5) ташкил этади. Айни унинг ҳисобига чиқиб кетган А иштирокчисига УҲҚ (38,5 млн сўм) тўланади3.

 

2-МИСОЛ. 1-Мисол шартларини ўзгартирамиз. Агар МЧЖ соф активлари қиймати 70 млн сўмни ташкил этса, бинобарин, чиқиб кетган А иштирокчисининг УҲҚ 24,5 млн сўмга (70 х 35%) тенг бўлади. Соф активлар қиймати билан УФ миқдори ўртасидаги фарқ минус 10 млн сўмни (70 – 80) ташкил этади, бу ҳисобга олинганда УҲҚ тўлаш учун 34,5 млн сўм (10 + 24,5) етмайди.

МЧЖ иштирокчилари умумий йиғилишининг қарори билан қолган иштирокчилар ва жамият улушларининг номинал қийматини камайтириш ҳисобига УФ етмаётган суммага камайтирилади. Шунда УФ миқдори 45,5 млн сўмни (80 – 34,5) ташкил этади.

Қолган иштирокчилар ва жамият улушларининг миқдори ўзгармайди, улушларининг номинал қиймати эса камаяди. Жамият улушининг номинал қиймати 15,925 млн сўмга (45,5 х 35%), В ва С иштирокчилари улушларининг номинал қиймати эса тегишинча 20,475 млн сўм (45,5 х 45%) ва 9,1 млн сўмни (45,5 х 20%) ташкил этади. 

 

Жамиятга қарашли улуш унга ўтган кундан эътиборан бир йил ичида иштирокчилар умумий йиғилишининг қарорига биноан барча иштирокчилар ўртасида уларнинг УФдаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланиши ёхуд барча ёки айрим иштирокчиларига ва (ёки), агар бу МЧЖнинг уставида тақиқланган бўлмаса, учинчи шахсларга сотилиши ҳамда тўлиқ тўланиши керак. Улушнинг тақсимланмаган ёки сотилмаган қисмининг ҳақи УФни тегишлича камайтирган ҳолда тўланиши керак (Қонуннинг ­23-моддаси 2-қисми).  

 

3-МИСОЛ. УФ миқдори 100 млн сўмни ташкил этади. Жамиятнинг 2 иштирокчиси бор, биринчисининг улуши номинал қиймати 60 млн сўмни (улуш миқдори – 60% ёки УФнинг 3/5 қисми), иккинчисиники – 20 млн сўмни (улуш миқдори 20% ёки УФнинг 1/5 қисми) ташкил этади. Жамиятга номинал қиймати 20 млн сўм бўлган (улуш миқдори – 20% ёки УФнинг 1/5 қисми) улуш тегишли (3-иштирокчиси чиқиб кетгани муносабати билан). Жамиятга ўтган улушни сўндириш йўли билан УФ 20 млн сўмга камайтирилганда 1-иштирокчисининг улуши номинал қиймати – 60 млн сўм сақланади, улуш миқдори эса 75%гача ёки УФнинг 3/4 қисмигача (80 млн сўмдан 60 млн сўм) ошади. 2-иштирокчисининг улуши номинал қиймати 20 млн сўмлигича қолади, улуш миқдори эса 25%гача ёки УФнинг 1/4 қисмигача (80 млн сўмдан 20 млн сўм) ошади. Жамиятга ўтган улуш сўндирилгунча иштирокчилар улушлари миқдорларининг нисбати ўзгармай қолади: 60%га 20%, ёки 3/5 қисмга 1/5 қисм, бироқ у сўндирилгандан кейин ўзгаради: 75%га 25%, ёки 3/4 қисмга 1/4 қисм. 

 

Агар УФ камайтирилганда унинг миқдори МЧЖ давлат рўйхатидан ўтказилган санадаги ҳолатга кўра қонунда белгиланган минимал миқдордан кам бўлиб қолса, чиқиб кетган иштирокчининг УҲҚ соф активлар қиймати билан УФнинг энг кам миқдори ўртасидаги фарқ ҳисобига унга тўланиши лозим деб ҳисоблаймиз.

 

4-МИСОЛ. МЧЖ 15.09.2015 йилда рўйхатдан ўтказилган, унинг УФ миқдори қуйидаги иштирокчилар улушларининг номинал қийматидан ташкил топган (тўлиқ тўланган):

А – 4 млн сўм (40%);

В – 4 млн сўм (40%);

С – 2 млн сўм (20%).

27.01.2016 йилда В иштирокчиси (ЎзР резиденти) МЧЖдан чиқиш ҳақида ариза берди. 1.01.2016 йилдаги ҳолатга кўра соф активлар қиймати 8 млн сўмга, В иштирокчисининг УҲҚ 3,2 млн сўмга (8 х 40%) тенг эди. Соф активлар қиймати билан УФ миқдори ўртасида ижобий фарқ бўлгандагина унга бундай қиймат тўланиши мумкин – ушбу ҳолда фарқ минус 2 млн сўмни (8 – 10) ташкил этади. Чиқиб кетган иштирокчига УҲҚ тўлаш учун 5,2 млн сўм (3,2 + 2) етмаяпти. Бошқа иштирокчилар ва жамият улушларининг номинал қийматини камайтириш ҳисобига УФни яхлитлигича (5,2 млн сўм) етишмаётган суммага камайтириб бўлмайди, чунки бунинг натижасида унинг миқдори Қонунда белгиланган МЧЖ рўйхатдан ўтказилган санадаги ҳолатга кўра минимал миқдордан кам бўлиб қолади.

МЧЖ рўйхатдан ўтказилган санада (15.09.2015 йил) ЭКИҲ 130 240 сўмни ташкил этган, УФнинг минимал миқдори эса 5 209 600 сўмга (130 240 х 40) тенг бўлган. Агар ушбу жамиятнинг УФ 5,2 млн сўмга тенг етишмаётган суммага камайтирилса, у 4,8 млн сўмни (10 – 5,2) ташкил этиб, талаб этилаётган минимал миқдордан кам бўлиб чиқади.

Ушбу вазиятда жамиятнинг УФни у рўйхатдан ўтказилган санада белгиланган минимал миқдоргача камайтиришга йўл қўйилади. Жамиятнинг чиқиб кетган иштирокчисига эса УҲҚ унинг соф активлари қиймати билан УФнинг минимал миқдори ўртасидаги фарқ – 2 790 400 сўм (8 000 000 – 5 209 600) доирасида тўланади.  

 

Бироқ МЧЖ соф активлари қиймати салбий миқдорни ташкил этса, яъни умуман бўлмаса, УҲҚни тўлаб бўлмайди. Бундай ҳолатда УҲҚ миқдори ва уни тўлаш манбаи мавжуд бўлмайди. Бу ҳолат МЧЖнинг собиқ иштирокчисига кўрсатилган қийматни тўлаш мажбурияти юзага келмайди деган хулоса чиқариш имконини беради.

 

Камол Музаффаров,

«Norma Online» эксперти.

 


1«Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси 4-қисми. Дарвоқе, ушбу Қонуннинг 22-моддасига мувофиқ мазкур Қонуннинг қоидалари билан Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ўртасида бирон-бир номувофиқлик бўлган ҳолда, чет эллик инвесторлар учун бирмунча қулай бўлган қоидалар устувор кучга эга бўлади.

 

2Бироқ МЧЖ, агар бундай камайтириш натижасида унинг миқдори таъсис ҳужжатларидаги тегишли ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасидаги ҳолатга кўра, Қонунга мувофиқ у ўзининг УФни камайтиришга мажбур ҳолларда эса – жамият давлат рўйхатидан ўтказилган санадаги ҳолатга кўра минимал миқдордан (40 ЭКИҲдан) кам бўлиб қолса, ўзининг УФни камайтиришга ҳақли эмас (Қонуннинг 14-моддаси 2-қисми, 19-моддаси 2-қисми).

3Ушбу материалда солиқ солиш масалалари кўриб чиқилмайди. 

Прочитано: 1762 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика