Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 40 / Бухгалтер ён дафтарига

Совға сертификатлари: тайёрлаш, ҳисобга олиш ва реализация қилиш

 

Савдо ва сервис компаниялари кўпроқ мижоз жалб этиш мақсадида совға сертификатларини чиқармоқдалар. Сертификатлар сотилса, уларда кўрсатилган суммада даромад олишлари кафолатланади. Харидорлар учун бу нафақат товарлар, балки хизматлар билан ҳам совға тақдим этишнинг қулай усулидир. Шу билан бирга, товарлар / хизматларнинг сертификатларни қўллаган ҳолда сотилишига ҳисоб ва солиқ солишда ўзига хос ёндашилади.

 

Совға сертификатининг ўзи нима?

Амалиётда совға сертификати эркин шаклдаги бланка ёки пластик карта кўринишида бўлади. Уни яқинларига, ташкилот ходимларига ёки ҳамкорларга совға сифатида харид қиладилар. Сертификат воситасида хуш ёққан товарларни (ишларни, хизматларни) ҳақ тўламасдан олиш мумкин. Шу сабабли сертификатни бериш деганда ҳақи тўланган, бироқ ҳали танланмаган товарлар, ишлар, хизматларга мулкий ҳуқуқларнинг текинга берилиши тушунилади.

Одатда сертификатнинг амал қилиш муддати чекланган бўлади, бироқ муддати белгиланмаган сертификатлар ҳам учраб туради.

Сертификат босма усулда тайёрланган қоғоз бланкаси, ҳимоя коди бўлган пластик карта кўринишида бўлиши мумкин. Иккинчи хилини қалбакилаштириш қийинроқ бўлгани учун у анча кенг тарқалган. Кўпинча сертификатнинг фарқловчи аломатлари қуйидагилар бўлади: серия рақами, калит, скетч-панель (пластик картада), номинал, сўндириш коди, мақоми, амал қилиш муддати. Совға сертификатларини тайёрлаш одатда ихтисослаштирилган ташкилотга топширилади.

Совға сертификати – сотувчи ва истеъмолчилар орасида тобора оммалашиб бораётган, Ўзбекистон товар ва хизматлар бозорида нисбатан янги ҳодисадир.

Совға сертификати – унинг соҳибининг сертификатни чиқарган шахсдан ушбу сертификатнинг номинал қийматига тенг суммада товарларни, ишларни ёки хизматларни олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.

 

Совға сертификатини кимлар чиқариши мумкин?

Пулни бўнак сифатида олишни кўзлаган тижорат тузилмалари совға сертификатларининг эмитентлари бўлиши мумкин, кейинчалик сертификат соҳиби улардан товарлар, ишлар, хизматларни харид қилишда шу пулни сарфлай олади.

Сертификатларни чиқариш учун махсус лицензия талаб этилмайди, сабаби карта қимматли қоғоз ҳисобланмайди, унинг эмитенти банк фаолиятини юритмайди.

 

Ҳуқуқий асослар

Совға сертификатларининг чиқарилиши, тайёрланиши ва ҳисобга олиниши қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган. Уларнинг муомаласига доир қоидаларни уларни чиқараётган ташкилот белгилайди. Улар ушбу қоидаларга мувофиқ ҳисобга олинади.

Сотувчи ўзининг ички ҳужжатларида сертификатлар қандай бўлишини, қандай шартларда сотилишини, кейинчалик қандай шартларда сўндирилишини кўрсатади. Одатда тегишли низом ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Унда қуйидаги асосий қоидалар кўрсатилади:

сертификатни унинг харидори исталган бошқа шахсга бериши мумкин;

сертификатни пулга айирбошлашга йўл қўйилмайди;

сертификат амал қилиш муддатининг ўтиши пул суммасини тўламасдан сўндирилишига олиб келади. Сертификат учун тўланган сумма сотувчида қолади ва харидорга қайтарилмайди.

Низомда сертификатларни чиқариш шакли, уларнинг реквизитлари (номи, серияси, рақами, суммаси, амал қилиш муддати, сертификатларни сўндириш мумкин бўлган жойларнинг рўйхати); қалбакилаштиришдан ҳимоялаш механизмлари; тарқатиш усули; сертификатларни товарларга айирбошлаш вариантлари ва бошқалар белгиланади. Сертификатлар қандай товарларга (ишларга, хизматларга) ёки уларнинг гуруҳларига мўлжаллаб чиқарилишини кўрсатиш зарур.

Шунингдек сертификатлар муомаласига, масалан, амал қилиш муддатига, ассортиментга ва бошқаларга доир жорий этиладиган чекловлар акс эттирилиши керак.

Совға сертификатларини сотиш ҳақидаги таклиф оммавий оферта ҳисобланади. Сертификат сотиб олинса, харидор офертада (акцептда) кўрсатилган барча шартларни қабул қилган деб ҳисобланади (ФКнинг 364, 365, 367, 369, 370-моддалари).

Бинобарин, совға сертификатини сотиш пайтида олинган пулни келгусида харид қилинадиган товарлар (хизматлар) учун олдиндан тўлов деб баҳолаш мумкин.

 

Совға карталари чиқарилишининг ҳисоби

Совға сертификатларининг ҳисоби улар муомаласининг барча босқичларини акс эттириши керак:

1) тайёрланиши;

2) сотилиши;

3) сертификатларнинг товарларга айирбошланиши;

4) тақдим этилмаган сертификатларнинг сўндирилиши.

Уларни тайёрлаш харажатларини сотиш харажатларига (9410) киритиш мумкин, сабаби улар товарлар сотилиши билан бевосита боғлиқ.

Сертификатлар эмиссия қилингунга (товарлар, хизматлар картага бириктирилгунга) қадар материаллар (1090) деб ҳисобланиб, қиймати уларни тайёрлаш харажатларига эквивалент бўлади.

Одатда совға карталарида рақам ва номинал мавжуд, яъни улар қатъий ҳисобот бланкаларининг аломатларига эга бўлади. Улар шартли баҳода (уларни тайёрлашга ҳақиқатдаги харажатлар суммасида) балансдан ташқари 006-ҳисобварақда ҳисобга олинади.

 

Совға сертификатларининг тайёрланишини бухгалтерия ҳисобида қуйидаги проводкалар билан акс эттириш мумкин:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма, минг сўм (шартли)

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

Ёзувларни тасдиқловчи ҳужжатлар

 

дебет

 

кредит

 

Сертификатларни тайёрлаш учун чет ташкилотга буюртманома расмийлаштирилди

 

100,0

 

4330-«Бошқа берилган бўнаклар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Сертификатларни тайёрлаш бўйича хизматлар кўрсатиш шартномаси

 

Сертификатларнинг тайёр бланкалари кирим қилинди

 

100,0

 

1090-«Бошқа материаллар»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган ҳисобварақлар»

 

Ҳисобварақ-фактура, юкхат

 

Тайёрлаш хизматлари учун тўланган бўнак ҳисобга киритилди

 

100,0

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган ҳисобварақлар»

 

4330-«Бошқа берилган бўнаклар»

 

Банк кўчирмаси

 

Сертификатларнинг қиймати сотиш харажатларига ҳисобдан чиқарилди

 

100,0

 

9410-«Сотиш харажатлари»

 

1090-«Бошқа материаллар»

 

Ички ҳужжатлар: карталар эмиссияси ҳақидаги буйруқ; сертификатларни чиқариш, сотиш ва товарларга айирбошлаш тартиби ҳақидаги низом

 

Сертификатлар эмиссия қилингандан кейин қатъий ҳисобот бланкалари кўринишида балансдан ташқари ҳисобвараққа кирим қилинди (масалан, 100 дона миқдорида)

 

100,0

 

006-«Қатъий ҳисобот бланкалари»

 

 

 

 

Қатъий ҳисобот бланкаларининг ички ҳаракати бошланғич ҳисоб ҳужжатлари билан расмийлаштирилади. Совға карталарининг келиб тушиши карталарнинг рақамларини (серияларини) кўрсатган ҳолда кирим ордери билан расмийлаштирилади. Сертификатларни уларнинг рақамлари албатта кўрсатилган талабнома-юкхат асосида моддий жавобгар шахсларга ҳисобот топшириш шарти билан бериш мумкин.

Бланкалар моддий жавобгар шахсга, масалан, кассирга берилгани Қатъий ҳисобот бланкаларини ҳисобга олиш дафтарида акс эттирилади, унга 006-ҳисобварақ бўйича таҳлилий ҳисобдаги ёзувлар қайд этилади. Унда – «Сақлашда бўлган бланкалар», «Моддий жавобгар шахсдаги бланкалар», «Фойдаланилган бланкалар» ёрдамчи ҳисобварақларида таҳлилий ҳисоб юритиш мумкин.

 

Сотиш

Совға сертификати чакана савдо тармоғи орқали нақд пулли ҳисоб-китоб қилиш йўли билан аҳолига ёки банкдаги ҳисобрақамга тўловни киритган ҳолда юридик шахсларнинг буюртмаларига кўра сотилиши мумкин.

Эмитент компаниянинг хоҳишига кўра муайян номиналдаги сертификатлар реклама акцияси доирасида текинга ёхуд харидорлар савдо тармоғида муайян суммадаги товарларни харид қилганда уларга бонус тариқасида берилиши мумкин.

Совға сертификати сотилганда харидордан олинган товарлар учун олдиндан тўлов (бўнак) ташкилотнинг даромади ҳисобланмайди. У «Совға сертификатлари бўйича олинган бўнаклар» ёрдамчи ҳисобварағида алоҳида акс эттирган ҳолда ­6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган бўнаклар» ёки ­6390-«Бошқа олинган бўнаклар» ҳисобварағида кредиторлик қарзи таркибида ҳисобга олинади.

Сертификат сотилган санада унинг бланкаси 006-ҳисобварақдан ҳисобдан чиқарилади.

 

Сертификатни товарларга айирбошлаш

Товар берилган ёки хизмат кўрсатилган пайтда совға сертификати сўндирилади. Агар у қоғоз бланка кўринишида чиқарилган бўлса, унда харидорга товарлар берилган (хизматлар кўрсатилган) сана ва уларнинг қиймати қайд этиладиган жойни назарда тутиш мумкин.

Сўндирилган сертификатларни касса ҳужжатлари билан сақлаган маъқул – улар биргаликда товар ҳақи тўлангани ва берилганини тасдиқлайди.

Товарни сертификатга айирбошлаб бериш сотиш ҳисобланади. Уни сотишдан тушган тушум маҳсулотларни (товарларни, хизматларни) сотишдан тушган даромадлар таркибига киритилади. Бир вақтнинг ўзида сотилган товарлар таннархи ҳисобдан чиқарилади.

Илгари сертификат сотилганда олдиндан тўлов эътироф этилганлиги сабабли уни сотилган товарнинг ҳақи ҳисобига киритиш лозим. Тегишинча, ҚҚС тўловчилари товарнинг сотув нархидан солиқни ҳисоблаб чиқарадилар (бироқ таннархдан ёки сотиб олиш нархидан кам эмас).

Агар товар қиймати номиналдан юқори бўлса, сертификат соҳиби нархдаги фарқни қўшимча равишда тўлайди. Қўшимча тўлов товарни (хизматни) харидорга бериш пайтидаги тушум деб тан олинади.

 

Муддатида тақдим этилмаган сертификатлар

Муддати белгиланган сертификатларнинг амал қилиш муддати ўтиши билан уларни сўндириш пайти келиши мумкин. Агар уларнинг соҳиблари сертификатда кўрсатилган муддатда товарни олмаган (хизматлардан фойдаланмаган) бўлса, шундай бўлади.

Бу ҳолда ташкилот олинган бўнакларни бошқа даромадлар таркибида ҳисобдан чиқариш ҳақидаги қарорни расмийлаштириши лозим.

 

Совға сертификатларининг сотилиши ва сўндирилишини бухгалтерия ҳисобида қуйидаги тартибда акс эттириш мумкин:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма, минг сўм (шартли)

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

Ёзувларни тасдиқловчи ҳужжатлар

 

дебет

 

кредит

 

Совға сертификатлари сотилди, товарлар (хизматлар) учун бўнак келиб тушгани тан олинди (масалан, номинали 10 минг сўмлик 100 дона миқдордаги сертификатлар сотилди)

 

1 000,0

 

5010-«Миллий валютадаги пул маблағлари»; 5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган бўнаклар»

 

НКМ хотирасидаги тушумнинг акс эттирилиши (нақд пулга сотилганда), банк кўчирмаси

 

Бўнак ҳисобга киритилди ва тақдим этилган сертификатлар товарларга (хизматларга) айирбошланди (масалан, номинали 10 минг сўмлик 90 дона миқдордаги сертификатлар товарларга айирбошлаш учун тақдим этилди)

 

900,0

 

6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган бўнаклар»

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган ҳисобварақлар»

 

Тақдим этилган совға сертификатлари

 

Товарларни (хизматларни) сотишдан тушган даромад тан олинди (номинали 10 минг сўмлик 90 дона миқдордаги товарларга айирбошлаш учун тақдим этилган сертификатлар бўйича)

 

900,0

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган ҳисобварақлар»

 

9020-«Товарларни сотишдан даромадлар»; 9030-«Ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишдан даромадлар»

 

Тақдим этилган совға сертификатлари, (товарларга) юкхат, хизматлар кўрсатилганлиги ҳақида далолатнома

 

Сотилган товарларнинг (хизматларнинг) таннархи ҳисобдан чиқарилди (масалан, 90 дона миқдордаги ҳар бир тақдим этилган сертификат бўйича берилган товарлар таннархи 8 минг сўмни ташкил этади)

 

720,0

 

9120-«Сотилган товарларнинг таннархи»; 9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи»

 

2920-«Чакана савдодаги товарлар»; 2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

Муддатида тақдим этилмаган сертификатлар сўндирилди (масалан, номинали 10 минг сўмлик 10 дона миқдордаги сертификатлар товарларга айирбошлаш учун тақдим этилмади)

 

100,0

 

6310-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинган бўнаклар»

 

9360-«Кредиторлик ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар»

 

Тақдим этилмаган сертификатлар бўйича бўнакларни даромадга ҳисобдан чиқариш ҳақидаги қарор (буйруқ)

 

 

Кассани созлаш

Қонун ҳужжатларига мувофиқ товарларни, ишларни, хизматларни сотиш пайтида тўлов карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулли ҳисоб-китоб ва (ёки) ҳисоб-китоб қилаётганда тўлов чоғида касса чеки урилади. Шу сабабли сертификат учун олдиндан тўловни тўлаётганда чек берилиши шарт. Тегишинча, сертификат учун пул маблағларини олиш пайтида НКМни қўллаш зарур.

Бўнак ва сотиш алоҳида-алоҳида ҳисобга олинишини таъминлаш учун (биринчи ҳолатда олдиндан тўловга, иккинчи ҳолатда эса – сотилган товарлар учун тушум суммасига чек берилади) НКМни чекларда сертификатлар учун ва алоҳида товарлар учун нақд пул тушганини тасдиқловчи реквизитлар акс этадиган қилиб созлаш керак.

Сертификат бўйича товарни бериш (хизматларни кўрсатиш) пайтида касса чекини уриш керак эмас. Чунки товарни бериш пайтида сертификат соҳиби билан пулли ҳисоб-китоб қилинмайди.

Агар товарнинг баҳоси сертификат номиналидан юқори бўлса, қўшимча тўлов суммасини НКМнинг асосий секциясида сотилган товарлар учун келиб тушган тушум сифатида акс эттириш лозим.

Сўндирилган сертификатлар касса ҳужжатлари билан биргаликда товарнинг ҳақи тўланганлигини ва берилганлигини тасдиқлайди, шунингдек НКМнинг алоҳида секциясида босилган суммалар (пластик карта билан тўлагандаги сингари) нима учун тушум сифатида кирим қилинмаганлигини асослайди.

 

Ходимга совға

Ўз ходимларини байрам билан қутлашга қарор қилган иш берувчи совға танлашда қийналади. Совға сертификатларини сотиб олиб, бу муаммони ҳал этиши мумкин. Ташкилот бухгалтери совға сертификатини қандай ҳисобга олишни ва уни ходимга беришда қайси солиқларни тўлаш кераклигини билиши лозим.

Ҳадя этувчи юридик шахс учун совға сертификатини сотиб олиш ва бериш билан боғлиқ харажатлар солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегирилмайди (Солиқ кодексининг 147-моддаси 9-банди).

Мол-мулкни бепул бериш (ишларни бепул бажариш, хизматларни бепул кўрсатиш), шу жумладан ходимларга уларнинг шахсий эҳтиёжлари учун мол-мулкни бепул бериш (ишларни бепул бажариш, хизматларни бепул кўрсатиш) ҚҚС солинадиган товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти деб ­эътироф этилади (Солиқ кодексининг 199-моддаси 1-банди). Бунда солиқ солинадиган база ҚҚС суммасини ўз ичига оладиган, чиқиб кетаётган сертификат қиймати билан унинг баланс қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида белгиланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси). Бу ҳолда ҚҚСда йўқотиш бўлмайди: сабаби сертификат ходимга сотиб олинган ўша нархда берилади.

ЯСТ тўловчи корхоналарда чет ташкилотлардан сотиб олинган сертификатлар ходимларга берилганда солиқ оқибатлари юзага келмайди.

Совға сертификати билан тасдиқланган мулкий ҳуқуқлар ходимга текинга берилади. Ҳадя олаётган жисмоний шахс учун бундай совға моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг ­177-моддаси 2-банди).

Календарь йил давомида ходим олган совғаларнинг қийматига, агар уларнинг суммаси 6 ЭКИҲдан ошмаса, ЖШДС солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 14-банди).

Агар ходимга совға қилинган сертификатнинг номинал қиймати ушбу суммадан ошса, фарқни ходимнинг жами даромадига қўшиш ва унга ЖШДС солиш зарур. Солиқ суммасини навбатдаги иш ҳақини тўлаётганда ушлаб қолиш лозим.

Совғаларнинг қиймати меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад деб саналмаслиги сабабли Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар ва суғурта бадаллари объекти ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг ­307-моддаси).

 

Бухгалтерия ҳисобида ходимларга совға сертификатлари сотиб олиш ва беришни қуйидагича акс эттириш мумкин:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

Ёзувларни тасдиқловчи ҳужжатлар

 

дебет

 

кредит

 

Иш берувчи совға сертификатларини сотиб олди

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган ҳисобварақлар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Совға сертификатларининг олди-сотди шартномаси

 

Совға сертификатлари кирим қилинди

 

1090-«Бошқа материаллар»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган ҳисобварақлар»

 

Ҳисобварақ-фактура, юкхат

 

Совға сертификатларининг қиймати ҳисобдан чиқарилди

 

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

1090-«Бошқа материаллар»

 

Совғаларни бериш ҳақида буйруқ, совғаларни бериш ҳақида қайднома

 

Совғалар ходимларга берилди

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши»

 

Совғаларни бериш билан боғлиқ корхона харажатлари ҳисобдан чиқарилди

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

 

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2129 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика