Олий ўқув юрти талабаси корхонада ўриндошлик асосида ишлайди. Иш берувчи унга ҳақ тўланадиган ўқув таътилларини беришга мажбурми?
Ирина,
бухгалтер.
– Ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга асосий ва қўшимча йиллик меҳнат таътиллари асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда берилиши кафолатланади. Агар асосий иш жойидаги меҳнат таътилининг муддати ўриндошлик асосидаги иш жойидаги меҳнат таътилидан кўп бўлса, иш берувчи ўриндошнинг илтимосига кўра шу муддатга фарқланувчи кунлар учун иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериши шарт (МКнинг 133, 143-моддалари; ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарорига илованинг 16, 17-бандлари).
Ходимларга ҳақ тўланадиган ўқув таътили асосий иш жойида берилади. Ўриндошлик асосидаги иш жойида ходим асосий иш жойида берилган ўша муддатга иш ҳақи сақланмайдиган таътилни расмийлаштириши мумкин. Бунда иш ҳақи сақланмайдиган таътил муддати 12 ойлик давр мобайнида 3 ойдан ортиқ бўлмаслиги керак (МКнинг 150-моддаси).
Агар жамоа шартномасида ёки корхонанинг бошқа локал ҳужжатида, шунингдек ўриндош билан тузилган меҳнат шартномасида ўриндошларга ўқув таътиллари бериш тўғрисида норматив қоидалар белгиланган бўлса, ўриндошга ўқув таътили берилиши мумкин (МКнинг 4, 37-моддалари).
Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.