Умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлган корхонанинг асосий фаолияти озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳисобланади. Шаҳар ҳокимининг қарорига кўра корхона кўп қаватли уй қурди. Квартиралар жисмоний шахсларга таннархи бўйича сотилди, яъни корхона бундан фойда олишни режалаштирмаган эди. Қурилиш харажатлари 0810-«Тугалланмаган қурилиш» ҳисобварағида жамланди ва 9220-«Бошқа активларнинг чиқиб кетиши» ҳисобварағи орқали ҳисобдан чиқарилди. Солиқ кодексининг 204-моддасига кўра тугалланмаган қурилиш объекти сотилганда солиқ солинадиган база тугалланмаган қурилиш объектини сотиш нархи билан унинг баланс қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланиб, у қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳам ўз ичига олади. Квартиралар таннархи бўйича сотилгани сабабли ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база бўлмаган ва у ҳисоблаб ёзилмаган. Солиқ инспекцияси ҚҚС ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар тўлаш талабини қўйди, чунки мазкур қурилишни тайёр маҳсулот деб, уни ишлаб чиқаришдан мақсадни эса сотиш бўлган деб ҳисоблади.
Мазкур ҳолда квартираларни сотиш қийматига ҚҚС солинадими?
Уларни профессионал баҳоловчилар ёрдамида баҳолаш керакми?
Е.Им, бухгалтер.
– Сизнинг вазиятда уй-жой қурилиши харажатларини 0810-«Тугалланмаган қурилиш» ҳисобварағида акс эттириш нотўғри бўлади. Ушбу ҳисобварақда корхоналарнинг асосий воситаларига инвестициялар тўғрисидаги ахборот умумлаштирилади (21-сон БҲМСга 2-илованинг 67-банди). Асосий воситалар эса – корхона томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш чоғида ёки маъмурий ва ижтимоий-маданий мақсадларда хўжалик фаолиятини юритиш чоғида узоқ вақт мобайнида фойдаланиладиган моддий активлардир (5-сон БҲМС 3-бандининг «а» кичик банди).
Янги уй-жой қурилиши тугалланган пайтгача қурилиш бўйича барча харажатлар бухгалтерия ҳисобида тугалланмаган ишлаб чиқариш сифатида акс эттирилиши керак. Ишлар якунлангандан кейин қурилган уй-жой қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида тайёр маҳсулот таркибига ўтказилган бўлиши керак (4-сон БҲМС 4-бандининг «а» кичик банди, 5-бандининг «г» кичик банди, 10-бандининг «и» кичик банди). Сўнгра квартиралар аҳолига умумбелгиланган тартибда сотилади.
Бухгалтерия ҳисобида қурилган уйдаги квартиралар 2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар» ҳисобварағида ҳисобга олинади.
Хўжалик операциясининг
|
Дебет
|
Кредит
|
Уй-жой қурилиши харажатлари акс эттирилди
|
2010-«Асосий ишлаб чиқариш»
|
0200-«Асосий воситалар эскириши ҳисобварақлари»; 1000-«Материалларни ҳисобга олиш ҳисобварақлари»; 6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган ҳисобварақлар»; 6520-«Мақсадли давлат жамғармаларига тўловлар»; 6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар» ва б. |
Қабул қилингандан кейин тайёр маҳсулот ҳисобга қабул қилинди (қурилган квартира таҳлилий ҳисоб кесимида)
|
2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»
|
2010-«Асосий ишлаб чиқариш»
|
Квартиралар харидорлари билан олди-сотди шартномалари бўйича тушум акс эттирилди
|
4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган ҳисобварақлар»
|
9010-«Тайёр маҳсулотларни сотишдан даромадлар»
|
Тайёр маҳсулот сотилганда ҚҚС суммалари ҳисобланди
|
4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган ҳисобварақлар»
|
6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (ҚҚС)»
|
Тайёр маҳсулот (қурилган квартиралар таҳлилий ҳисоб кесимида) таннархи ҳисобдан чиқарилди
|
9110-«Сотилган тайёр маҳсулотларнинг таннархи»
|
2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»
|
Квартиралар сотилиши бўйича молиявий натижа акс эттирилди (9110 ва 9010-ҳисобварақлар ёпилиши) |
9010-«Тайёр маҳсулотларни сотишдан даромадлар»
|
9910-«Якуний молиявий натижа»
|
9910-«Якуний молиявий натижа»
|
9110-«Сотилган тайёр маҳсулотларнинг таннархи»
|
Шу тариқа, ДСИ ходимлари мазкур уй-жойни тайёр маҳсулот деб ҳисоблаб тўғри йўл тутганлар. Уларнинг ҚҚС ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар тўлаш талаби (Солиқ кодексининг 204, 313, 317, 325-2-моддалари) тўғри. Сотилган квартиралар таннархи қурилиш жараёнида шаклланганлиги боис профессионал баҳоловчиларнинг баҳолашига зарурат йўқ.
Худойберди Маҳмудов,
«TRI-S-Audit» МЧЖ АК аудитори.