Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 39 / Жавоб берамиз

Ишдаги шахсий транспорт: қандай расмийлаштирган фойдалироқ

 

1. Корхона ходимларга компенсация тўлаш ўрнига ушбу суммага уларнинг шахсий автомобилларига корпоратив пластик картадан ҳақи тўланган ёқилғини қуйдириши мумкинми?

2. Ходимларнинг хизмат мақсадларида фойдаланиладиган шахсий автомобиллари учун ёқилғини ижара шартномасини тузмасдан корпоратив пластик картадан сотиб олиш мумкинми?

Е.Демакова,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

1

Ҳа, корхона ходимларга компенсация тўлаш ўрнига уларнинг шахсий автомобилларига корпоратив пластик картадан ҳақи тўланган ёқилғини қуйдириши мумкин. Фақат бир шарт билан – ижара шартномасини тузганда. Бунда корхонанинг ижарага олинган автомобилга ёқилғи қуйиш харажатлари қиймати компенсация суммасига қараб эмас, корхонанинг хизмат мақсадлари учун ЁММга бўлган эҳтиёжига қараб белгиланади. Бу ҳолда корхонанинг ЁММга доир харажатлари ходимларнинг даромадлари деб ҳисобланмайди.

 

2

Йўқ, ходимларнинг хизмат мақсадларида фойдаланиладиган шахсий автомобиллари учун ижара шартномасини тузмасдан корпоратив пластик картадан ёқилғи сотиб олиш ҳуқуққа зид.

Корхонанинг хизмат мақсадлари учун ходимнинг шахсий автомобилидан фойдаланишга доир иккала вариантни батафсил кўриб чиқамиз.

 

I вариант.

Корхона ходимларнинг шахсий автомобилларидан хизмат мақсадларида фойдаланганлик учун уларга компенсация тўлайди

Компенсация, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти мунтазам транспортда юриш (хизмат сафарларидан ташқари) зарурияти билан боғлиқ бўлган ва ушбу мақсадлар учун ўз шахсий енгил автомобилларидан фойдаланадиган ходимларига тўланади (ВМнинг 2.04.1999 йилдаги 154-сон қарори билан тасдиқланган Ходимларнинг шахсий автомобилларидан хизмат мақсадлари учун (хизмат сафарларидан ташқари) фойдаланганлик учун компенсация тўлаш тартибининг 2-банди).

Компенсация миқдорлари ходимга фақат хизмат мақсадлари учун фойдаланиладиган автомобилни ишлатиш юзасидан қилинадиган харажатларни қоплашни ҳисобга олган ҳолда белгиланган (Тартибнинг ­4-банди).

 

Компенсация автомобиль моторининг от кучи сонига қараб қуйидаги миқдорларда тўланади:

 

От кучи сони

 

Бир ой учун компенсациянинг

чекланган миқдори, ЭКИҲ бараварида

100 от кучидан юқори

 

4,5

 

70 от кучидан 100 от кучигача

 

3,5

 

70 от кучигача

 

2

 

 

Хизмат ишлари учун шахсий автомобилдан кўрсатилган нормалардан ортиқча фойдаланганлик учун компенсация тўлаш компенсация тўловларига киради ва меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадга киритилади (Солиқ кодексининг 172, 174-моддалари). Корхонада – ЯИТ, ходимда ЖШДС ва суғурта бадаллари тўлаш мажбурияти юзага келади. Фойда солиғини тўловчи корхонада компенсациянинг чекланган миқдоридан ортиқча сумма фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайди.

Бунда компенсациядан фойдаланиш бўйича ҳисоботлар тузилмайди, йўл варақалари ҳамда ҳақиқатда босган масофа (спидометр кўрсаткичлари) ва ЁММ сарфи меъёрларига риоя этилиши ҳисоби юритилмайди.

Пул компенсациясини тўлаш ўрнига ёқилғи бериш қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.

 

II вариант.

Корхона ходимлар билан автотранспортни ижарага бериш шартномаларини тузади

Бу ЁММ қийматини корхона харажатларига киритиш учун зарур, улар асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак (Солиқ кодексининг 141-моддаси 2-қисми). Мазкур ҳолда автотранспортни сақлашга доир барча харажатларни, шу жумладан суғурталаш, техник хизмат кўрсатиш, корпоратив картадан ЁММ сотиб олиш ва бошқа харажатларни корхона зиммасига олади. Корхона йўл варақаларини юритиш, моддий ҳисоботлар тузишни ҳам ташкиллаштиради, ЁММ сарфи меъёрларига риоя этилишини назорат қилади ва ҳ.к.

Бундай тартибда иш юритганда корхонада солиқ оқибатлари юзага келмайди. Ходимда мулкий даромад юзага келади, унга ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинмайди (Солиқ кодексининг 176-моддаси).

Мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга энг кам ставкада ЖШДС солинади: 2016 йилда – автотранспорт бўйича ижара тўловининг энг кам ставкаларини ҳисобга олган ҳолда 7,5% (Солиқ кодексининг 181-моддаси).

2016 йилда улар бир ойда авто­транспорт учун қуйидаги миқдорларни ташкил этади: енгил автомобиль – 220 000 сўм, микроавтобуслар, автобуслар ва юк автомобиллари – 1 бирлиги учун 430 000 сўм (Президентнинг 22.12.2015 йилдаги ­ПҚ-2455-сон қарорига 26-илова).

Мол-мулкни юридик шахсга ижарага беришдан олинган даромадларга тўлов манбаида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади (Солиқ кодексининг ­184-моддаси 2-қисми 3-банди).

Агар компенсация тўлаш билан бир қаторда корхона ходимларни ЁММ билан таъминласа ёки ижара шартномаларини тузмасдан уларнинг шахсий автомобиллари учун корпоратив пластик картадан ёқилғи сотиб олса, ЁММ қиймати жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади. Унга тўлов манбаида ЖШДС солинади ҳамда у ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солиш объекти ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг ­184-моддаси 2-қисми 2-банди).

 

Анжелика НАМ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2203 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика