Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 39 / Ҳамкорлик

Минтақавий савдонинг янги уфқлари

 

Сентябрнинг биринчи ярмида Алматида VI Марказий Осиё савдо анжумани бўлиб ўтди. Шаклланган анъанага кўра унинг ташкилотчиси АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Европа тикланиш ва ривожланиш банки ҳамда саноат ривожланиши бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (UNIDO) кўмагида – Rixos меҳмонхонасида 500 дан зиёд иштирокчи – экспортчи ишлаб чиқарувчилар, давлат органлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда бизнес уюшмалари, дипломатик миссиялар вакиллари, бизнес ва савдо соҳасидаги етакчи дунё экспертларини тўплади. «Экспорт салоҳияти ва савдони ривожлантириш: янги шароитлар ва Марказий Осиёдаги истиқболлар» анжуман мавзуси бўлди.

 

 

 

Ўтган йиллар ичида Анжуман нафақат минтақа ичида, балки ундан ташқарида ҳам муҳим савдо алоқаларини йўлга қўйиш учун долзарб ва самарадор майдончалардан бирига айланди. Тарафларнинг конструктив алоқаси ва очиқ мулоқотининг шаклланган формати минтақавий савдонинг долзарб муаммоларини батафсил муҳокама қилиш, ҳукуматлараро ташқи савдодаги ўзаро ҳамкорлик таомилларини соддалаштириш бўйича тавсиялар тақдим этиш, мамлакатларимизнинг келгусидаги иқтисодий ривожланиши ва уларнинг минтақавий ҳамда глобал бозордаги ўрнини мустаҳкамлашга тааллуқли бўлган масалаларни биргаликда ҳал этиш имконини беради. «b2b» (бизнес учун бизнес) форматидаги учрашувлар эса ўзаро манфаатли узоқ муддатли амалий алоқаларни ўрнатишга кўмаклашади.

Тадбиркорлар ва савдо ҳамжамиятлари манфаатдорлигининг ўсиши, иштирокчилар географиясининг кенгайиши, тузилган битимлар сонининг ортиши Савдо анжумани самарадорлигига мезон бўлиб хизмат қилади. Кейинги 5 йил ичида 20 мамлакатдан 3 000 нафардан ортиқ тадбиркор, эксперт, жамоатчилик фикри етакчилари Анжуман ишида қатнашди. 28 млн АҚШ долларилик контрактлар амалга оширилди. Ҳамкорлик келишувлари тўғрисида 300 млн АҚШ доллари ҳажмидаги меморандумлар имзоланди.

Охирги Анжуман Марказий Осиё мамлакатлари давлат органлари, вазирлик ва идораларининг манфаатдорлиги ўсаётганлигини намойиш этди. Чунончи, унинг ишида Ўзбекистондан кўп кишилик делегация, турли даражадаги қарийб 20 нафар амалдор иштирок этди.

VI Марказий Осиё савдо анжумани иши биринчи кунданоқ қизғин тус олди. Ўтган йилларнинг муваффақияти ўлароқ иштирокчилар ўндан ортиқ кўп миллионли контрактлар туздилар. Улардан бири – Афғонистонга мош ва қуруқ мевалар етказиб бериш тўғрисида 2,5 млн АҚШ доллари қийматидаги битимни Ўзбекистон фермерлар кенгаши тақдим этган «Қора Олтин Орзу Фоиз» фермер хўжалиги имзолади.

 

Диверсификациялаш ва экспорт сари

– Анжуманда хилма-хил иқтисодиёт тармоқлари етакчилари, давлат органлари, минтақавий ва халқаро бизнес уюшмалари ҳамда ташкилотлар вакилларининг иштирок этганлиги минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодий ривожланиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини тасдиқлади, – деди тадбир очилишида АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэн РОЗЕНБЛЮМ. Дипломат Анжуман доирасида шаклланаётган минтақавий ҳамкорлик Марказий Осиё бизнесменлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни жадаллаштиришга ҳам таъсир кўрсатади деб ишонч билдирди. «Биринчи ўринга биз ушбу бозорни ривожлантириш вазифасини қўямиз, чунки бу бевосита жаҳон иқтисодиётига ҳам таъсир кўрсатади. Аслини олганда, Марказий Осиё мамлакатларининг ҳар бири экспортни бутун дунё бўйича рақобатга қодир қилиш салоҳиятига эгадир».

Анжуманнинг умумий мажлисида минтақанинг ҳар бир мамлакати иқтисодий ривожланиш салоҳиятини кенгайтириш, иқтисодиётни диверсификациялашдан манфаатдорлиги таъкидланди. Миллий давлат дастурлари ушбу мақсадларга хизмат қилади. Улар ҳақида хабардор қилиш учун мажлис минбари Марказий Осиё мамлакатлари давлат органларининг вакилларига берилди. ЎзР Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг бошқарма бошлиғи Улуғбек КАМОЛИДДИНОВ Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти ва имкониятлари тўғрисида сўзлаб берди. У мустақиллик йилларида макроиқтисодий самарадорлик индикаторларининг динамикаси, инвестицияларнинг ўсиш суръатлари билан таништирди, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг ривожланиши тўғрисида гапирди. У.Камолиддинов қишлоқ хўжалигининг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш имкониятларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини саноатда қайта ишлаш бўйича 230 корхона, сиғими 77,8 минг тонна бўлган 114 янги совутиш камералари ­бунёд этилди ҳамда модернизациялаштирилди. Республикада мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг умумий қуввати 832 минг тоннага етказилди, бу эса мамлакат аҳолисини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турлари билан йил давомида узлуксиз ва нархларнинг кескин мавсумий кўтарилишларисиз таъминлаш, уни экспортга чиқаришни кенгайтириш, нархлар барқарорлигини сақлаш имконини беради.

Республикада экин майдонларини мақбуллаштириш бўйича катта иш олиб борилмоқда, 2020 йилга келиб пахта етиштиришни 350 минг тоннага қисқартириш режалаштириляпти, шу тариқа 170,5 минг га атрофида суғориладиган ер бўшайди. Донли бошоқ экинларини етиштириш 16,4%га, картошка етиштириш – 35%га, бошқа сабзавотларни етиштириш – 30%га, мева ва узум етиштириш – 21,5%га кўпаяди. Тегишинча, ушбу озиқ-овқат турларини экспорт қилиш ҳажмлари анча ошади.

Рақобатбардошлик ўсишининг қуйидаги базавий йўналишлари белгиланган: ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, инфратузилмани ривожлантириш, барқарор ва самарали агрологистика; экспортчилар салоҳиятини мустаҳкамлаш. Амалдор ишлаб чиқариш таркибида эътибор импорт ўрнини босиш устун туришидан экспортга йўналтирилганлик ва рақобатбардошликка қаратилганлигини таъкидлади.

 

Минтақанинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш учун

Мажлисдаги кенг авж олган очиқ мунозарада тадбиркор ва экспертлар Марказий Осиёда савдо ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш учун иқтисодий ва геосиёсий шарт-шароитларни баҳоладилар. Бу баҳолашлар баъзан қарама-қарши бўлди, гоҳида мунозарали, баъзида қатъий бўлди. Чунончи, улар Марказий Осиё савдо жиҳатидан заиф интеграциялашган минтақа эканлигини қайд этдилар. Минтақа мамлакатлари ўз қўшниларига қараганда олис хориж мамлакатлари билан кўпроқ савдо қиладилар. Бу савдо обороти, товарлар ва хизматлар таркибининг ғоятда ўхшашлиги билан изоҳланади. Чунончи, мисол учун, ўтган йил Қозоғистоннинг Марказий Осиё республикалари билан товар айланмаси бор-йўғи 3,5 млрд АҚШ долларини ташкил этди, шундан 1,7 млрд доллари Ўзбекистонга тўғри келади.

Бунда борган сари мураккаблашаётган ва ўзаро боғлиқ дунёда Марказий Осиё давлатлари жадал ҳал этишни талаб этадиган янги муаммоларга тўқнаш келмоқдалар. Чунончи, мисол учун, Қозоғистоннинг ЕИ, МДҲ, Хитой, АҚШ сингари стратегик ҳамкорлар билан товар айланмаси жорий йилнинг 4 ойи ичида пул ифодасида ўтган йилнинг худди шу даври билан таққослаганда камайган. АҚШ билан ялпи савдо 1,2 баравар, ЕИ билан – 1,6 баравар, МДҲ мамлакатлари билан – 1,4 баравар қисқарган. Асосий ҳамкор бўлмиш РФ билан товар айланмаси ҳам қисқарган – 1,4 баравар. Экспертлар буни Қозоғистон хом ашёси экспорти физик ва қиймат кўрсаткичларининг тушиб кетиши, Хитой ва Россияда Қозоғистон маҳсулотига умумий талабнинг қисқариши, импортда республика эҳтиёжларининг пасайиши ва валюта курсларининг волатиллиги билан боғлайдилар.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 49%ини ХХР, РФ, Қозоғистон ташкил этади. Бу эса унчалик яхши ҳол эмас. Қўшнининг тажрибасини ҳисобга олиб, мамлакатга сотиш географияси ва савдо айланмаси таркибини янада диверсификациялаш фойдали бўлади.

Жаҳон банки рейтингига кўра Марказий Осиё мамлакатларида ишбилармонлик фаоллиги кодекси сезиларли яхшиланишни кўрсатаётганига қарамай, улар иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш тўғрисида ўйлашлари лозим, деб ҳисоблайди UNIDO савдо, инвестициялар ва инновациялар департаменти директори Бернардо Кальцидилл–Сармиенто. У эса бутунлай бошқача ўлчанади. Шу сабабли минтақавий савдони ривожлантириш зарур – бу мавҳум тезис эмас, балки долзарб зарурат. Бу борада ҳам иштирокчилар якдил бўлдилар.

Жаҳон банкининг Хусусий сектор, савдо ва рақобатбардошликни ривожлантириш бўйича етакчи мутахассиси Стефка СЛАВОВА ­эътиборни бошқа савдо блокларининг тажрибасига қаратди, унинг фикрича, ЕИИнинг тажрибаси Марказий Осиёни интеграциялаш учун фойдали бўлиши мумкин.

Иқтисод фанлари доктори, Қирғизистон ССПнинг саноат сиёсати, экспортга кўмаклашиш, инфратузилма ва логистикани ривожлантириш қўмитаси раиси Қубат РАҲИМОВнинг таъкидлашича, экспорт қилинадиган товарларнинг анъанавий гуруҳлари бўйича логистикани яхшилаш, чиқимларни камайтириш, қадоқлашни яхшилаш, брендлаш билан шуғулланиш ва рақобатчиларни синчиклаб кузатиш керак. Унинг фикрича, биринчи навбатда, айланма капитали, омборлар ва логистика бўйича биргаликдаги фаолиятни самарали ташкил этиш учун Марказий Осиё мамлакатлари бирлашмасини бунёд этиш зарур (биттаси ЕОИИ аъзоси, бошқаси эса – аъзо эмас). Чунончи, у темир йўл логистикаси устун турадиган «Ўзбекистон–Қозоғистон», автотранспорт устун бўлган «Тожикистон–Қирғизистон» бирлашмаларини бунёд этиш самарали бўлади деб ҳисоблайди.

Қ.Раҳимов Марказий Осиё мамлакатларида туристларни қабул қилишга эътибор қаратди, бу жуда катта имкониятларга эга. Ягона туристик маҳсулотларни яратишга талаб катта, чунки кўпчилик туристлар битта сафардаёқ минтақани имкони борича кенгроқ қамраб олишни хоҳлайдилар. Шу муносабат билан локал ишлаб чиқариш қувватлари – озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, пойабзал, эсдалик буюмлар жамликда амал қиладиган, ғоятда самарали туристик маҳсулотлар зарур (Ҳиндистон, Монголия мисолларида). Унинг таъкидлашича, 5 мамлакатнинг барчасида тиббий хизматлар, шу жумладан санаторийда даволаниш экспорти учун муайян истиқболлар мавжуд.

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази (Ўзбекистон) директори Юлий ЮСУПОВнинг фикрича, минтақавий кооперация рақобатбардошликни оширишнинг таъсирчан дастаги бўлиши мумкин. У Марказий Осиё минтақаси ва халқаро бозорларга йўналтирилган юзлаб йирик компаниялар бунёд этиш анча фойдали бўлади деб ҳисоблайди. Бунда минтақавий иқтисодий ҳамкорлик минтақавий кластерлар – корхоналар кооперациясининг энг самарали замонавий шаклини бунёд этиш учун имкониятлар очади. Ўз навбатида минтақа корхоналари рақобатбардошлигининг ошиши уларнинг жаҳон бозорларига экспорт қилиш учун имкониятларини кенгайтиради. Минтақавий кооперация ва ҳамкорликнинг шакллари бўлиб минтақавий инвестиция лойиҳалари, кооперация – ишлаб чиқариш, бозор, инфратузилма кооперацияси бўлиши мумкин. Баъзи иштирокчилар минтақавий кооперация ғоясига ишонмай қарадилар, минтақавий савдони ривожлантиришга мамлакатлар ўртасидаги икки тарафлама битим самаралироқ имкон яратади деган фикр айтилди.

 

Эътибор доирасида

Анжуманнинг амалий дастури ўндан ортиқ давра суҳбатлари, очиқ мунозаралар, семинарларни ўз ичига олди. Уларнинг мавзулари ғоятда хилма-хил – Марказий Осиёда бизнес муҳитини Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш» рейтинги бўйича баҳолаш; Минтақавий туризмни ривожлантириш: янги йўналишлар ва имкониятлар; Транспорт ва логистикани ривожлантириш: янги муаммолар ва имкониятлар; Марказий Осиёдан мева-сабзавот маҳсулоти экспортини ривожлантириш. Янги Ипак йўли ташаббуси элементларидан бири Марказий ва Жанубий Осиёни бирлаштириш, уларнинг тадбиркорлик ҳамжамиятлари ўртасида амалий алоқалар ўрнатиш ҳисобланади. Шу боис давра суҳбатларида муҳокама қилинган мавзулар орасида Марказий Осиё мамлакатлари, Афғонистон ва Покистонда бойитилган ун савдосини ривожлантиришга кўмаклашиш; Ҳиндистон билан Марказий Осиё ўртасида иқтисодий муносабатларни ривожлантириш; Покистон ва Афғонистон билан савдони ривожлантириш имкониятлари бор эди. Анжуман тадбирларининг мавзулари ғоятда хилма-хил бўлса-да, уларнинг ҳаммаси бир мақсадга – минтақа мамлакатларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва кенгайтириш дастакларини белгилайдиган стратегик ташаббусларга қаратилган эди.

2015 йил 1 январдан 2016 йил 1 июлга қадар экспортга маҳсулот етказиб беришни амалга оширган Марказий Осиё Савдо анжумани барча иштирокчилари «VI Марказий Осиё cавдо анжуманининг энг яхши экспортчиси» танлови иштирокчиларига айландилар. Унинг ғолибларини тақдирлаш биринчи куннинг қизиқарли якунловчи маросимига айланди.

«Экспорт бозорларини энг кўп қамраб олиш» номинациясида Ўзбекистоннинг «Marwin Brands» компанияси – шарбат ва нектарларнинг машҳур ишлаб чиқарувчиси ғолиб бўлди.

«Экспортнинг энг катта ҳажми» ва «Энг яхши кўргазма стенди» деб номланган икки бошқа номинацияда қозоғистонлик бизнес вакиллар ғолиб бўлишди.

Этнофешн-шоу маросимнинг ёрқин, томошабоп хотимаси бўлди. Унда Марказий Осиё барча мамлакатларининг модельерлари қатнашдилар. Улар жумласида Ўзбекистондан истеъдодли этнодизайнер Зуҳра Худойқулова бор эди. Қозоғистонлик машҳур дизайнер Ойгул Жонсерикова билан бирга улар ўзларининг Moel Bosh ва Aigul Line брендларининг қўшма коллекциясини, REC USAID лойиҳасининг кўмагида Spinna Cirсle тармоғи амалга оширган, тўқимачилик секторидаги хотин-қизлар учун сотиш бозорларини кенгайтириш ва алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича лойиҳа доирасида улар ҳамкорлигининг ижодий якунини тақдим этдилар. Ойгулнинг айтишича, бу – нафақат лойиҳанинг натижаси, айтиш мумкинки, бу – қозоқ ва ўзбек дизайнерлари ҳамкорлиги ҳамда дўстлигининг натижасидир. Бу – янги ғоя, анъанавий қозоқ кигизини Марғилондаги ўзбек адраси ва табиий ипак билан бирлаштирган янги коллекция. Кигиздан ишланган баъзи буюмлардаги қўлда ишланган суратлар бутун дунёга машҳур бўлган ўзбекча икат техникасини эслатади.

Нохом ашё сектори товарларининг анъанавий кўргазмаси Анжуманнинг яна бир дурдонаси бўлди. У маркетингнинг самарали дастаги бўлиб, экспонентларга ўз ютуқлари ва маҳсулотларини кўрсатиш, янги ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш ва тажриба айирбошлаш имконини берди. Кўргазмада Марказий Осиё, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва Литвадан 40 дан ортиқ компания иштирок этди. Безатишга ижодий ёндашган, Ўзбекистоннинг «Turon Transit Logistics» транспорт-логистик компаниясининг ажойиб кўргазма экспозицияси тўлиқ ахборотлар билан тўлдирилганини алоҳида таъкидлашни хоҳлардик. Фикримизча, у ҳақиқатан ҳам ўз номинациясида ғолиб бўлиши мумкин эди.

Бундан ташқари, миллий бурчаклар фаолият юритди. Улар сони бўйича Ўзбекистон олдинда эди. Ўзбекистон тадбиркор аёллар уюшмаси, Uzbektourizm, Uzagroexport ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этдилар.

VI Марказий Осиё савдо анжумани Ўзбекистон делегацияси ишбилармонлик салоҳиятининг ҳам ёрқин намойишига айланди. Мамлакатимиз тадбиркорлари ва раҳбарлари орасида кучли етакчилар ва ғайрат-шижоатли ишбилармонларнинг борлиги Анжуманнинг кўп иштирокчилари томонидан таъкидланди.

 

Кейинги 5 йил ичида 20 мамлакатдан 3 000 нафардан ортиқ тадбиркор, эксперт, жамоатчилик фикри етакчилари Анжуман ишида қатнашди. 28 млн АҚШ долларилик контрактлар амалга оширилди. Ҳамкорлик келишувлари тўғрисида 300 млн АҚШ доллари ҳажмидаги меморандумлар имзоланди.

 

 

«Экспорт бозорларини энг кўп қамраб олиш» номинациясида Ўзбекистоннинг «Marwin Brands» компанияси – шарбат ва нектарларнинг машҳур ишлаб чиқарувчиси ғолиб бўлди.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА.

Прочитано: 1991 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика