Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 37 / Ҳужжатли расмийлаштириш

Бошланғич ҳужжатни имзоламаслик оқибати

 

2016 йил 14 апрелда янги таҳрирдаги «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун кучга кирди. Корхона бухгалтериясига етказиб берувчилар ва ижрочилар, харидорлар ва буюртмачилардан турли ҳужжатлар келиб тушади, улар (ҳисобварақ-фактуралар, юкхатлар, бажарилган ишлар далолатномалари, ишончномалар) моддий бойликларни қабул қилиш ва беришга асос бўлади. Кейинчалик текшириш чоғида ҳужжатни фақат раҳбар имзолаган, бош бухгалтер имзоси ўрнида эса «Бош бухгалтер назарда тутилмаган» деб кўрсатилганлиги аниқланиши мумкин.

Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун талабларини бузган ҳолда расмийлаштирилган ҳужжатни берган, шунингдек уни олган томонга нисбатан қандай жазо ёки молиявий санкциялар қўлланиши мумкин?

Қаерда ва қайси ҳужжатда юқоридаги талаблар тартибга солинган, моддий бойликлар ва бошқаларни тегишли равишда қабул қилиш ва беришга асос бўлувчи, нотўғри расмийлаштирилган бошланғич бухгалтерия ҳужжатлари берилиши ва олинишида айбдор шахсларга нисбатан молиявий жарима миқдорлари белгиланган?

Л.Медведева,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

– Ҳақиқатан ҳам, янги таҳрирдаги «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун талаблари ҳужжатларда корхона раҳбари ёки у белгилайдиган шахсларнинг имзоси албатта бўлишини назарда тутади. Мазкур шахсларнинг имзоси мавжуд бўлмаган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Корхона раҳбари имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг 2 та рўйхатини тасдиқлаши шарт:

биринчи рўйхатга раҳбарлик вазифаларини амалга оширувчи шахслар;

иккинчисига эса – бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахслар киради.

Агар корхонанинг штат жадвалида бош бухгалтер лавозими назарда тутилмаган бўлса, раҳбар унинг вазифаларини ўз зиммасига олишга ҳақли бўлади. Бунинг учун у бухгалтерия ҳисобини юритиш мажбуриятларини зиммасига олганлигини ҳужжат билан расмийлаштириши зарур. У тегишли буйруқ чиқариши, штат жадвалини тасдиқлаши, бу ҳақда хизмат кўрсатувчи банкни ва тегишли давлат тузилмаларини (зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда) хабардор қилиши шарт.

Агар ҳужжатда раҳбарнинг имзоси билан бир қаторда бош бухгалтернинг имзоси назарда тутилган бўлса, бухгалтерия ҳисобини юритиш мажбуриятларини зиммасига олган раҳбар ўзи учун ҳам, бош бухгалтер учун ҳам имзо қўйиши керак.

Бош бухгалтер имзоси ўрнига «Назарда тутилмаган» деб қайд этиш қонун ҳужжатларида белгиланмаган.

Бош бухгалтернинг (ёки унинг вазифаларини бажарувчи шахснинг) имзоси қўйилиши шарт бўлган ҳужжатларда унинг йўқлигини аниқлаган текширувчилар буни бухгалтерия ҳисобини юритиш тартибини бузиш деб талқин қилишга ҳақли бўладилар.

МЖТКнинг 175-1-моддасига мувофиқ, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонуннинг 13-моддаси талабларини бузган ҳолда расмийлаштирилган етказиб берувчилар ва пудратчиларнинг ҳужжатлари бўйича амалга оширилган операцияларнинг акс эттирилиши ҳам бухгалтерия ҳисобини юритиш тартибини бузиш деб ҳисобланади.

Бироқ бу ҳужжатларнинг нотўғри имзоланиши юзага келтириши мумкин бўлган санкцияларнинг ҳаммаси эмас. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилишича, солиқ тўловчиларнинг харажатлари асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак (Солиқ кодексининг 141-моддаси). Операция санасини, суммасини, хусусиятини аниқлаш ва унинг иштирокчиларини идентификация қилиш имконини берадиган ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатлар ҳужжат билан тасдиқланган харажатлар деб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 22-моддаси).

Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунда назарда тутилган шахсларнинг имзоси мавжуд бўлмаган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши боис текширувчиларнинг улар асосида қилинган харажатлар асосланмаган ва ҳужжатлар билан тасдиқланмаган деб ҳисоблашига асос бўлади*.

Бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун ҳужжатларни Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунда белгиланганидек расмийлаштириш, шунингдек етказиб берувчилар ва пудратчилардан уларни олишда ҳужжатларни лозим даражада расмийлаштиришни талаб қилиш зарур.

 


*Энг кўп қўлланиладиган ҳужжатларда имзо қўймаслик оқибатлари ҳақида «СБХ»нинг 6.09.2016 йилдаги 36-сонида ўқинг.

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1890 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика