Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 37 / Солиқ тўловчига ёрдам

Назорат-касса машиналари: мақсади ва қўллаш тартиби

 

Маҳсулотлар, товарларни сотишда, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишда аҳоли билан пулли ҳисоб-китоблар барча юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан назорат-касса машиналари мажбурий тартибда қўлланган ҳолда амалга оширилади.

 

Назорат-касса машинаси (НКМ) – товарларни сотиш ва хизматлар кўрсатишда пулли ҳисоб-китобларни ёзиш учун фойдаланиладиган, фискал хотира блокига эга бўлган электрон ускуна. У электр энергияси борлигидан қатъи назар, ахборот ҳар сменада тузатилмай рўйхатдан ўтказилиши ва узоқ вақт сақланишини таъминлайди.

Касса аппаратининг асосий вазифаси – олди-сотди битимини хотирада ва қоғозда (касса чекида) қайд этиш. Бироқ НКМ – фақат давлат томонидан нақд пул оборотини назорат қилиш, корхоналарнинг нақд тушумни тўлиқ ва ўз вақтида кирим қилиши дастаги эмас. У сотувчиларни назорат қилиш имконини бериши сабабли бизнеснинг ўзи учун ҳам зарур.

 

НКМнинг давлат реестри

Мамлакатимизда фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланиши рухсат этилган фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг Давлат реестрига (ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарори) киритилган НКМ моделлари ва уларнинг дастурий маҳсулотлари қўлланилади. Агар улар Давлат реестрига киритилмаган бўлса, уларни қўллаш тақиқланади.

НКМнинг Давлат реестри ЎзР Давлат солиқ қўмитасининг soliq.uz расмий сайтида жойлаштирилган.

 

Қўллаш тартиби

НКМни рўйхатдан ўтказиш, қўллаш, унга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашдан бошлаб уни қўллаш тартиби қатъий тартибга солинган. Уни қўллашга доир талаблар қуйидаги ҳужжатлар билан белгиланган:

Солиқ кодексининг 72-моддаси;

Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 306-сон қарорига 1-илова);

Президентнинг «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (26.04.2010 йилдаги ПҚ-1326-сон).

Тегишинча, агар тадбиркорлик субъекти нақд ҳисоб-китоб қилиб товарларни (маҳсулотларни) сотишни ва хизматлар кўрсатишни режалаштираётган бўлса, у НКМни сотиб олиши ва тўғри қўллаши шарт. Нимани қандай қилиш кераклигини қадамма-қадам кўриб чиқамиз.

 

1-ҚАДАМ. Аппарат сотиб оламиз

НКМни сотиб олаётганда аввало ушбу модель НКМнинг Давлат реестрига киритилганлигини текшириш зарур.

«Ўзстандарт» агентлиги ёки у аккредитациялаган орган томонидан берилган НКМнинг мувофиқлик сертификати мавжудлигига ҳам эътибор беринг. Одатда харидорга ишлаб чиқарувчи ёки импортчининг муҳри билан тасдиқланган сертификат нусхаси тақдим этилади.

Ишлатилган НКМни қўллаш тақиқланмаган. Уни сотиб олаётганда НКМ солиқ органлари ҳисобидан чиқарилганлигини ҳам албатта текширинг. Ҳар бир НКМнинг рўйхатдан ўтказиш карточкаси бўлади, унга ДСИнинг тегишли белгиси қўйилган бўлиши керак.

 

2-ҚАДАМ. Рўйхатдан ўтказишга тайёрланамиз

НКМ солиқ органларида рўйхатдан ўтказилиши керак. Ариза билан бирга ДСИга тақдим этиш учун зарур бўлган бир қатор ҳужжатларни олдиндан тай­ёрлаш лозим.

1. Ижара шартномаси. Агар ўз хонаси бўлмаса, хонани ижарага олиш шартномасига асосан уни ижарага олиш мумкин. Шартномани юридик ва жисмоний шахс билан тузиш мумкин. Ижарага олинаётган хона амалга оширилаётган фаолият турига мувофиқ бўлиши шарт. Тадбиркорлик фаолияти учун турар жой хоналаридан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

2. Нақд тушумни инкассация қилишга шартнома. Кундалик нақд тушум албатта банкка топширилиши керак. Шу сабабли банк ва инкассация хизмати билан нақд пул тушумини инкассация қилиш ҳақида шартнома тузиш зарур.

3. НКМга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш шартномаси. У НКМга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлашга ихтисослашган хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан тузилади. Бундай ташкилотлар ДСИда ҳисобда туради. Улар сервис хизматлари кўрсатиш билан шуғулланувчи бириктирилган мутахассислар ҳақида, таъмирлашга буюртмаларни қабул қилиш пункти ва телефон рақамини кўрсатган ҳолда, солиқ органларини ёзма равишда хабардор қиладилар. Бундай ташкилотлардан бири билан (танловга кўра) НКМга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш шартномасини тузиш мумкин.

4. Кассир-операциячининг назорат-касса дафтари. Бу махсус дафтар бўлиб, унда НКМ хотирасига киритилган ва банк кассасига топширилган пул тушуми ҳақидаги маълумотлар қайд этилади. Бундай дафтарни эркин сотувда харид қилиш мумкин. Дафтар белгиланган шаклда бўлиши керак. Унга тартиб рақами қўйилган, ип билан тикилган, раҳбар имзоси ва корхона муҳри билан тасдиқланган бўлиши зарур.

 

3-ҚАДАМ. Рўйхатдан ўтказамиз

НКМни савдо шохобчаси жойлашган жойдаги солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш карточкасини олиш зарур. Агар бир нечта шохобча бўлса, ҳар бири жойлашган жойидаги ДСИда рўйхатдан ўтказилган алоҳида НКМ билан жиҳозланган бўлиши керак.

Рўйхатдан ўтказиш карточкаси амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади ва нақд пулли ҳисоб-китоб қилиб товарларни сотиш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат ҳисобланади. Уни берганлик учун тўловлар ундирилмайди.

Рўйхатдан ўтказиш карточкасини олиш учун савдо шохобчаси жойлашган жойдаги солиқ органига ариза билан мурожаат қилиш зарур. Аризага қуйидаги ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади:

 НКМнинг мувофиқлик сертификати;

 савдо шохобчасини ижарага олиш шартномаси ёки мулк ҳуқуқи ордери;

 нақд пул тушумини инкассация қилиш ҳақида шартнома;

 НКМга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш шартномаси;

 НКМ фискал хотираси дастурларининг ҳолати юзасидан хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг хулосаси.

Агар НКМдан илгари фойдаланилган бўлса, фискал хотира ҳисоблагичи кўрсаткичларини қайд этиш далолатномасининг нусхаси ва ҳисобдан чиқарилганлиги ҳақида белги қўйилган рўйхатдан ўтказиш карточкаси ҳам тақдим этилади.

Ҳужжатларни бевосита (шахсан келиб), почта алоқаси орқали ёки электрон шаклда тақдим этиш мумкин. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар хўжалик юритувчи субъектнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.

Кассир-операциячининг назорат-касса дафтари ҳам рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилади. У ДСИ муҳри билан тасдиқланади ва ариза берувчига рўйхатдан ўтказиш карточкаси билан бирга қайтарилади.

Солиқ органлари тақдим этилган ҳужжатлар тўғрилигини текширгандан кейин НКМнинг фискал хотирасидан фойдаланишни кодлаштирадилар ва пломба ўрнатадилар. НКМ пломбаларининг бутлиги учун жавобгарлик шахсан корхона раҳбари зиммасига юкланади.

Солиқ органлари қуйидаги ҳолларда НКМни рўйхатдан ўтказишни рад этишлари мумкин:

ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганда;

хўжалик юритувчи субъект рухсат берувчи талаблар ва шартларга мувофиқ бўлмаганда;

ҳужжатларда тўғри бўлмаган ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда.

Рўйхатдан ўтказиш рад этилганлиги ҳақида корхона ёзма равишда, рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда хабардор қилинади.

Рад этиш сабаблари бартараф этилгандан кейин ариза берувчи НКМни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни такроран тақдим этишга ҳақли.

 

4-ҚАДАМ. НКМни қўллаймиз

НКМ ҳар куни иш бошланишидан олдин (хўжалик юритувчи субъектнинг буйруғи билан бириктирилган) масъул шахс томонидан умумий техник ҳолати, созлиги ҳамда сана ва вақт аниқ кўрсатилиши юзасидан текширилади.

Аҳоли билан ҳисоб-китоб қилишда харидорларга улардан нақд пул қабул қилинганлигини тасдиқловчи чек мажбурий тартибда берилиши керак. Чекларда қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча маълумотлар бўлиши керак:

 НКМ эгасининг номи ва СТИР;

 тўлов суммаси;

 товарлар ва хизматлар номи;

 тўлов санаси ва вақти;

 НКМнинг завод рақами;

 касса чекининг тартиб рақами;

 фискал режим белгиси.

Касса чекларида бошқа реквизитлар ҳам бўлиши мумкин. Масалан, савдо шохобчасининг номи ва манзили (хўжалик юритувчи субъект савдо шохобчалари тармоғига эга бўлган ҳолларда).

Иш куни охирида кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтари мажбурий тартибда тўлдирилган ҳолда ҳар бир НКМ бўйича кунлик ҳисобот чиқариб олинади.

Фаолият юритиш жараёнида харидор товарларни қайтариши ҳоллари юзага келиши мумкин. Бундай ҳолларда сотувчи харидорга пул маблағларини қайтариши шарт. Пул маблағлари харидор тақдим этган ёзма ариза ва ушбу товарга ҳақ тўланганлигини тасдиқлайдиган касса чеки (ёки квитанция) асосида қайтарилади.

Қайтарилган товарни қабул қилиб олиш учун юкхат расмийлаштирилади (2 нусхада). Бир нусхаси товар ҳисоботига (товарлар ҳаракатини ҳисобга олувчи бухгалтерия ҳужжатига) тиркаб қўйилади, бошқаси харидорга топширилади.

Қайтарилган суммага масъул шахслар имзолайдиган ва хўжалик юритувчи субъект раҳбари тасдиқлайдиган пул маблағларини қайтариш тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади. Харидор тақдим этган касса чеклари қоғоз варағига ёпиштирилиб, далолатнома билан бирга бухгалтерияга топширилади.

Кассадан пул маблағларини қайтариш учун харидорнинг фамилияси, исми, отасининг исми албатта кўрсатилган ҳолда чиқим касса ордери тузилади.

 

5-ҚАДАМ. Назорат-касса дафтарини тўлдирамиз

Ҳар бир НКМга алоҳида назорат-касса дафтари тутилади.

Дафтар белгиланган шаклда юритилади, унда иш куни (смена) давомида НКМ хотирасига киритилган ва банк кассасига топширилган тушум ҳақидаги ҳамда иш куни охирида нақд пул тушуми қолдиғи суммаси тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади. Дафтар махсус Низомга (АВ томонидан 9.01.2012 йилда 2309-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ тўлдирилади.

Ундаги барча ёзувлар хронологик тартибда сиёҳ билан, ўчириб ёзилмасдан қайд этилади. Дафтарга киритиладиган тузатишлар олдиндан келишилиши ва кассир, директор, унинг ўринбосари ёки бош бухгалтернинг имзолари билан тасдиқланиши керак.

Дафтарни ташкилот буйруғига асосан НКМга бириктирилган кассир-операциячи тўлдиради. Якка тартибдаги тадбиркор уни мустақил равишда тўлдиради.

Хўжалик юритувчи субъект раҳбари ёки раҳбар тайинлаган масъул шахс дафтарга қайд этилган ахборотни текширади ва унинг тўғрилигини тасдиқлаш учун имзо чекади.

Дафтар охиригача тўлдирилган ёки йўқотилган тақдирда НКМ рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органларига ариза билан мурожаат қилиш ва янги дафтарни рўйхатдан ўтказиш зарур. Янги дафтар сўнгги тартиб рақамидан бошлаб давом эттирган ҳолда тўлдирилади.

 

6-ҚАДАМ. Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш

НКМни ишлатиш давомида уни таъмирлаш зарурати юзага келиши мумкин. Бундай ҳолларда дарҳол хизмат кўрсатувчи (НКМга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш шартномаси тузилган) ташкилотдан мутахассисни чақириш ва рўйхатдан ўтган жойдаги солиқ органини бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилиш лозим. Солиқ органлари билдиришнома ва хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг НКМни таъмирлаш учун етказиш юзасидан тузган далолатнома-кўрсатмасини олган кундан кейинги иш кунидан кечикмай, НКМни пломбани бузган ҳолда таъмирлашга юбориш ҳақида қарор қабул қиладилар.

НКМни мустақил равишда таъмирлаш ёки бошқа ташкилотга таъмирлаш учун бериш тақиқланади. Бу жарима санкциялари солинишига олиб келиши мумкин.

НКМ таъмирлашда бўлган вақтда, шунингдек электр энергияси вақтинча бўлмаса, аҳолидан нақд пул қабул қилиниши квитанция билан расмийлаштирилиши керак. Бу ҳолда савдо-сотиқ тўхтаб қолишининг олдини олиш учун квитанцияларни (белгиланган шаклдаги) олдиндан расмийлаштириш ва уларни солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш мумкин.

Таъмирлашдан сўнг хизмат кўрсатувчи ташкилот НКМ билан бирга у ўтказилганлиги ҳақида далолатнома ва фискал хотира кўрсаткичлари қайд этилган далолатнома нусхаларини беради. Солиқ органи НКМга янги пломба ўрнатади.

 

7-ҚАДАМ. Қайта рўйхатдан ўтказамиз ва НКМни ҳисобдан чиқарамиз

Юридик шахс бошқа мулкчилик шаклига ўтиши, ўз номини ёки туман (шаҳар) доирасида турғун шохобчаси жойлашган жойни ўзгартириши мумкин. Бу ҳолда таъсис ҳужжатлари қайта рўйхатдан ўтказилгандан ёхуд янги манзилдаги хонани ижарага олиш (ёки мулк ҳуқуқини сотиб олиш) шартномаси тузилгандан кейин 7 иш куни мобайнида НКМнинг рўйхатдан ўтказиш карточкасига тегишли ўзгаришларни киритиш учун солиқ органларига:

 турғун шохобча жойлашган жойнинг олдинги ва янги манзили кўрсатилган ариза;

 НКМни рўйхатдан ўтказиш карточкаси;

 янги манзил бўйича турғун шохобча мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар;

 турғун шохобчанинг янги манзили бўйича нақд пул тушуми инкассацияси тўғрисидаги шартноманинг нусхаси тақдим этилиши керак.

Бошқа ҳудуддаги, масалан, бошқа шаҳар, туман ёки ўзга аҳоли пунктидаги (солиқ органларида ҳисобга олиш жойи ўзгарса) турғун шохобча жойлашган жой ўзгарган, шунингдек хўжалик юритувчи субъект тугатилган (фаолияти тўхтатилган) тақдирда НКМ рўйхатдан мажбурий равишда чиқарилиши керак.

НКМни рўйхатдан чиқариш учун унинг эгаси солиқ органи бошлиғи номига ариза тақдим этиши, унда ўз реквизитларини, НКМнинг модели ва завод рақамини, рўйхатдан ўтказишдан чиқариш сабабларини кўрсатиши зарур. Унга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

 НКМни рўйхатдан ўтказиш карточкаси;

 инкассация хизматида тасдиқланган, фаолиятнинг тугалланганлиги тўғрисидаги хат-билдиришноманинг нусхаси;

 кассир-операциячининг назорат-касса дафтари.

Солиқ органи ариза ва илова қилинадиган ҳужжатлар асосида НКМ рўйхатдан ўтказилган бутун давр учун фискал хотиранинг якуний кўрсаткичларини чиқариб олади. Бу ҳақда далолатнома тузилади, рўйхатдан ўтказиш карточкасига ва НКМни рўйхатдан ўтказиш дафтарига тегишли ёзувлар киритилади. Тегишли ўзгартиришлар киритилгандан кейин кассир-операциячининг назорат-касса дафтари ва НКМни рўйхатдан ўтказиш карточкаси хўжалик юритувчи субъектга қайтарилади.

 

НКМни қўллашга доир талаблар

 

Амалда қўллагунга қадар

 

Қўллаш чоғида

 

рўйхатдан ўтказиш карточкасини берган ҳолда солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш

 

тўлов пайтида харидорларга касса чеклари бериш

 

техник хизмат кўрсатиш учун қўйиш

 

кассир-операциячининг дафтарида кўрсаткичларни ҳисобга олиш

 

созлигини текшириш ва ишда синаб кўриш

 

назорат чек тасмалари ва бошқа касса ҳужжатларини сақлаш

 

қўллаш, рўйхатдан ўтказиш ва фойдаланишга жорий этиш билан боғлиқ ҳужжатларни тузиш ва сақлаш

 

фискал хотирага киритилган суммалар қайтарилишини ҳужжатли расмийлаштириш

 

 

созлигини таъминлаш, зарурат туғилганда – таъмирлаш

 

 

солиқ органлари текширув ўтказаётганда НКМни текшириш имконини таъминлаш ва НКМга доир ҳужжатларни тақдим этиш

 

 

 

НКМни қўллаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик

НКМни қўллаш тартибига риоя этилишини солиқ органлари назорат қиладилар. Улар солиқ текширувларини ўтказиш чоғида НКМда сақланаётган маълумотлардан фойдаланишга ҳақли бўладилар.

НКМни қўллаш тартибини бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан Солиқ кодексида назарда тутилган молиявий санкциялар қўлланади.

Жисмоний шахслар, шунингдек корхонанинг мансабдор шахслари маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиладилар. Бунга қуйидагилар асос бўлиши мумкин:

товарлар, ишлар ва хизматларни НКМни қўлламасдан, харидорга квитанция ёзиб бермасдан, талонлар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бермасдан сотиш;

сертификати бўлмаган ва (ёки) белгиланган ягона техник талабларга жавоб бермайдиган ёхуд солиқ органида рўйхатдан ўтказилмаган НКМни қўллаган ҳолда чекларни бериш.

НКМнинг пломбалари сақланиши учун хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари шахсан жавобгар бўлади.

Юридик шахсларга нисбатан санкциялар

 

Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини бузганлик учун ташкилотларга нисбатан Солиқ кодексининг 119-моддасига мувофиқ молиявий санкциялар қўлланади.

Солиқ тўловчи томонидан солиққа оид бир неча ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, жарима тарзидаги молиявий санкциялар унча оғир бўлмаган молиявий санкцияни оғирроқ жарима билан қамраб олиш ёхуд тайинланган жарималарни тўлиқ ёки қисман қўшиш орқали солиққа оид ҳуқуқбузарликлар мажмуи бўйича қўлланилади. Бунда жариманинг узил-кесил миқдори жариманинг юқори миқдори назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган энг кўп миқдордан ошиши мумкин эмас (Солиқ кодексининг 108-моддаси 8-қисми).

Қўлланиладиган молиявий санкция ҳуқуқбузарликнинг оқибатларига номутаносиб бўлган, жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, шунингдек ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олиб, суд молиявий санкциянинг энг кам даражасидан ҳам камроқ, бироқ белгиланган санкция энг кам миқдорининг 25%идан кам бўлмаган миқдорда, сабаблар ва асосларни албатта кўрсатган ҳолда молиявий санкция қўллашга ҳақли (Солиқ кодексининг 112-моддаси 4-қисми).

 

Солиқ кодексига мувофиқ қўлланадиган санкциялар

 

Ҳуқуқбузарлик тури

 

Қўллаш шартлари

 

Жарима миқдори

 

Фискал хотирали НКМни ишлатиш мажбурий бўлгани ҳолда уларни ишлатмасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик

 

ҳуқуқбузарлик биринчи бор содир этилганда

 

ЭКИҲнинг 30 бараваридан
50 бараваригача

 

ҳуқуқбузарлик жарима қўлланилганидан кейин 1 йил ичида такрор содир этилганда

 

ЭКИҲнинг 75 бараваридан
100 бараваригача

 

Сотиб олувчига квитанциялар ёзиб бериш, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бериш мажбурий бўлгани ҳолда бундай ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик

 

ҳуқуқбузарлик биринчи бор содир этилганда

 

ЭКИҲнинг 30 бараваридан
50 бараваригача

 

ҳуқуқбузарлик жарима қўлланилганидан кейин 1 йил ичида такрор содир этилганда

 

ЭКИҲнинг 75 бараваридан
100 бараваригача

 

Техник талабларга жавоб бермайдиган ёки фискал хотирасининг хизмат кўрсатиш дастури бузилган НКМдан фойдаланганлик

 

ҳуқуқбузарлик биринчи бор содир этилганда

 

ЭКИҲнинг 100 баравари

 

ҳуқуқбузарлик жарима қўлланилганидан кейин 1 йил ичида такрор содир этилганда

 

ЭКИҲнинг 200 баравари

 

Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш)

 

 

тушум яширилган (камайтириб кўрсатилган) суммасининг 20%и

Тушумнинг яширилган (камайтириб кўрсатилган) суммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш амалга оширилади

 

 

Жисмоний шахслар учун жарималар

НКМни қўллаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖТК) ва Жиноят кодекси (ЖК) билан белгиланган. Уларга чакана савдо ва касса операцияларини юритиш қоидаларини бузиш деб қаралади ҳамда МЖТКнинг 164, 175-моддалари ва ЖКнинг 189-моддасига мувофиқ санкциялар қўлланишига олиб келади.

 

МЖТКга мувофиқ қўлланадиган санкциялар

 

Ҳуқуқбузарлик тури

 

Ҳуқуқбузарлик
миқдори

 

Жарима санкциялари

 

фуқаролар учун

 

мансабдор шахслар учун

 

Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш

 

ЭКИҲнинг
100 бараваригача

 

ЭКИҲнинг 1 бараваридан 5 бараваригача

 

ЭКИҲнинг 5 бараваридан
7 бараваригача

 

Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини анча миқдордаги қийматда бузиш

 

ЭКИҲнинг
100 бараваридан
300 бараваригача

 

ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача

 

ЭКИҲнинг 7 бараваридан
15 бараваригача

 

Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини кўп миқдордаги қийматда бузиш

 

ЭКИҲнинг
300 бараваридан
500 бараваригача

 

ЭКИҲнинг 10 бараваридан 50 бараваригача

 

ЭКИҲнинг 40 бараваридан 80 бараваригача

 

Касса операцияларини юритиш тартибини бузиш

 

 

 

ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача

 

 

 

Товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги (ЭКИҲнинг 500 бараваридан ортиқ) қийматда бузганлик учун эса Жиноят кодексига мувофиқ (189-модда) мансабдор шахсга нисбатан ЭКИҲнинг 300 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима солиш ёки 6 ойгача қамоқ билан жазолаш кўринишидаги жавобгарлик назарда тутилади.

 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланиши рухсат этилган фискал
хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг давлат реестри

 

Т/р

 

НКМ моделининг номи

 

НКМни ишлаб чиқарувчилар номи

 

Ишлаб чиқарувчи мамлакат

 

НКМни
Давлат реестрига киритиш санаси

 

1

 

UZBEKISTAN

 

«УЗЭФФ» ҚК

 

Ўзбекистон

 

30.08.1995 й.

 

2

 

SILEX – 7004, 8004

 

М+S Hourdakis

 

Греция

 

30.08.1995 й.

 

3

 

SILEX – PARCTIKA

 

М+S Hourdakis

 

Греция

 

12.12.1997 й.

 

4

 

CASIO FE-2000

 

CASIO

 

Япония

 

30.08.1995 й.

 

5

 

CASIO TK-2200

 

CASIO

 

Япония

 

30.08.1995 й.

 

6

 

CASIO FE-700

 

CASIO

 

Япония

 

30.08.1995 й.

 

7

 

KAPAT – 1500-Д

 

TOO

 

Болгария

 

30.08.1995 й.

 

8

 

КАРАТ-КОЛИБРИ

 

TOO

 

Болгария

 

7.03.1997 й.

 

9

 

SAMSUNG ER-4615-RF

 

SAMSUNG

 

Жанубий Корея

 

7.03.1997 й.

 

10

 

SAMSUNG ER-250-RF

 

SAMSUNG

 

Жанубий Корея

 

30.08.1995 й.

 

11

 

SAMSUNG ER-4615-F

 

«Ўз-Самсунг» ҚК

 

Ўзбекистон

 

1.04.1998 й.

 

12

 

SAMSUNG ER-250-F

 

«Ўз-Самсунг» ҚК

 

Ўзбекистон

 

1.04.1998 й.

 

13

 

ЭЛЕКТРОНИКА 92-06

 

«Бултекс» ҚК

 

Болгария

 

1.04.1998 й.

 

14

 

МЕРКУРИЙ-115Ф-Уз

 

«Фотон» АЖ

 

Ўзбекистон

 

2.10.1998 й.

 

15

 

АРКУС-КАСБИ-01Ф

 

«АРКУС-Д» ЁТАЖ

 

Россия

 

2.10.1998 й.

 

16

 

RF КАСБИ 02-Ф

 

«АРКУС-Д» ЁТАЖ

 

Россия

 

6.09.1999 й.

 

17

 

МЕРКУРИЙ-112Ф-Уз

 

«Фотон» АЖ

 

Ўзбекистон

 

17.12.1999 й.

 

18

 

МЕРКУРИЙ-112.1Ф-Уз

 

«Фотон» АЖ

 

Ўзбекистон

 

17.12.1999 й.

 

19

 

МЕРКУРИЙ-111Ф

 

«ИНКОТЕКС» ХФ

 

Россия

 

5.03.2001 й.

 

20

 

МЕРКУРИЙ-112Ф

 

«ИНКОТЕКС» ХФ

 

Россия

 

5.03.2001 й.

 

21

 

МЕРКУРИЙ-115Ф

 

«ИНКОТЕКС» ХФ

 

Россия

 

5.03.2001 й.

 

22

 

МЕРКУРИЙ-152Ф

 

«ИНКОТЕКС» ХФ

 

Россия

 

5.03.2001 й.

 

23

 

МЕРКУРИЙ-153Ф

 

«ИНКОТЕКС» ХФ

 

Россия

 

5.03.2001 й.

 

24

 

DATECS MP-5000-Уз

 

«КАШФИ АСРОР ЛТД» ҚК

 

Ўзбекистон

 

5.03.2001 й.

 

25

 

PCU POS – 560-B1

 

«ФИРИШ ИНТЕРПРАЙЗЕС Ко ЛТД»

 

Тайвань

 

5.03.2001 й.

 

26

 

АМС-100ФUz

 

«ТАРАҚҚИЁТ АРКУС» ҚҚ

 

Ўзбекистон

 

25.03.2002 й.

 

27

 

АМС-101ФUz

 

«ТАРАҚҚИЁТ АРКУС» ҚК

 

Ўзбекистон

 

25.03.2002 й.

 

28

 

ОРИОН-100Ф-Уз

 

«Фотон» АЖ

 

Ўзбекистон

 

31.07.2002 й.

 

29

 

«Астра-100Uz»

 

«YengilSanoаtTijoratMarkazi» МЧЖ

 

Ўзбекистон

 

27.11.2002 й.

 

30

 

«Элвес-Микро-Ф»

 

«Намштрих М» ҚК

 

Ўзбекистон

 

27.11.2002 й.

 

31

 

«Элит-Мобил Г UZ»

 

«BULTEX» ҚК

 

Ўзбекистон

 

24.02.2003 й.

 

32

 

«Элит-Микро Г UZ»

 

«BULTEX» ҚК

 

Ўзбекистон

 

24.02.2003 й.

 

33

 

«Элит-Такси ЛГ Г UZ»

 

«BULTEX» ҚК

 

Ўзбекистон

 

24.02.2003 й.

 

34

 

«Штрих-ФР-Ф»

 

«Штрих-М» ЁТАЖ

 

Россия

 

6.09.2006 й.

 

35

 

«INTER MROS 2001»

 

«Inter» ХФ

 

Туркия

 

6.09.2006 й.

 

36

 

«DST-07»

 

Destasdijitalelektronik san. Veticaret A.S.

 

Туркия

 

20.02.2012 й.

 

37

 

«PHOENIX-9000»

 

«OlliberiCo.Ltd.»

 

Корея

 

31.07.2013 й.

 

38

 

«UFR-01» FR-SH-01

 

«SHARIFA.com» МЧЖ

 

Ўзбекистон

 

3.01.2014 й.

 

39

 

«Орион 105ф-Уз» (версия-7.00)

 

«FOTON» ОАЖ

 

Ўзбекистон

 

15.02.2014 й.

 

 

 

Кимга НКМ керак эмас

Юридик ва жисмоний шахсларнинг айрим тоифалари ўз фаолиятининг хусусиятига кўра назорат-касса машиналарини қўлламасликлари мумкин. Булар:

аҳолига пулли хизматлар кўрсатишда қатъий ҳисобот бериладиган бланкалар ҳисобланган талонлар, чипталар ва уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни берадиган юридик ва жисмоний шахслар;

қуйидагиларни амалга оширадиган юридик ва жисмоний шахслар:

а) газета ва журналлар сотадиган;

б) деҳқон бозорларида савдо ўринлари ташкил этган ҳолда ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шунингдек сўйилган моллар гўшти билан савдо қиладиган (якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар бундан мустасно);

в) самолётларда ва поездларда (вагон-ресторанлар бундан мустасно) умумий овқатланиш маҳсулотларини сотадиган;

г) давлат ҳокимияти органлари рухсатномалари асосида кўчма (ташқарида) савдо қиладиган;

турғун жойдан ташқаридаги маиший хизматлар, темирчилик, тунукачилик ишлари;

Давлат чегараси бўйлаб жойлашган ҳарбий савдо объектлари;

умумтаълим мактабларининг ошхоналари ва буфетлари;

дорихоналарнинг қишлоқ врачлик пунктлари ҳудудида ташкил этилган филиаллари;

жисмоний шахслар томонидан товарларни дам олиш кунлари ярмаркаларда, автомобилларни сотиш бозорларида ва бошқа илгари ишлатилган товарларни, шунингдек тирик молларни, паррандаларни, жониворларни ва бошқаларни сотиш (ВМнинг 306-сон қарорига 3-илова).

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 11525 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика