Техник ходим (офис фарроши) корхона бухгалтериясига ҳомиладор эканлиги ҳақида маълумотнома олиб келиб, уни енгилроқ ишга ўтказишни сўраяпти. Бироқ ҳозир бизда бошқа ҳеч қандай бўш иш жойи йўқ ва бўлиши ҳам даргумон. Бу вазиятда қандай йўл тутишимиз мумкин?
Л.Румянова.
– Ходимнинг вақтинча бошқа ишга ўтказиш ҳақидаги илтимоси, агар бу илтимос узрли сабаблар туфайли келиб чиққан ва бундай иш корхонада мавжуд бўлса, иш берувчи томонидан қаноатлантирилиши керак. Вақтинча бошқа ишга ўтказиш учун узрли сабаблар рўйхати, шунингдек бошқа ишга ўтказилганда меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби жамоа шартномасида белгилаб қўйилиши мумкин, агар бундай шартнома тузилмаган бўлса – иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгиланади. Ҳомиладор аёлларни вақтинча енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказиш Меҳнат кодексининг 218 ва 226-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади (МКнинг 94-моддаси). Хусусан, тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади ёки улар аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади.
Ҳомиладорлик ҳақидаги маълумотнома тиббий хулоса ҳисобланмайди. Техник ходим – офис хоналари фаррошини енгилроқ ишга ўтказиш учун сабаблари асосланган тиббий хулоса ва хизмат кўрсатиш нормаларини камайтириш ёки енгилроқ ишга ўтказишга доир тавсиялар тақдим этилиши зарур.
Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.