Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 27 / Амалий бухгалтерия

Бузилгандан кейин қолдиқлар омборга жойлаштирилади

 

Корхонамизда бино реконструкция қилина бошлади. У корхона балансида ноль даражали қолдиқ қиймат бўйича қайд этилган. Бинони демонтаж қилишда келгусида қўллаш учун яроқли қурилиш материаллари кирим қилинди.

Бинони демонтаж қилиш ва қурилиш материалларини кирим қилишда қандай проводкаларни бажариш лозим? Уларни қандай қийматда ҳисобга олиш керак?

Газетхон.

 

– Корхонанинг қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, замонавийлаштирилиши ва техник қайта жиҳозланиши муносабати билан бино тугатиладиган ҳолларда Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – Низом) амал қилиш лозим. Асосий восита қисман тугатилган ҳолатда унинг бошланғич (тиклаш) қиймати ва жамланган амортизацияси тегишинча объектнинг тугатилган қисмининг бошланғич (тиклаш) қиймати ва жамланган амортизацияси суммасига камайтирилади (АВ томонидан 20.01.2004 йилда ­1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»нинг ­52-банди).

Бунда ташкилот раҳбарининг буйруғи билан комиссия тузилади, унинг таркибига тегишли мутахассислар, бухгалтерия ходимлари ва моддий жавобгар шахслар кирган бўлиши керак. Улар бинони демонтаж қилиш натижасида олинган баъзи материалларни келгусида қўллаш мумкинлигини белгилашлари, уларнинг олиб қўйилишини назорат қилишлари, миқдори (вазнини) аниқлашлари, баҳолашлари, уларнинг тегишли омборга топширилишини назорат қилишлари шарт. Комиссия ҳисобдан чиқариш учун тақдим этилган АВ юқори ташкилот ёки унинг мулки эгаси томонидан тасдиқланган корхонанинг қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, замонавийлаштирилиши ва техник қайта жиҳозланиши режасига мувофиқлигини ҳам текшириши шарт.

Реконструкция қилиш натижасида яроқли қурилиш материаллари ва бошқа материалларни кирим қилиш ҳисобига, мазкур бино бўйича қайта баҳолаш сальдоси мавжудлиги сабабли даромад ҳам юзага келиши мумкин. Қисмларга ажратилган ва демонтаж қилинган бинонинг бошқа АВни таъмирлаш учун яроқли барча деталь ва материаллари комиссия томонидан белгиланадиган эҳтимолий фойдаланиш нархи бўйича ҳисобга олинадиган тегишли ҳисобварақларга кирим қилинади. Яроқсиз узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металлар иккиламчи хом ашё (темир-терсак, латта-путта ёки ўтин) сифатида кирим қилинади ва қонунчиликда белгиланган тартибда корхонанинг хоҳишига кўра қўлланилади.

Иш натижаларига кўра комиссиянинг барча аъзолари имзолайдиган ва ташкилот раҳбари тасдиқлайдиган асосий воситаларни тугатиш тўғрисида далолатнома (АВ-4-сон шакл, Низомга 1-илова) 2 нусхада тузилади. Биринчи нусхаси бухгалтерияга берилади, иккинчиси АВ объектлари сақланиши учун масъул шахсда қолади. У ҳисобдан чиқариш натижасида қолган моддий бойликлар ёки темир-терсакни омборга топшириш ва сотиш учун асос бўлади. Ушбу далолатномага асосан Низомга ­3-иловадаги шаклда АВни тугатиш билан боғлиқ харажатлар ва уларни тугатишдан келган моддий бойликлар тўғрисида маълумотнома расмийлаштирилади (ушбу маълумотномадан кирим ордери сифатида фойдаланилади) ва материаллар омборга топширилади.

Бинонинг алоҳида конструкцияларини демонтаж қилишда олинган материаллар қийматини аниқлаш мақсадида инвентарлаш натижасида аниқланган ортиқча (ҳисобга олинмаган) материаллар учун назарда тутилган инвентарь баҳолаш усулини қўллаш мумкин. 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»нинг (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ­25-бандига мувофиқ, бундай активлар таннархи улар аниқланган санадаги жорий қийматдан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Жорий қиймат – маълум санадаги амал қилаётган бозор нархлари бўйича товар-моддий захираларнинг қиймати. Уни ҳужжат билан тасдиқлаш учун ташкилотнинг хоҳишига кўра қуйидагилардан фойдаланиш мумкин:

а) ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг расмий дилерлари, товар-хом ашё биржалари, кўчмас мулк биржаларидан ёзма шаклда олинган ТМЗ бирлигининг жорий қиймати (нархлари) тўғрисидаги маълумотлар;

б) тегишли давлат органларида мавжуд бўлган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;

в) оммавий ахборот воситалари ва махсус адабиётларда чоп этилган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;

г) ТМЗ тегишли бирлигининг жорий қиймати тўғрисида баҳоловчининг ҳисоботи.

Бухгалтерия ҳисобида АВнинг тугатилиши муносабати билан чиқиб кетиши Низомнинг 2-параграфи ва 21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолияти бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлар режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқнома»га (АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ акс эттирилиши лозим.

 

Асосий воситаларнинг тугатилиши натижасида чиқиб кетиши

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

АВнинг бошланғич (тиклаш) қиймати ҳисобдан чиқарилди

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

0100-«Асосий воситалар»

 

Ҳисобланган эскириш ҳисобдан чиқарилди

 

0200-«Асосий воситаларнинг эскириши»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

Чиқиб кетаётган асосий воситани қўшимча баҳолаш суммасининг ҳисобдан чиқарилиши акс эттирилди

 

8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

Тугатиш бўйича харажатлар суммаси акс эттирилди

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

материалларни (1000), меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишларни (6700), суғурта ва мақсадли давлат жамғармаларига тўловлар бўйича қарзни (6500) ҳисобга олувчи ҳисобварақлар ва бошқа тегишли ҳисобварақлар

 

АВ тугатилишида материаллар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа активларнинг келиб тушиши акс эттирилди

 

1000-«Материаллар»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

Асосий восита чиқиб кетишидан кўрилган зарар акс эттирилди

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

Асосий восита чиқиб кетишидан кўрилган фойда акс эттирилди

 

9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»

 

9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда»

 

 

Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma Online» эксперти. 

Прочитано: 2248 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика