Жамоат ташкилотининг аъзолик бадаллари «Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот» 2-сон шаклининг қайси сатрида акс эттирилади?
Н.Иванова,
бош бухгалтер.
– «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ, нодавлат нотижорат ташкилотининг (бундан кейин – ННТ) мол-мулкини шакллантириш манбалари қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:
кириш ва аъзолик бадаллари, агар улар уставда назарда тутилган бўлса;
муассислардан, қатнашчилардан (аъзолардан) бир маротаба ва мунтазам равишда келадиган тушумлар;
ихтиёрий мулкий бадаллар ва эҳсонлар;
тадбиркорлик фаолиятидан олинган, фақат устав мақсадлари учун ишлатиладиган даромадлар (фойда);
қонунларда тақиқланмаган бошқа тушумлар.
ННТнинг барча мол-мулки ташкилот барпо этилишига сабаб бўлган мақсадларга эришиш учун қўлланилади. Демак, аъзолик бадаллари – мақсадли маблағлар. Бухгалтерия ҳисобида уларнинг ННТга келиб тушиши 8830-«Аъзолик бадаллари» ҳисобварағи кредити бўйича пул маблағларини ҳисобга олувчи ҳисобварақлар билан корреспонденцияда акс эттирилади.
Мақсадли маблағлардан сметада назарда тутилган харажатлар учун фойдаланилиши 8830-ҳисобварақ дебетида акс эттирилади:
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Дебет
|
Кредит
|
Аъзолик бадалларининг келиб тушиши акс эттирилди
|
Пул маблағларини ҳисобга олувчи 5010–5530-ҳисобварақлар
|
8830-«Аъзолик бадаллари»
|
Мақсадли маблағларнинг сарфланиши акс эттирилди: ходимларнинг иш ҳақи; ижтимоий суғуртага ажратмалар; товар-моддий харажатлар; сметада назарда тутилган бошқа харажатлар |
8830-«Аъзолик бадаллари»
|
6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар» 6520-«Мақсадли давлат жамғармаларига тўловлар» 1000-«Материалларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар» 6990-«Бошқа мажбуриятлар» |
Юқоридаги проводкалардан кўринишича, аъзолик бадаллари келиб тушганда ва сарфланганда даромадлар ва харажатлар ҳисобварақлари (АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолияти бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлар режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқнома»нинг IX бўлими) қўлланмаган. Демак, «Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот» 2-сон шаклида (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган) аъзолик бадаллари акс эттирилмайди. Молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботда ННТнинг ташкилот устави билан тақиқланмаган тадбиркорлик фаолиятидан кўрган даромадлари ва харажатлари акс эттирилади.
Надежда ГУШЧИНА,
«Norma Online» эксперти.