Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 27 / Бухгалтерга ёрдам

Машаққатли меҳнат учун муносиб таътил пули

 

Ўқув йили тугамоқда: дарслар-маърузалар-семинарлар, тестлар-имтиҳонлар-ёқлашлар ортда қолди. Олдинда – қувноқ каникуллар, тоғдаги оромгоҳлар ва, албатта, таътил палласи. Таълим соҳаси ходимларининг таътиллари энг узоқ – 48 иш куни давом этади, уларнинг барига ҳақ тўланади. Педагогларнинг таътил пуллари қандай ҳисобланади, ҳисоблаб ёзишда нималарни ҳисобга олиш лозим, таътил пулини қанча муддатда тўлаш керак? «Norma Ekspert» мутахассислари «Ходимлар билан ҳисоблашиш» ЭМТ (ЭСС «Расчёты с персоналом») асосида шу ва бошқа саволлар юзасидан тушунтиришларни тайёрладилар.

 

2 ой ҳордиқ чиқарадилар

«Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1997 йилдаги 464-I-сон) 21-моддаси билан республика таълим муассасалари ходимларига бериладиган йиллик узайтирилган ҳақ тўланадиган таътил уларни ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиш элементи бўлиб хизмат қилади. Унинг аниқ муддати – 48 иш куни меъёрий ҳужжатлар1,2 билан белгиланган.

Қуйидагиларга узайтирилган таътил берилади:

олий таълим муассасаларида – фақат профессор-ўқитувчилар таркибига киритилган ходимларга;

ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларида – фақат ўқитувчиларга;

умумтаълим мактаблари, барча турдаги ва номдаги мактаб-интернатлар, мусиқа мактабларида – ўқитувчилар, директорлар, директорларнинг ўқув, маънавий-маърифий, ўқув-ишлаб чиқариш ишлари бўйича ўринбосарларига.

Таълим муассасалари хизматчилари, яъни ёрдамчи ўқув бўлинмалари (методистлар, катта лаборантлар, лаборантлар ва бошқаларга) ва бошқарув ходимларига 24 иш куни давом этадиган йиллик таътил берилади. Таълим муассасаларининг бошқа (техник, хизмат кўрсатувчи ва бошқа бўлинмалари) ходимларида у камида 15 иш кунини ташкил этади (Меҳнат кодексининг 134-моддаси). Таътилнинг аниқ муддати (белгиланган энг кам муддатдан ортиғи) жамоа ва (ёки) меҳнат шартномаси билан белгиланиши мумкин.

 

Таътил пулини ҳисоблаймиз

Йиллик таътиллар даври учун ходимларга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланади (Меҳнат кодексининг 148-моддаси). Таътил пулини тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китоб кунидаги лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда, уни тарифдан ошган тўловларнинг 1/12 га оширган ҳолда ҳисобланади. Тарифдан ошган тўловлар сирасига қўшимча тўловлар, устамалар, мукофотлар ва суғурта бадаллари ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради (ВМнинг 11.03.1997 йилдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартиби). Бунда олий таълим муассасалари ва мактаблар ўқитувчиларининг таътил пулини ҳисоблашда тарифдан ошган тўловлар 1/12 миқдорида, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқитувчилариники эса 1/10 миқдорида ҳисобга олинади.

Суғурта бадаллари солинадиган ва ўртача иш ҳақи ҳисоб-китобига киритиладиган тўловларни белгилашда Солиқ кодекси билан белгиланган даромадларнинг таснифланишига таяниш лозим. Агар ушбу тўловлар Солиқ кодексининг 172, 173, 174 ва 175-моддаларида назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга кирса, улар суғурта бадаллари солиш объекти ҳисобланади (Солиқ кодексининг 306-моддаси) ва таътил пулини тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китобига киритилиши керак.

Таътил пули ҳисоб-китобига қуйидаги тўловлар киритилмайди:

Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисмига мувофиқ жисмоний шахснинг даромади сифатида қаралмайдиган тўловлар;

меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга кирмайдиган тўловлар (Солиқ кодексининг 176-моддаси бўйича мулкий, Солиқ кодексининг 177-моддаси бўйича моддий наф тарзидаги, Солиқ кодексининг 178-моддаси бўйича бошқа даромадлар);

Солиқ кодексининг 308-моддасига асосан суғурта бадаллари солинмайдиган тўловлар.

1-МИСОЛ. Олий маълумотли юқори синф ўқитувчисига 759 582 сўм базавий тариф ставкаси белгиланган. Ўтган 12 ой учун унга синф раҳбарлиги учун қўшимча тўлов – 1 172 160 сўм ҳисоблаб ёзилган.

Таътил пулини ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи 857 262 сўмни (759 582 + 1 172 160 / 12) ташкил этади. Таътил пули суммаси 1 620 023 сўмга (857 262 / 25,4 х 48) тенг.

 

2-МИСОЛ. Касб-ҳунар коллежи ўқитувчисига (олий маълумотли) 922 350 сўм базавий тариф ставкаси белгиланган. Ўтган 10 ой учун унга ёзма ишларни текширганлиги учун 651 200 сўм қўшимча тўлов ҳисоблаб ёзилган, шунингдек юбилейи муносабати билан қиймати 800 000 сўмлик совға тақдим этилган.

Меҳнат таътили ҳақини тўлаш учун ўртача ойлик иш ҳақи ҳисобига совғанинг қиймати киритилмайди, чунки Солиқ кодексининг 177 ва 306-моддаларига асосан ундан суғурта бадаллари ушланмайди.

Ўртача ойлик иш ҳақи 987 470 сўмни (922 350 + 651 200 / 10), таътил пули суммаси эса – 1 866 085 сўмни (987 470 / 25,4 х 48) ташкил этади.

 

3-МИСОЛ. Кафедра мудири – фанлар доктори, профессорга 1 июлдан йиллик меҳнат таътили берилди. Кафедра мудирининг базавий лавозим маоши 1 982 657 сўмни ташкил этади, қўшимча тўловлар ва устамалар йўқ.

Таътил пули суммаси 3 746 753 сўмни (1 982 657 / 25,4 х 48) ташкил этади.

 

Март ойида – ишга, июль ойида – таътилга

Мактаблар, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртлари, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларининг муаллимлар таркибига биринчи иш йилида йиллик таътил уларнинг мазкур ўқув юртига ишга кирган вақтидан қатъи назар ҳақиқий ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда ёзги таътил даврида тўлиқ берилади (МКнинг 143-моддаси). Бунда 2 сентябрдан илк бор ишга кирган ва тўлиқ ўқув йили ишлаган ўқитувчиларга 48 иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган таътил берилади, бироқ тарифдан ошган тўловлар 1/10 ҳисобидан келиб чиқиб ҳисобга олинади.

4-МИСОЛ. Иккинчи малака тоифасига эга бошланғич синф ўқитувчиси 2015 йил 2 сентябрда ишга қабул қилинди. Биринчи иш йили учун унга 2016 йил 1 июлдан 48 иш кунидан иборат меҳнат таътили берилди.

Ўқитувчининг базавий тариф ставкаси – 918 001 сўм. Ишлаган 10 ойи учун унга дафтарлар ва ёзма ишларни текширганлиги учун 651 200 сўм миқдорида қўшимча тўлов ҳисоблаб ёзилган.

Таътил пулини ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи 983 121 сўмни (918 001 + 651 200 / 10) ташкил этади. Таътил пули суммаси 1 857 866 сўмга (983 121 / 25,4 х 48) тенг.

 

5-МИСОЛ. 2015 йил 2 сентябрда илк бор шартномага кўра ишга кирган кафедра доценти, фанлар номзодига биринчи йил учун 48 иш кунидан иборат таътил 2016 йил 1 июлдан берилди.

Доцент, фанлар номзодининг базавий лавозим маоши 1 662 167 сўмни ташкил этади, 10 ой учун базавий маошдан ортиқча тўловлар – 1 550 000 сўм, шу жумладан моддий ёрдам – 350 000 сўм, байрамларга мукофотлар – 1 200 000 сўм.

Ўртача ойлик иш ҳақи ҳисобида моддий ёрдам ҳисобга олинмайди, сабаби суғурта бадаллари солиш объекти ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 178, 306-моддалари).

Ўртача ойлик иш ҳақи 1 782 167 сўмни (1 662 167 + 1 200 000 / 10), таътил пули суммаси эса – 3 367 875 сўмни (1 782 167 / 25,4 х 48) ташкил этади.

 

Агар ўқитувчи илк бор ўқув йили бошидан ишга кирмаган бўлса, унга ҳам йиллик меҳнат таътили ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда ёзги таътил даврида тўлиқ берилади. Бундай ҳолларда таътил пулини ҳисоблаш услубияти белгиланмаган. Таътил пулини ҳисоблашнинг қуйидаги вариантларини қўллаш мумкин, бунда натижа бир хил бўлиб чиқади:

1) ишланган вақтга мутаносиб равишда таътил кунлари сонига қараб таътил пули ҳисобланади. Қолган кунларга маош тўланмайдиган таътил расмийлаштирилади;

2) таътил пули ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқарилган ўртача ойлик иш ҳақига қараб, уни 12 га бўлиш ва ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан ҳисобланади.

6-МИСОЛ. Олий маълумотли инглиз тили ўқитувчиси 2016 йил 1 мартда ишга қабул қилинди. Унга 759 582 сўм базавий тариф ставкаси ва ойлик устама – базавий тариф ставкасининг 15%и ҳисоблаб ёзилади. Ишланган даврдаги устамалар суммаси 455 749 сўмни ташкил этди. 1 июлдан ўқитувчига йиллик меҳнат таътили берилди.

Таътил пулини 2 хил усулда ҳисоблаймиз:

1) пул тўланадиган таътил муддати 16 иш кунини (48 / 12 х 4), ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи эса – 873 519 сўмни (759 582 + 455 749 / 4) ташкил этади. 16 иш куни учун таътил пули суммаси – 550 248 сўм (873 519 / 25,4 х 16);

2) 12 га бўлиш ва ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи 291 173 сўмга [(759 582 + 455 749 / 4) / 12 х 4] тенг. Таътил пули суммаси – 550 248 сўм (291 173 / 25,4 х 48).

 

Соатбай ишловчиларга ҳисоблаймиз

Одатда олий таълим муассасаси ёки ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаси раҳбарлари соатбай ҳақ тўлаш шарти билан ўша ўқув юртида бир вақтнинг ўзида педагогик иш олиб борадилар. Бироқ таътил пули ҳисобига соатбай ҳақ киритилмайди, сабаби меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш ставкаларига таътил ҳақи киритилган (ОЎМТВ, ХТВ ва МАИМҚВнинг АВ томонидан 15.10.2015 йилда 2719-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига иловага изоҳнинг 1-банди).

7-МИСОЛ. Олий таълим муассасаси декани асосий иш жойи бўйича ўқув йилида бир вақтнинг ўзида 240 соат (соатбай ҳақ тўлаш шарти билан) ўқув (аудитория) ишини бажарди. Деканнинг (фанлар номзоди) лавозим маоши ҳисоб-китоб кунида 1 893 955 сўмни ташкил этади.

Ўша таълим муассасасида бир вақтнинг ўзида йилига камида 150 соат педагогик ишни бажарган факультет деканлари учун 48 иш кунидан иборат узайтирилган таътил берилиши белгиланган. Яъни деканнинг таътил пули 48 иш кунидан келиб чиқиб, бироқ бажарилган ўқув иши учун соатбай ҳақ суммасини ҳисобга олмасдан ҳисобланади.

48 кунлик таътил учун ҳисоблаб чиқарилган таътил пули суммаси 3 579 128 сўмни (1 893 955 / 25,4 х 48) ташкил этади.

 

Солиқларни унутманг

Таътил пулидан белгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (Солиқ кодексининг 175-моддаси) ва суғурта бадаллари (Солиқ кодексининг 306-моддаси) ушлаб қолинади. Солиқлар ушлаб қолинганидан кейин таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади (МКнинг 148-моддаси).

 

 

 


1Узайтирилган таътил белгиланган Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизими муассасалари ходимлари лавозимларининг рўйхати Халқ таълими вазирлиги, Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистон фан ва таълим ходимлари касаба уюшмалари МҚнинг 25.06.1998 йилдаги қарори билан тасдиқланган.

2Собиқ Иттифоқ МКнинг 21.04.1949 йилдаги «Илмий-тадқиқот, ўқув ва маданий-маърифий муассасалар ходимларининг таътиллари тўғрисида»ги 1577-сон қарори (ушбу ҳужжат билан белгиланган меъёрлар умумий қоидага риоя этганда – агар улар ЎзР Меҳнат кодексига зид бўлмаса, қўлланиши мумкин (ЎзР Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 29.04.1992 йилдаги «Собиқ ССР Иттифоқининг қонунга оид ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ишларини ташкил этиш тўғрисида»ги 210-сон қарори).

Прочитано: 5296 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2017-02-11 15:58:03, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика