Бизда товар билан комплектда олиб кирилган айрим бутловчи буюмларни сотиш зарурати юзага келди. Ушбу ускуна импорт қилинганда қўлланган ҚҚС бўйича имтиёз бекор қилинадими?
Н.Мирсаидова.
– Солиқ кодексининг 211-моддаси 7-бандига асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуналар, шунингдек бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларни импорт қилиш, агар уларни етказиб бериш технологик асбоб-ускуналарни етказиб бериш контракти шартларида назарда тутилган бўлса, қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.
Импорт қилинган технологик асбоб-ускуналар олиб кирилган пайтдан эътиборан 3 йил мобайнида экспортга реализация қилинган ёки текин берилган тақдирда, мазкур имтиёзнинг амал қилиши ҚҚС тўлаш бўйича мажбуриятлар тикланган ҳолда бекор қилинади. Ушбу талаб имтиёзли шартларда олиб кирилган бутловчи буюмларга ҳам татбиқ этилади.
Агар божхона тўловларидан озод қилинган технологик асбоб-ускуналар (ёхуд улар билан комплектда олиб кирилган эҳтиёт қисмлар) Ўзбекистон ҳудудида реализация қилинса, Солиқ кодексининг 211-моддасида назарда тутилган ҚҚС бўйича имтиёзнинг амал қилиши сақланади.
Валерий ЛИ,
ЎзР Молия вазирлиги
Солиқ ва божхона тарифи сиёсати бошқармасининг бўлим бошлиғи.