Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 26 / Жавоб берамиз

Валютамизни қандай тасарруф қилайлик?

 

Масъулияти чекланган жамиятимиз автотранспорт воситаларини жисмоний шахслардан ижарага олиб, Ўзбекистон ҳудудида хорижий компанияга шартнома асосида транспорт хизматини кўрсатади. Хорижий компания хизматимиз учун ҳақни хорижий валютада тўлайди. Корхонамизда 5 киши ишлайди.

1. Олинган хорижий валютани биржада сота оламизми? Хорижий валютани биржада сотиш учун унинг 50%ини банк муассасасига Марказий банк курсида мажбурий тарзда сотишимиз керакми?

2. Ҳисобрақамимиздаги хорижий валютага Ўзбекистон ҳудудидаги автосалонлардан автомобиль харид қилсак бўладими?

Шуҳрат Умедов,

бош бухгалтер.

 

1. “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун1 14-моддасининг иккинчи хатбошисига биноан Ўзбекистон ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш юридик шахслар томонидан ваколатли банклар орқали амалга оширилади. Хорижий валютани харид қилиш ва сотиш бўйича операциялар биржадан ташқари валюта бозорида ваколатли банклар орқали барча юридик шахслар томонидан амалга оширилади. Бу норма Биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш операцияларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (бундан кейин – Низом) 7‑бандида белгиланган.

Низомнинг 5‑бандига кўра, биржадан ташқари валюта бозори қуйидагиларни ўз ичига олади:

банклараро валюта бозори;

бевосита банкларда содир этиладиган ваколатли банк билан унинг мижозлари ўртасидаги хорижий валютани харид қилиш ва сотиш операциялари;

нақд хорижий валюта билан алмаштириш шохобчалари орқали валюта алмаштириш операциялари.

Дарвоқе, биржадан ташқари валюта бозорида амалга ошириладиган операциялар орасида корхона ва ташкилотларнинг марказлаштирилган ва марказлаштирилмаган экспортдан олинган валюта тушумини мажбурий сотиш ҳам бор (Низом 2‑бандининг «а» кичик банди). Бундай операция Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибида3 белгилаб берилган. Хусусан, Тартибнинг 3‑банди «е» кичик бандига асосан микрофирма ва кичик корхоналар ўзлари ишлаб чиқарган товарлар4 (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумини мажбурий сотишдан озод қилинган.

Корхонангизнинг ходимлари сони беш нафар бўлганлиги туфайли у микрофирма ҳисобланади. Сиз кўрсатаётган транспорт хизмати «ўзи ишлаб чиқарган хизмат» тушунчасига тўғри келиш-келмаслиги масаласига келсак, эътиборингизни Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидаларининг5 (бундан кейин – Қоидалар) нормаларига қаратамиз. Қоидалар 5-бандининг бешинчи хатбошисига мувофиқ, ўзи ишлаб чиқарган хизмат деганда корхона томонидан ўз кучи билан кўрсатилган хизмат тушунилади. Хизматларни экспорт қилиш деб эса хизматлар кўрсатиш жойидан қатъи назар, Ўзбекистон юридик ёки жисмоний шахси томонидан чет давлатнинг юридик ёки жисмоний шахси учун хизматлар кўрсатишга айтилади (Қоидалар 1-бандининг учинчи хатбошиси). Сиз кўрсатаётган транспорт хизматлари ушбу тушунчаларга тўлиқ мос тушади.

Ишлар ва хизматлар экспорт қилинганлиги факти ҳисобварақ-фактура ёхуд белгиланган тартибда расмийлаштирилган бажарилган ишлар далолатномаси билан тасдиқланади (Қоидаларнинг 3-банди).

Демак, микрофирмангиз ўзи ишлаб чиқарган хизматларни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумини мажбурий сотишдан озод қилиниши лозим.

2. Айрим турдаги акцизли товарларни ишлаб чиқариш ва сотишнинг ҳисоби тизими тўғрисидаги вақтинчалик низомнинг6 IV-бобида янги енгил автомобилларни сотиш тартиби назарда тутилган. Унинг 12-бандига мувофиқ мамлакатимизда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобилларни юридик шахсларга сотиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

пул маблағларини уларнинг талаб қилиб олингунгача депозит ҳисобрақамларидан ўтказиш йўли билан ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда корпоратив банк пластик карталари воситасида;

юридик шахсларнинг ссуда ҳисобрақамларидан автомобилни харид қилишга тижорат банклари томонидан бериладиган кредитлар ҳисобидан ўтказиш йўли билан.

Кўриниб турибдики, бу ўринда гап ҳисоб-китоб миллий валютамизда амалга оширилиши ҳақида кетмоқда. Қолаверса, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун 18-моддасининг биринчи қисмида белгиланишича, Ўзбекистон ҳудудида барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар миллий валютада амалга оширилади, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Мустасно қилинган ҳоллар орасида резидентлар томонидан резидентлар ҳамда норезидентлардан пластик тўлов ва кредит карточкалари бўйича тўловларни (чет эл валютасида) қабул қилиш ҳам мавжуд. Агар корхонангизда хорижий валюта суммасига эга бўлган пластик карточка бўлса, шунингдек автосалонда ҳам шу карточка орқали тўловни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминали ёки бошқа қурилма мавжуд бўлса, шундагина сиз автомобилни автосалондан хорижий валютага харид қила оласиз.


Жавобларни «Norma Online» етакчи эксперти
Камол МУЗАФФАРОВ тайёрлади. 

 


107.05.1993 йилдаги 841-XII сон қонун, 11.12.2003 йилдаги 556-II-сон қонуни таҳририда.

2ВМнинг 10.07.2001 йилдаги 294-сон қарорига 2‑илова.

3ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон қарорига 1-илова.

4Ушбу Тартибнинг 1-иловасидаги рўйхатда келтирилган товарлардан ташқари.

5МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига илова.

6ИВ, МВ, ДСҚ ва МБ бошқарувининг АВ томонидан 26.07.2004 йилда 1390-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

Прочитано: 1862 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика