Меҳнат кодексининг 180-моддаси 3–4-қисмларида иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турларига кирмайди. Интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди, деб белгиланган. Интизомий жазо берилган ходимларга корхонанинг моддий рағбатлантириш ҳақидаги низоми асосида мукофот пули берилиши мумкинми?
Газетхон.
– Ҳақиқатан ҳам МКнинг 180-моддаси 3-қисмида иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва меҳнат ҳақи тизимида назарда тутилган бошқа тўловлар рағбатлантириш турларига кирмаслиги белгиланган. Шундай экан, мукофот пули корхонада ўрнатилган меҳнат ҳақи тизими бўйича тўланса, бу тўлов интизомий жазо чоралари қўлланилган ходимларга тўланиши мумкин бўлади. Аксинча, агар мукофот пули корхона-ташкилотнинг меҳнат ҳақи тизимига киритилмаган бўлса, у ҳолда бу тўлов рағбатлантириш чораси сифатида интизомий жазо чоралари қўлланилган ходимларга нисбатан интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида (183-модда) тўланмайди.
Демак, мукофот пули рағбатлантириш турига кириш-кирмаслиги ҳар бир аниқ ҳолатда корхона-ташкилотларда ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган тарзда ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимидан келиб чиқади.
Жавоблар «Norma Online» эксперти Абдусалом Рисқуллаев тайёрлади.