Биз ҳозирда тугатилаётган ОАЖнинг шуъба корхонасимиз. Биз фойда кўриб ишлаётганлигимиз сабабли тугатилмаймиз. Ягона муассисимиз тугатилмоқда, унинг ҳудудида янги корхона ташкил этилди. Унинг балансига кўп бинолар берилди. Шу жумладан 1995 йилда муассиснинг устав фонди сифатида 2 қавати бизнинг балансга берилган маъмурий бино ҳам унга берилди. Бизга тегишли қаватлар энди янги корхона тасарруфига ўтди, у жуда катта ва корхонамизнинг қурби етмайдиган миқдордаги ижара тўловини тўлашимизни талаб қиляпти. Биз қишлоқ хўжалиги ва бошқа техникани лойиҳалаш билан шуғулланамиз. Шу миқдордаги ижара тўловини тўлашга етадиган даражада ҳажмларимиз катта эмас.
Ижара тўлови қандай мезонга кўра ҳисобланади? 2016 йил учун тасдиқланган ижара тўловининг энг кам ставкаси қайси ҳолларда қўлланади? Мол-мулк соҳиби билан қандай муносабатда бўлишимиз хусусида маслаҳат бера оласизми?
И.Усмонов,
директор.
– Давлат мулки бўлган кўчмас мулкдан фойдаланганлик учун 2016 йилда қўлланиладиган ижара тўловининг энг кам ставкалари, шунингдек ижара тўловини (ижара тўловининг таянч ставкасини) ҳисоблаб чиқиш тартиби ва қўлланадиган коэффициентлар Тошкент шаҳар ҳокимининг 4.01.2016 йилдаги 1-сон қарори (бундан кейин – Қарор) билан белгиланган. Бинолар ва иншоотлар бўйича ижара тўловини (ижара тўловининг таянч ставкасини) ҳисоблаб чиқиш қуйидаги тарзда амалга оширилади:
Тс = Эс х Кз х (Кқ + Кҳ + Ко),
бунда:
Тс – бир йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг таянч ставкаси;
Эс – бир йилга бир кв.метр учун энг кам ставка;
Кз – ҳудудий зона коэффициенти;
Кқ – қурилиш тури бўйича коэффициент (алоҳида турган бино, қўшимча қурилган бино, бинонинг юқори қисми, чердак, болохона, ярим ертўла, ертўла);
Кҳ – туташиб кетган ҳудуддан фойдаланиш коэффициенти;
Ко – тижорат мақсадларида фойдаланишда қулайлик коэффициенти (асосий автотранспорт йўллари бўйлаб жойлашиш, иккинчи даражали автотранспорт йўлларига чиқишда жойлашиш ва бошқалар).
Ижара ҳақи ставкаларига қўлланиладиган коэффициентлар
1. Тошкент шаҳар ҳокимининг «Ер солиғи тўлаш ставкаси бўйича зона чегараларининг схемаси ва тарифларини тасдиқлаш ҳақида»ги (24.02.2015 йилдаги 162-сон) қарорида белгиланган чегараларга асосан, ҳудудий зоналар коэффициентлари (Кз):
1-зона – 4,11; 2-зона – 3,31; 3-зона – 2,51; 4-зона – 1,71; 5-зона – 1,0.
2. Бинонинг қурилиш тури бўйича коэффициентлар (Кқ):
алоҳида турган бино – 1,0;
бинонинг қисмида жойлашган ва (ёки) тақаб қурилган – 0,8;
ярим ертўла, ертўла – 0,6;
чердак, болохона – 0,5;
реклама воситалари учун бино ва иншоотнинг фасад қисми – 0,2.
3. Туташиб кетган ҳудуддан фойдаланиш коэффициенти (Кҳ) ер майдони мавжуд бўлганда – 0,3.
4. Қуйидаги жойларда жойлашган бинолар, иншоотлар учун тижорат мақсадида фойдаланишда қулайлик коэффициенти (Кт):
метро станциясидан 200 метр радиус оралиғида – 0,8;
марказий қатнов кўчаларида – 0,7;
иккинчи даражали қатнов кўчаларида – 0,6.
Қуйидагилар тегишли коэффициентларни қўлламаган ҳолда ижара тўловининг энг кам ставкаси бўйича берилади:
хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги корхоналар ҳамда объектларни ташкил этиш учун жисмоний ва юридик шахсларга 2013–2016 йиллар даврида ижарага бериш шартларида бериладиган қишлоқ жойлардаги давлат мулки бўлган фойдаланилмаётган бинолар ва хоналар (Президентнинг 17.04.2013 йилдаги ПҚ-1957-сон Қарори 4-банди);
тадбиркорлик субъектларига давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун, ижарага олинган майдонда амалга ошириладиган фаолият туридан келиб чиққан ҳолда узоқ муддатли ижарага бериладиган саноат зоналари ҳудудидаги ишлаб чиқариш майдонлари (ВМнинг 31.12.2014 йилдаги 378-сон Қарори 2-банди);
тадбиркорлик субъектларига ижарага бериладиган технопарк ҳудудидаги давлат мулки (ВМнинг 8.04.2009 йилдаги 102-сон Қарори билан тасдиқланган Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисида низомнинг 10-банди, бундан кейин – 102-сон Низом).
102-сон Низом билан давлат мулкини ижарага бериш тартиби белгиланган. Унда белгиланишича, бинолар ва иншоотлар бўйича ижара тўлови ставкаси Давлат рақобат қўмитаси тақдим этган ҳамда Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ижаранинг энг кам ставкалари ҳисоб-китоби асосида тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган энг кам ставкалардан кам бўлиши мумкин эмас.
102-сон Низомнинг 17-бандига кўра, ижара шартномаси ижарага берувчи, ижарага олувчи ва балансда сақловчи ўртасида тузилади. Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Давлат мулкини ижарага бериш маркази шартнома бўйича ижарага берувчи бўлиб чиқади (102-сон Низомнинг 2-банди).
Агар давлат мулки ижарага берилса, балансда сақловчи унинг мулкдори ҳисобланмайди. Шу муносабат билан бевосита ижарага берувчига, яъни туманингиздаги Давлат мулкини ижарага бериш марказига мурожаат қилишни тавсия этамиз.
Элмира Сиразиева,
«Norma Online» эксперти.