Маълумки, контрабанда ва божхона соҳасида содир этилаётган бошқа жиноятлар, бир томондан, мамлакат иқтисодиётига жиддий таҳдид солса, иккинчи томондан, инсонларнинг саломатлиги, аҳолининг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришига хавф туғдиради. Олий ҳарбий божхона институтида ташкил этилган Божхона органлари томонидан контрабанда ва божхона қоидабузарликларига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар мавзусидаги матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз борди.
Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари, божхона хизмати полковниги М.Солиев контрабанда жиноятини содир этувчи шахслар ўзларининг жиноий мақсадларига эришиш учун уюшган гуруҳлар тарзида, ўз ҳаракатларини пухта ниқоблаб, содир қилиш услубларини мукаммаллаштириб, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда содир этишга уринишларини таъкидлади. Масалан, олинган маълумотлар асосида ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланишича, 2 нафар ТИФ қатнашчиси тегишли божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш мақсадида Туркиядан мунтазам равишда импорт қилиб келинган хом ашё матолар учун ТИФ ТН кодини нотўғри классификациялаган ҳолда божхона қийматини пасайтиришга уринган. Оқибатда давлат бюджетига салкам 350 млн сўм миқдорида зарар етказилган. Мазкур ҳолат бўйича олиб борилган текширувлар натижасида 190,4 млн миқдорида қўшимча божхона тўловлари ундирилди.
Ана шунинг учун контрабанда ва божхона қоидабузилишларига қарши курашишда самарадорликка эришишнинг энг муҳим шартларидан бири, шубҳасизки, божхона органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашдан иборатдир. Бу борада Президентимизнинг «Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарори (10.08.2011 йилдаги 1595-сон) муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу Қарор билан тасдиқланган 2011–2015 йилларда давлат божхона хизмати органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тадбирлар дастурига мувофиқ Давлат божхона қўмитасининг бюджетдан ташқари махсус фонди маблағлари асосида давлат божхона хизмати органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, божхона постларини божхона чегараси орқали ўтадиган товарларни тўлиқ қамраб олиш ва ҳисобга олишни таъминлаш имконини берувчи замонавий сканерлаш ва махсус асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Сўнгги йилларда чегара божхона постларига 13 та катта ҳажмдаги юкларни комплекс назорат қилишга мўлжалланган сканер қурилмалари ва радиация назоратини амалга оширувчи 11 та радиацион портал мониторлари ўрнатилди.
Уларнинг кўмагида нафақат йирик ҳажмдаги юк автомашиналари саноқли сонияларда божхона кўригидан ўтказиш имконияти туғилмоқда, балки бир қатор божхона қоидабузарликлари ҳам фош қилинмоқда.
Жумладан, жорий йилда Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари «Яллама» чегара-божхона пости орқали республикамиз ҳудудидан транзит тарзида ўтаётган юк автомашинасини сканер қурилмаси орқали божхона кўригидан ўтказишганда, унда божхона юк декларацияси ва йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган қиймати 60 млн сўмдан ортиқ 13 турдаги товарлар яширин равишда олиб ўтилаётганлигини аниқлашди.
Шунингдек, Бухоро вилояти божхоначилари «Олот» чегара-божхона комплекси орқали Туркиядан келаётган юк автомашинасини сканер қурилмаси орқали божхона кўригидан ўтказишганда, унда йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган 331 млн сўмлик товар-моддий бойликлар яширинча олиб кирилаётганлиги маълум бўлган.
Икки ёки ундан ортиқ давлат ўртасида товарларнинг чегаралараро олиб ўтилиши, контрабанданинг олдини олиш ва бошқа қонунбузарлик ҳолатларини назорат қилиш борасидаги вазифаларни самарали бажаришда турли давлатларнинг божхона хизматлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамият касб этади. ДБҚнинг Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси томонидан МДҲ мамлакатлари ва хорижий давлатлар божхона хизматлари билан тузилган Битимлар асосида контрабанда ва божхона қоидалари бузилишига қарши курашиш масалаларида ҳамкорлик амалга ошириб келинмоқда, шунингдек, ўзаро мақсадларни кўзловчи маълумотлар алмашинувини олиб бориш йўлга қўйилган.
Контрабанда ва божхона қоидабузилишларига қарши курашишда самарали воситалардан яна бири кинология хизматидир. Ташкил қилинганига 20 йилдан ошган Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази Марказий Осиё минтақасида мазкур йўналишдаги ягона халқаро ўқув маскани ҳисобланади. Марказда итлар 6 та ихтисослашув бўйича ўргатилади. Наркотик ва портловчи моддаларни, қурол ва ўқ-дориларни излаб топиш, излаш-қутқариш, ҳимоя қилиш-қоровуллик ва изларни қидириш хизмати, «Антитеррор» хизматидан ташқари ҳозирда «итбоп» ихтисосликлар рўйхатига пул купюраларини излашни киритиш устида ишлар олиб борилмоқда.
Марказда доимий равишда турли модуллар ишлаб чиқилади, кинологлар ва хизмат итлари билан ўтказиладиган амалий машғулотлар учун видеобаза яратилади. Бу ерда махсус тренажёрлар ва синфхоналар қурилган ҳамда жиҳозланган, қарийб 600 кв.метр майдонга эга бўлган усти ёпиқ ўқув-дрессировкалаш павильони қурилган. Усти очиқ ўқув-дрессировкалаш мажмуаси, юк ва енгил автомашиналар, автобуслар, темир йўл вагони, самолёт ва теплоходнинг ўқув макетлари қўйилган майдончалар, шунингдек ўхшатиб қурилган аэромажмуа мавжуд.
Матбуот анжуманида журналистларга жорий йилнинг 21 апрелидан бошлаб кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Божхона кодексидаги янги нормалар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
ДБҚ Ахборот хизмати.