Ягона порталда Вазирлар Маҳкамасининг «Автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва улардан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш бўйича хизматларни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинди (regulation.gov.uz/ru/documents/593).
Унда назарда тутилишича, 2017 йил 1 январдан бошлаб М1 ва N тоифаларидаги янги автомобилларни (махсус автомобиллардан ташқари)* фақат юридик шахслар – Ўзбекистон минтақаларида техник хизмат кўрсатиш станцияларига (бундан кейин – ТХКС) эга бўлган ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари сотадилар. ТХКСлар автотранспортни таъмирлаш учун зарур барча нарсалар билан жиҳозланиши керак.
Ҳужжатга кўра Ички ишлар вазирлиги 2017 йил 1 январдан бошлаб янги автовоситаларни реализация қилиш учун маълумотнома-счётларнинг бланкаларини фақат қарорда назарда тутилган, М1 ва N тоифаларидаги автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш станцияларига (бундан кейин – АТХКС) доир умумий талаблар бажарилган тақдирдагина беради. Чунончи, улар қуйидагиларга эга бўлишлари керак:
малакали ходимлар ва унинг тасдиқланган тузилмаси;
автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчи билан тузилган хизмат кўрсатиш шартномаси;
техник хизмат кўрсатиш ва жорий таъмирлаш учун кам деганда 2 та жиҳозланган пост (уларнинг 50%и таъмирлаш чуқурчалари ёки кўтаргичлар билан жиҳозланиши керак, бундан кузов ишларига ихтисослашган АТХКСлар мустасно);
ташхис ишларини ўтказиш учун майдон, ювиш пости ва автовоситаларни кўтариш ускунаси;
ҳаво юбориш тизимлари (умумий ва локал);
стендлар (жиҳозлар) ва дастгоҳлар, шунингдек электр ишлари участкаси учун майдонлар, махсус асбоблар ва мойлаш-фойдаланиш материаллари, узел ва агрегатларни таъмирлаш ва ювиш омбори;
мижозларга тезкор техник ёрдам бериш учун автомобиль;
эҳтиёт қисмлар омбори (кам деганда 30 кв.м – М1 тоифасидаги транспортга хизмат кўрсатувчи АХТКС учун, кам деганда 50 кв.м – N тоифасидагиларга хизмат кўрсатувчи АХТКС учун);
эҳтиёт қисмлар олиш (бериш) учун майдончалар, шунингдек уларни истеъмолчиларга сотиш учун дўкон;
мижоз қўшимча маслаҳат олиши мумкин бўлган транспортни таъмирлашга қабул қилиш зонаси, шунингдек у таъмирлаш тугашини кутиши мумкин бўлган махсус хона;
сервис-менежер учун офис;
асосий таълим курсини ўтган ва автовоситани ишлаб чиқарувчи сертификатини олган сервис-менежерлар, механиклар, электриклар, мураккаб техник муаммоларни ҳал этиш бўйича мутахассислар, бажарилган ишлар сифатини назорат қилувчи мутахассис;
транспортни таъмирлаш ва унга хизмат кўрсатиш учун асосий ускуна ва асбобларнинг энг кам рўйхати;
эҳтиёт қисмларни узлуксиз буюртириш тизими.
Лойиҳа муҳокамаси тугади. Қарорнинг якуний таҳрири қандай бўлишини вақт кўрсатади.
Елена Ермохина,
«Norma Online» эксперти.
*М1 тоифаси – йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва, ҳайдовчи ўрнидан ташқари, ўтириш учун кўпи билан 8 ўринга эга бўлган транспорт воситалари.
N тоифаси – юк ташиш учун фойдаланиладиган транспорт воситалари – шу жумладан энг кўп массаси 3,5 т дан кўп бўлмаган (N1 тоифаси), 3,5 т дан кўп, бироқ 12 т дан ортиқ бўлмаган (N2 тоифаси), 12 т дан ортиқ бўлган (N3 тоифаси) юк автомобиллари ва уларнинг шассилари.