Жамоат жойларида чекиш илк бор Ўзбекистонда «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонун (5.10.2011 йилдаги ЎРҚ-302-сон) билан чекланган эди. Транспортда белгиланмаган жойларда чекканлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари 1995 йилда амалга киритилган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 122-моддасида назарда тутилган эди.
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуннинг (29.12.2015 йилдаги ЎРҚ-396-сон) 8-моддаси билан жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилганлик учун жавобгарлик қаттиқлаштирилди. МЖТК 56-1-«Жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш» моддаси билан тўлдирилди. Унга кўра иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш, бундан тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар мустасно, энг кам иш ҳақининг 1/3 қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Бунда агар фуқаро ўзининг ҳуқуқбузарлик содир этганлиги далилини тан олса, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайди, жарима тўланганлиги тўғрисида эса ҳуқуқбузарга белгиланган намунадаги квитанция берилади (МЖТКнинг 283-моддаси).
Шуни ёдда тутиш лозимки, «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонунда тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналарнинг бўлиши назарда тутилган. Баъзи мамлакатларда бундай жойлар ва (ёки) хоналарни ташкил этишга доир тегишли регламентлар (талаблар) амал қилади. Бизнинг қонун ҳужжатларимизда ҳам махсус жойларни жиҳозлаш ва тамаки маҳсулоти истеъмоли учун жойларга қўйиладиган талабларни аниқлаштириш, фикримизча, мақсадга мувофиқдир.
Нодир СУЛТОНМУҲАМЕДОВ,
«ЎзБАТ А.Ж.» ҚК АЖнинг давлат ҳокимияти органлари билан
ҳамкорлик қилиш хизмати бошлиғи.