Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний йўл билан ишлаб чиқарилиши ҳамда реализация қилинишига қарши курашиш давлат органлари, хусусан, божхона хизматининг вазифаларидан ҳисобланади. Cоҳада назоратни таъминлаш, шунингдек бундай маҳсулотларнинг олиб кирилиши ва тарқатилишининг олдини олишда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда доимий чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Яқинда Булунғур туманида вилоят божхоначилари ҳамкорлигида «Назоратдаги харид» тезкор тадбири давомида С.Д.нинг қинғир қилмишларига нуқта қўйилди. У ўз хонадонида 2 турдаги 180 дона қўлбола тарзда ишлаб чиқарилган ва бир хил сериядаги акциз маркалари билан маркаланган ароқларни пуллаётган пайтда фош қилинди.
Унинг хонадони ва ёрдамчи хўжалик хоналари холислар иштирокида кўздан кечирилганда, 122 дона қўлбола ароқ, елим идишларда сақланаётган 147,5 литр этил спирти ва 50 литр қўлбола коньяк, контрафакт тарзда ишлаб чиқиладиган ароқларни қадоқлашга мўлжалланган 58 дона қопқоқ, 70 дона ғилофча, 39 дона бир хил сериядаги акциз маркалари борлиги аниқланди.
Ҳозирги кунда ушбу қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари давом этмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан 2015 йил давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган қонунбузарлик ҳолатларида қиймати салкам 21 млн сўмлик 1,5 тоннадан ортиқ спирт ва алкоголли ичимликларнинг ноқонуний олиб ўтилиши ва тарқатилишига чек қўйилган.
С.ЖАЛИЛОВА,
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.