Диний адабиётларнинг республикамиз ҳудудига ноқонуний тарзда олиб кирилишининг олдини олиш мақсадида Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан доимий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Натижада 2015 йил давомида вилоят божхоначилари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 127 та божхона қоидабузарликларини фош қилиб, 8,7 минг донадан ортиқ турли шаклдаги диний адабиётларнинг яширин тарзда олиб ўтилишига чек қўйишди.
Жумладан, Бухоро халқаро аэропортида «Москва-Бухоро» йўналиши бўйича парвозини якунлаган Б.Комилнинг (исм-шарифи ўзгартирилган) қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли ноутбук хотирасида 17 дона диний мазмундаги видеолавҳалар мавжудлиги аниқланди. Экспертларнинг хулосасига кўра, мазкур видеофайллар диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланганлиги маълум бўлди.
Диний адабиётларни олиб кириш бўйича амалдаги тартибларга риоя қилмаган ушбу шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан айбли деб топилди ва 3 йил муддатга ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида давлат даромади ҳисобига ундирилиб боришлик шарти билан аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг (14.06.1991 йилдаги 289-XII-сон, янги таҳрирда) 19-моддасига мувофиқ, чет элда нашр этилган диний адабиётларни олиб келиш ва тарқатиш, уларнинг мазмуни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилганидан кейин амалга оширилади. Бундай адабиётларни олиб келиш, сотиш ва тарқатишга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсати билан йўл қўйилади.
Г.БОБОҚУЛОВА,
Бухоро вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати катта инспектори.