Norma.uz
Норма маслахатчи / 2015 йил / № 41 / Хўжалик юритиш қоидалари

Электрон савдо қоидалари тасдиқланади

Мазкур масала билан қизиқувчилар шуни билишлари лозимки, Ягона давлат порталида Вазирлар Маҳкамаси қарорининг лойиҳаси ва у билан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикасида электрон савдо қоидалари муҳокамаси якунланди.

 

Унга кўра Ўзбекистонда электрон чакана савдо билан юридик шахслар ва юридик шахсни ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган жисмоний шахслар шуғуллана оладилар. Электрон улгуржи савдони фақат ушбу фаолиятга зарур рухсат бериш ҳужжатларини олган юридик шахслар амалга оширишлари мумкин, – бундай савдо фақат электрон шаклда тузилган шартномалар асосида ва ўзаро ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шаклида амалга оширилиши мумкин.

Электрон савдо билан шуғулланадиган тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш чакана ва улгуржи савдо субъектлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Электрон савдо товарлар рўйхати ва сотилаётган ашёнинг сифати ва бошқа истеъмол хоссаларини объектив баҳолаш имконини берадиган уларнинг фотосуратлари жойлаштириладиган сайтда амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган давлат органи реализация қилиш учун рухсат берилган товарлар рўйхатини чеклашга ҳақлидир.

Сайт миллий домен тизимида (uz) сотувчи номига рўйхатдан ўтказилиши керак. Чет эл домен тизимларида жойлаштирилган сайтлардан фойдаланиш тақиқланади.

Электрон чакана савдо асосий ёки қўшимча фаолият тури бўлиши мумкин. Уни асосий фаолият билан бирга амалга оширишда алоҳида бухгалтерия ҳисобини юритиш талаб қилинмайди.

Лойиҳа билан электрон чакана савдони қуйидаги товарлар билан ташкил этиш тақиқланади:

реализация қилинишига алоҳида рухсат берувчи ҳужжатлар олиш зарур бўлган товарлар билан;

агар сотувчи ишлаб чиқарувчи корхонанинг дилери ёки агенти бўлмаса, харидордан уни етказиб беришга буюртма олинганидан кейин сотувчи харид қилган товар билан;

олиб кирилганлиги ва божхона тўловлари тўланганлигини тасдиқлайдиган божхона декларациясини расмийлаштириш санасидан бошлаб 12 ой тугаганидан кейин импорт истеъмол товарлари билан.

Сотувчи товарларни қабул қилиш, сақлаш, сотишдан олдин тайёрлаш ва сотиш чоғида уларнинг сифати ҳамда хавфсизлигини таъминлайдиган жой (ўзиники ёки ижарага олинган), ускуна ва инвентарга эга бўлиши керак. У ўлчов воситаларига эга бўлиши ва улардан фойдаланиши шарт. Бундан ташқари, сотувчи истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларида назарда тутилган товарлар ҳақидаги зарур ва ишончли ахборотни харидорга ўз вақтида ва тушунарли қилиб етказиши керак.

Харидорнинг талабига кўра сотувчи қуйидагиларни тақдим этиши шарт: мажбурий сертификатланадиган товарларга мувофиқлик сертификати; товар штрих-коди (агар бўлса); ундан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳамда шартлари тўғрисидаги; у мувофиқ келиши керак бўлган стандартлар тўғрисидаги ахборот; лозим даражада расмийлаштирилган товарга илова қилинувчи ҳужжатлар. Шунингдек товар ишлаб чиқарувчининг фирма номи ва жойлашган жойи (юридик манзили), харидорлардан даъволар қабул қилишга ҳамда товарни таъмирлаш ва унга техник хизмат кўрсатишга ваколати бўлган ташкилотларнинг жойлашган жойи тўғрисида хабар қилиши лозим. Истеъмолчига кўрсатилаётган хизматлар, нархлар ва уларни кўрсатиш шартлари тўғрисида ахборот ҳам тақдим этилиши керак. Барча ахборот харидорлар эътиборига давлат тилида етказилади ва бошқа тилларда такрорланиши мумкин.

Сотувчи унинг тавсифида таклиф этилган товарни харид қилиш ниятини билдирган ҳар қандай шахс билан шартнома тузиши шарт. Электрон шартнома шартлари амалдаги қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келиши керак. У акцепт йўли билан: электрон ҳужжат ёки электрон хабар тарзида; оферта шартларини бажариш бўйича ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан тузилиши мумкин. Шартнома сотувчи томонидан акцепт олинган пайтда тузилган деб эътироф этилади.

Харидор билан товарларнинг биринчи хариди чоғида битта электрон шартнома тузишга рухсат берилади. Кейинги харидлар чоғида унга қўшимча электрон битимларни расмийлаштириш мумкин.

Товарларни сотувчининг ўзи зарур рухсат берувчи ҳужжат мавжуд бўлганда харидор кўрсатган жойга етказиб бериши ёки бу ҳақда харидорни албатта хабардор қилган ҳолда учинчи шахсларнинг хизматларидан фойдаланиши ёки қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа усулларни қўллаши мумкин.

Агар товарни етказиб беришга алоҳида электрон ҳужжат расмийлаштирилмаса, ушбу хизматлар кейинроқ солиқ солиш учун товар нархига чакана товар обороти сифатида киритилади.

Товарга нақд пул маблағлари билан ёки ҳисоб-китоб терминалини қўллаган ҳолда банк пластик карточкалари ёрдамида ҳам, персонал кабинет орқали (онлайн тўлов) миллий банк картасидан ёки юридик шахснинг банк ҳисобварағидан маблағларни ўтказиш йўли билан ҳам ҳақ тўланиши мумкин. Харидорлар билан нақд пулдаги ҳисоб-китоблар НКМни ёки товарни етказиб беришда квитанция китобчаларини қўллаган ҳолда амалга оширилади.

Сифати лозим даражада бўлмаган, товар хоссалари тўғрисида ёлғон ахборот ёки унинг шартнома шартларига номувофиқлиги аниқланган тақдирда харидор унга ноозиқ-овқат товари берилган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида, агар шартномада унинг янада узоқроқ муддати қайд этилмаган бўлса, уни қайтариши ёки алмаштириши мумкин.

Бунда унинг барча физик хоссалари ва техник шартларини сақлаган ҳолда худди шундай товарга алмаштириш мумкин. Нархда фарқ бўлганда сотувчи зарур қайта ҳисоб-китобни амалга ошириши шарт. Алмаштириш учун зарур товар бўлмаганда ёки ундан тўлиқ бош тортилганда харидор унинг учун тўланган пул суммасини тўлиқ миқдорда олишга ҳақли. Агар товар ишлатилмаган, унинг товар кўриниши, истеъмол хоссалари, пломбалари, ёрлиқлари сақланган бўлса, шунингдек у мазкур сотувчидан харид қилинганлиги далиллари мавжуд бўлса, алмаштириш ёки қайтариш талаби қондирилиши керак.

Сифати яхши бўлмаган товар сотиб олган харидор, бунинг устига товарнинг камчиликлари сайтда кўрсатилмаган бўлса, ўзининг танлови бўйича сотувчидан қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли (озиқ-овқат товарлари бўйича буни хариддан кейин 24 соат мобайнида қила олади): товарни худди шундай ёки бошқа русумдаги (модель, артикулдаги) товарга алмаштириш ёхуд харид нархини қайта ҳисоб-китоб қилиш билан алмаштириш; харид нархини шунга яраша пасайтириш; товар камчиликларини дарҳол текинга бартараф этиш; уларни бартараф этиш харажатларини қоплашни. Бундан ташқари, харидор унга лозим даражада сифатли бўлмаган товар сотилиши оқибатида етказилган зарарларни тўлиқ қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.

 

Елена ЕРМОХИНА,
эксперт-юристимиз.

Прочитано: 2086 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика