Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 38 / Амалий бухгалтерия

Ҳисобот – халқаро андозалар асосида

Президентнинг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (24.04.2015 йилдаги ПФ-4720-сон) билан акциядорлик жамиятлари учун молиявий ҳисобот халқаро стандартлари (МҲХС) асосида шакллантирилган йиллик молиявий ҳисоботни мажбурий чоп этишга ўтиш назарда тутилган.

МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни илк бор тайёрлаш ва тақдим этишнинг амалий хусусиятлари мавжудми?

Ш.Абдуллаева,

АЖ бухгалтери.

 

– МҲХС бўйича ҳисоботни тақдим этиш ва шакллантиришни тартибга соладиган асосий стандартларга 1-сон МҲХС (IAS) «Молиявий ҳисоботни тақдим этиш» ва 1-сон МҲХС (IFRS) «Молиявий ҳисобот халқаро стандартларини биринчи қўллаш» киради. Аввало МҲХС бўйича шакллантириладиган ҳисобот тўлиқ бўлишига эътиборни қаратиш керак. Унинг тўлиқ комплектига қуйидагилар киради:

давр тугаши санасидаги молиявий ҳолат тўғрисида ҳисобот, у миллий стандартлар бўйича тузилган 1-сон шакл «Бухгалтерия баланси»га* ўхшашдир;

фойдалар, зарарлар ва давр учун жами молиявий натижанинг бошқа компонентлари тўғрисида ҳисобот. Мазкур ҳисоботда тақдим этиладиган ахборот 2-сон шакл «Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот»да шакллантириладиган ахборот мазмунига мувофиқ келади;

давр учун ўз капиталидаги ўзгартиришлар тўғрисида ҳисобот. Миллий ҳисоботда 5-сон шакл «Ўз сармояси тўғрисида ҳисобот» унга айнан ўхшаш ҳисобланади;

давр учун пул оқимлари тўғрисида ҳисобот – касса усулида тузиладиган ва 4-сон шакл – миллий «Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот»га мувофиқ келадиган бирдан-бир ҳисобот.

 

Диққат! Ҳисоботнинг тўлиқ комплектига ҳисоб сиёсатининг асосий қоидалари қисқача шарҳидан ҳамда очиб берилиши мажбурий бўлган ва МҲХС тартибга соладиган бошқа тушунтириш ахборотидан иборат бўлган изоҳлар ҳам киради.

 

Амалиёт кўрсатганидек, МҲХСни дастлаб қўллаш кейинги трансформация жараёнининг мунтазам такрорланувчи ҳар бир ҳисоб циклига қараганда анчагина мураккаб. МҲХСга мувофиқ халқаро стандартларга ўтиш санаси бўлиб ҳисобот санасигача 2 йил аввалги сана ҳисобланиши боис, биринчи молиявий ҳисобот ҳеч бўлмаса молиявий аҳвол тўғрисида 3 та, фойдалар, зарарлар ва жами молиявий натижанинг бошқа компонентлари тўғрисида 2 та, пул оқимлари тўғрисида 2 та ҳисоботни, ўз капиталидаги ўзгартиришлар тўғрисида 2 та ҳисоботни ва тегишли изоҳларни, шу жумладан барча тақдим этилган ҳисоботлар учун қиёслама ахборотни ўз ичига олиши керак.

Мазкур талабдан келиб чиқилганда, агар акциядорлик жамиятингиз МҲХСни илк бор қўллаётган бўлса, миллий ҳисоботни 3 йил (2013, 2014 ва 2015 йиллар) учун МҲХС бўйича ҳисоботга трансформациялаш зарурати вужудга келади.

 

Диққат! Халқаро стандартлар миллий қонунчиликда қабул қилинганидек молиявий ҳисоботнинг стандарт шаклларини белгиламайди, фақат уларнинг мазмуни ва мажбурий очиб берилишига талабларни белгилайди.

 

МҲХС бўйича дастлабки ҳисоботни шакллантириш чоғида акциядорлик жамиятлари қуйидаги мажбурий таомилларни амалга оширишлари керак:

ҳисобот санаси ва ўтиш санасини белгилаш – даврлар ичида молиявий ҳисоботда қиёслама ахборот берилган энг аввалгиси бошланишини ва ҳисобот санасини (якунлари бўйича ҳисобот тайёрланган охирги ҳисобот даври охирини) белгилаш. Масалан, 2015 йил учун ҳисобот тайёрланаётган, бунда МҲХС илк бор қўлланаётган бўлса, энг эрта даврнинг бошланиши 2014 йил 1 январь, ҳисобот санаси бўлиб 2015 йил 31 декабрдаги ҳолат бўйича давр ҳисобланади;

МҲХСга мувофиқ ҳисоб сиёсатини шакллантириш. Бу жуда муҳим қадам, чунки муайян ҳисоб сиёсати биринчи ҳисоботда ҳамда кейинги даврларда барча тақдим этилганларга нисбатан қўлланиши керак бўлади. Компания ҳисобот санасида амал қиладиган МҲХСга мувофиқ келадиган янги ҳисоб сиёсатини тузиши ва қабул қилиши керак. Ҳисобот объектларини баҳолаш ва акс эттиришнинг номувофиқ усуллари танланиши компанияга жуда қимматга тушиши мумкин, чунки МҲХС бўйича ҳисоб сиёсатига жуда оз ҳолларда ўзгартиришлар киритиш мумкин. Зеро бундай номувофиқликлар аниқланиб, ҳисоб сиёсатини алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилинганда компания ҳисобот кўрсаткичларини ретроспектив қайта ҳисоблашига амалга оширишга тўғри келади;

МҲХС бўйича активлар ва мажбуриятлар моддаларини белгилаш. Ҳисоб сиёсати қабул қилинганидан кейин компания миллий ҳисоботда акс эттирилган ҳамда амалда мавжуд бўлган активлар ва мажбуриятларни таҳлил этиши керак. Бундай таҳлил, ҳатто актив ёки мажбурият миллий стандартлар бўйича ҳисобда акс эттирилмаса ва аксинча бўлса ҳам, МҲХС бўйича ҳисобга қабул қилиниши мумкинлиги сабабли зарурдир;

МҲХС бўйича активлар ва мажбуриятларни баҳолаш. Бу МҲХС бўйича илк ҳисоботни тузиш чоғида етарлича мураккаб ва сермеҳнат таомилдир. Активлар ва мажбуриятларни баҳолашда БҲМС билан МҲХС ўртасида бир қатор тафовутлар мавжуд. Улар харажатларни капиталлаштиришнинг турли шартлари; активларнинг баланс баҳосини шакллантирадиган бўлғуси пул оқимларини баҳолаш усулининг қўлланиши ва бошқалар билан боғланган бўлиши мумкин. Ҳисоб объектларининг баланс қийматини шакллантиришга ёндашувларнинг турличалиги уларни қўллаш амалиётида қийинчиликлар туғдириши мумкин;

капитал ва резервлар ҳажмига тузатишлар киритиш. Юқорида баён этилган барча босқичларни амалга ошириб ва трансформацияни тўғри ўтказиб, акциядорлик жамияти миллий ҳисобот бўйича соф активлар ҳажми МҲХСга мувофиқ шакллантирилган капиталлар ва резервлар ҳажмидан фарқ қилишига тўқнаш келиши мумкин. 1-сон МҲХСга (IFRS) кўра ушбу тафовутни тақсимланмаган фойда таркибида акс эттириш керак.

Булар – миллий ҳисоботдан МҲХС бўйича ҳисоботга трансформациялаш (моддалар кўрсаткичларини ўтказиш ва қайта гуруҳлаштириш) йўли билан ўтказиладиган МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни илк бор тайёрлаш чоғидаги фақат баъзи, энг асосий хусусиятлардир. МҲХС бўйича дастлабки ҳисоботни тақдим этиш жуда сермеҳнат ва мураккаб жараён бўлиб, кўрсаткичларни талқин қилиш чоғида малакали ёндашув, жуда катта ҳажмли ишончли ахборотни профессионал баҳолаш ва йиғишни талаб қилади. 2015 йил учун МҲХС бўйича дастлабки ҳисоботни тузиш учун компания ҳозирданоқ аввалги йиллар учун ҳисоботни трансформациялашни, активлар ва мажбуриятларни баҳолашни бошлаши керак. Жорий ҳисобот йилини «ёпгандан» кейин уни чоп этиш учун 2015 йилги МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни тузиш керак.

 

Гўзал ИСЛОМОВА,

«Baker Tilly Tashkent» МЧЖ АТ бошқаруви раиси.  

 

*Молия вазирининг «Молиявий ҳисобот шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидаларни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Прочитано: 3524 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика