Илгари амал қилган Юридик шахслар томонидан касса операцияларини юритиш қоидаларида1 бухгалтерлар ва касса ҳужжатларига имзо чекиш ҳуқуқидан фойдаланувчи бошқа ходимлар кассирлик мажбуриятларини бажариши мумкин эмаслиги назарда тутилган эди (35-банднинг иккинчи хатбошиси).
Янги Қоидалардан2 (бундан кейин – 2687-сон Қоидалар) ушбу меъёр чиқариб ташланган. Унинг ўрнига штат жадвалида кассир лавозими бўлмаган ташкилотларда касса операцияларини амалга ошириш вазифалари раҳбарнинг буйруғига асосан бошқа ходим (ходимлар) зиммасига юкланиши таъкидланган.
Бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги йўриқноманинг3 (бундан кейин – 2169-сон Йўриқнома) 20-бандига мувофиқ бош бухгалтерга пул маблағлари ва қимматликлар учун бевосита моддий жавобгарлик билан боғлиқ бўлган вазифаларни юклаш мумкин эмас. Унга банклар ва бошқа ташкилотлардан бевосита пул маблағларини олиш тақиқланади.
Бюджетдан молияланмайдиган (хусусий) ташкилотларнинг раҳбарлари бош ёки ҳисоб-китоб бухгалтерига касса операцияларини амалга оширишни топширишга ҳақи борми? Бу борада истиснолар ёки чекловлар мавжудми?
ҲЕЧ ҚАНДАЙ МУАММО ЙЎҚ
ЮРИСТНИНГ ФИКРИ
Камол МУЗАФФАРОВ, «Norma Profi» эксперти:
– Ҳозир амал қилаётган 2687-сон Қоидаларда бухгалтерлар ва касса ҳужжатларини имзолаш ҳуқуқидан фойдаланувчи бошқа ходимларнинг кассир вазифасини бажаришларини тақиқлайдиган меъёр мавжуд эмас.
Аксинча, Қоидаларнинг 41-бандида кўрсатилишича, штат жадвалида кассир лавозими назарда тутилмаган ташкилотларда касса операцияларини бажариш вазифаси бирорта ходим(лар) зиммасига ташкилот раҳбарининг буйруғи (қарори) асосида юклатилиши мумкин. Бундан ушбу вазифаларни бош бухгалтер ёки бошқа, айтайлик, ҳисоб-китоб бухгалтери ҳам бажариши мумкинлиги келиб чиқади.
Бироқ шуни ҳисобга олиш зарурки, янги 2687-сон Қоидалар банклар, микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар, шунингдек «Ўзбекистон почтаси» АЖга нисбатан татбиқ этилмайди (1-банд). Шу сабабли бундан кейин хусусий (нобюджет) ташкилотлар тўғрисида сўз юритамиз.
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида, айрим ҳолларни истисно этганда, бир неча касбларда (лавозимда) бир вақтда ишлашга рухсат берилади. Ходим – иш берувчи билан меҳнат муносабатларига киришган жисмоний шахс. Бош ёки ҳисоб-китоб бухгалтери ҳам худди бошқалар сингари ходим. Шундай экан, у кассир лавозимини бирга бажариши мумкин (агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса).
«Бошқача қоидалар», хусусан, қуйидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган:
бюджет ташкилотининг бош бухгалтерига пул маблағлари ва моддий қимматликлар учун бевосита моддий жавобгарлик билан боғлиқ бўлган вазифаларни юклаш мумкин эмас. Унга банклар ва бошқа ташкилотлардан бевосита пул маблағларини олиш тақиқланади (2169-сон Йўриқноманинг 20-банди);
худди шундай вазифалар қуйидагиларнинг бош бухгалтерларига юкланиши мумкин эмас:
тижорат банкининг бош бухгалтерига (МБ бошқарувининг АВ томонидан 11.07.2008 йилда 1834-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси банкларида бухгалтерия ҳисобини юритиш ва бухгалтерия ишларини ташкил қилиш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 10-банди);
микрокредит ташкилотининг бош бухгалтерига (Микрокредит ташкилоти бош бухгалтери тўғрисида низомнинг 6-банди – МБ бошқарувининг АВ томонидан 12.10.2007 йилда 1728-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган Микрокредит ташкилотларида бухгалтерия ҳисобини юритиш тўғрисидаги йўриқномага 1-илова,);
касса ҳужжатларига имзо чекиш ҳуқуқидан фойдаланувчи бухгалтерлар ва бошқа ходимлар кассир вазифаларини бажара олмайдилар (МБнинг АВ томонидан 1.03.2000 йилда 904-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлигининг почта алоқаси фойдаланиш корхоналарида касса операцияларини юритиш қоидаларининг 116-банди учинчи хатбошиси).
Кассир лавозими назарда тутилмаган ёки у вақтинча ишда бўлмаган – мисол учун, болани парваришлаш таътилида бўлган, ходимлари сони кам бўлган хусусий корхоналарда бир неча лавозимда ишлаш айниқса долзарб. Мазкур ҳолда бош ёки бошқа бухгалтерга кассир вазифаларини бажаришни топшириш ўринли бўлади.
Буни, фикримизча, бирга олиб бориш йўли билан амалга оширган афзал. Яъни у ички тартиб қоидалари билан белгиланган асосий ишдан озод этилмасдан бошқа лавозим бўйича вазифаларни қўшимча равишда бажаради.
Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низомдан4 келиб чиқишича:
бир неча касб ва лавозимда ишлашга, қоидага кўра, ушбу ходим тегишли бўлган ходимлар тоифаси доирасида рухсат берилади (21-банд);
қўшимча ишни бажарадиган муддат, унинг мазмуни ва ҳажми иш берувчи томонидан, ходимнинг ёзма розилиги бўйича белгиланади (22-банд);
бир неча касб ва лавозимда ишлаш учун қўшимча ҳақ тўланади (23-банд); унинг миқдори, агар ички меҳнат тартибида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, томонларнинг келишувига кўра белгиланади (24-банд)5.
Агар бош бухгалтер асосий иши билан бир вақтда асосий ишидан озод этилмаган ҳолда кассир вазифаларини бажарса, юқорида кўрсатилган меъёрларга асосан бу меҳнат шартномасига қўшимча битимда акс эттирилиши керак.
Шуни қайд этиш жоизки, кассирнинг иши бевосита пул ёки товар қимматликлари билан боғлиқлиги сабабли у билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиш керак. Ушбу ҳужжатда қимматликларнинг сақланишини таъминлаш бўйича вазифалар аниқ кўрсатилади ҳамда кассирнинг қўшимча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгилаб қўйилади (Меҳнат кодексининг 203-моддаси).
Бунинг маъноси шуки, зиммасига кассир вазифалари юкланаётган хусусий ташкилотнинг бош ёки ҳисоб-китоб бухгалтери билан ҳам тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиш лозим. Шунингдек унинг зиммасига касса операцияларини амалга ошириш вазифаларини юклаш тўғрисида ташкилот раҳбарининг буйруғини (қарорини) расмийлаштириш лозим.
Кассир вазифаларини бухгалтерга юклаш билан боғлиқ 2 та чеклов мавжуд. Биринчиси – бош бухгалтер ушбу лавозимларни тижорат банклари, микрокредит ташкилотлари ва ломбардларда, шунингдек «Ўзбекистон почтаси» АЖда бирга олиб бориши мумкин эмас6. Иккинчиси – агар бухгалтернинг ўзи бундай қўшимча ишни бажаришни рад этса.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаймизки, 2687-сон Қоидаларнинг 41-банди ва ҳуқуқий ҳужжатларнинг бошқа меъёрлари мазмунига кўра штат жадвалида кассир штат бирлиги назарда тутилмаган хусусий (нобюджет) ташкилотларда касса операцияларини бажариш вазифаси бош ёки бошқа бухгалтер зиммасига юклатилиши мумкин, агар, албатта, уларга юқорида қайд этилган истиснолар тааллуқли бўлмаса. Ушбу хулоса давлатимизнинг тадбиркорлик субъектларига қулай иқтисодий ва ҳуқуқий шароитлар яратиш, улар фаолияти йўлидаги маъмурий тўсиқларни камайтириш сиёсатига мос келади. Зеро ҳамма микрофирма ва кичик корхона штатида кассирга эга бўлиш имкони бўлавермайди.
ЎЗИГА ЎЗИ НАЗОРАТЧИ
АУДИТОРНИНГ ФИКРИ
Гўзал ИСЛОМОВА,
«Baker Tilly Tashkent» МЧЖ АТ бошқаруви раиси:
– Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бош бухгалтер ва кассир лавозимида бир йўла ишлашга бевосита чекловлар мавжуд эмас. Бироқ, уларнинг мавжуд эмаслигига қарамай, шуни эътиборда тутиш лозимки, бу каби бир неча касбда ишлаш қонун ҳужжатларида назарда тутилган баъзи таомилларни амалга ошириш имконини бермайди.
Чунончи, Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низомда7 белгиланишича, бухгалтерияга келиб тушадиган бирламчи ҳужжатлар мажбурий текширишдан ўтказилади. Текширув шакл (ҳужжатларни расмийлаштириш, реквизитларни тўлдиришнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги), мазмун (ҳужжатлаштирилаётган операциянинг қонунийлиги, алоҳида кўрсаткичларнинг мантиқий боғланиши) бўйича амалга оширилади. Агар улар нотўғри расмийлаштирилган бўлса, қарор қабул қилиш учун раҳбарга берилади. Агар касса ҳужжатларини кассир – унинг ўзи текшириши керак бўлган бош бухгалтер расмийлаштирса, ушбу текширишнинг маъноси йўқолади.
Бундан ташқари, исталган ташкилотда ички назорат тизими8 фаолият кўрсатиши керак. Унинг вазифаларига бухгалтерия ёзувлари тўғрилигини, ҳужжатлар айланишини текшириш киради. Шунингдек – кассадаги нақд пуллар, қатъий ҳисобот бланкалари, қимматли қоғозлар ва ТМБни инвентарлашни ўтказиш киради. Уни ўтказиш учун доимо ишлайдиган комиссия тузилади, унинг таркибига раҳбар, бош бухгалтер ва бошқа мутахассислар киради.
Агар лавозими раҳбарлик билан боғлиқ бош бухгалтер айни вақтда ўзи назорат қиладиган кассир лавозимида ҳам ишласа, бу ташкилотнинг энг ликвид активлари – нақд пул устидан ички назорат сифатини муқаррар равишда пасайтиради. Бу ҳам қонун ҳужжатлари билан белгиланган бир қатор таомилларни, яъни бош бухгалтер инвентарлаш қоидаларига риоя этилишини синчиклаб назорат қилиши шарт бўлган ушбу таомилни амалга ошириш тартибини бузади.
Бунинг устига шуни ҳисобга олиш лозимки, ички назорат тизими ёмонлашувига олиб келадиган бир нечта лавозимда ишлаш чоғида молиявий ҳисоботдаги хатолар, активларни нотўғри тасарруф этиш ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилганлик учун жавобгарлик ташкилот раҳбари зиммасида бўлади.
Таҳририятдан. Хулоса чиқарамиз: бош бухгалтер ва кассир лавозимларини энди биргаликда олиб бориш мумкин. Ушбу чора давлат бирор нимани мажбуран (мазкур ҳолда – кассирнинг борлигини) талаб этмайдиган хусусий бизнес учун шарт-шароитларни эркинлаштиришга йўналтирилганлиги аниқ.
Бироқ айни вақтда хато ва суиистеъмолликларга йўл қўйиш эҳтимоли ҳам ошади. Тежам истагида микро– ва кичик корхоналар кассир ва бош бухгалтер лавозимларини биргаликда олиб борилишидан манфаатдорлар. Кассир иш ҳақини тежамайдиган ва ички назоратнинг ишончли тизимига эга бўлишни хоҳлайдиган йирик корхоналар ушбу лавозимни штатда сақлаганлари яхшироқ.
1МБ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 17.12.1998 йилда 565-сон билан рўйхатдан ўтказилган. 29.06.2015 йилдан ўз кучини йўқотган.
2МБ бошқарувининг АВ томонидан 22.06.2015 йилда 2687-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
3Молия вазирининг АВ томонидан 22.12.2010 йилда 2169-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
4ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон Қарори билан тасдиқланган.
5Мазкур банд Меҳнат кодексининг 160-моддасига асосланган, ундан келиб чиқишича, бир неча касбда (лавозимда) ишлаганлик учун ходимларнинг меҳнат ҳақи миқдори меҳнат шартномаси тарафлари ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.
6Тижорат банклари, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва «Ўзбекистон почтаси» АЖ, шубҳасиз, тижорат (нобюджет) ташкилотлар ҳисобланади.
7Молия вазирининг АВ томонидан 14.01.2004 йилда 1297-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
812-сон Аудиторлик фаолияти миллий стандарти (АФМС) «Аудиторлик текширувлари жараёнида бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимини баҳолаш» (молия вазирининг АВ томонидан 12.04.2007 йилда 1673-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган).