2015 йил I чораги учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ҳисобот қандай тўлдирилишини айтиб берсангиз. Хусусан, бизни Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотларнинг 007-«Солиқ солинадиган даромадларнинг умумий суммаси» ва 008-«Солиқ солиш шкаласи бўйича солиқ солинадиган даромадлар» сатрлари қизиқтиради.
Масалан, уч нафар ходимга 8 706 000 сўм иш ҳақи ҳисобланган. Шкала бўйича ҳисобланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси 949 824 сўмни ташкил қилди.
Ҳисоботда мазкур сатрлар бўйича 8 706 000 сўмни кўрсатиш ёки ҳар ойда солиқдан озод қилинадиган ЭКИҲнинг 1 бараварини чегириш ва 7 640 000 сўмни (8 706 000 – 118 400 х 3 х 3) кўрсатиш керак эдими? Ходимларда бошқа имтиёзлар йўқ.
Бухгалтер.
– 118 400 сўм (ЭКИҲнинг 1 баравари) ҳар ойда солиқ солишдан озод қилинмайди, балки ЖШДСнинг белгиланган шкаласи бўйича 0%лик ставкада солиқ солинади. Яъни мазкур сумма солиқ солинадиган даромаднинг бир қисми ҳисобланади. Тегишинча, Ҳисобланган ва амалда тўланган даромадлар суммалари ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотлар ва уларга иловалар (МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 2-илова) тўлдирилаётганда солиқ солинадиган даромадларнинг умумий суммаси, шу жумладан 0%лик ставкада солиқ солинадиган 118 400 сўм кўрсатилади.
Сизнинг мисолингизда 2015 йил I чораги учун ҳисобот тўлдирилаётганда Маълумотларда қуйидаги суммаларни кўрсатиш керак эди:
007-сатрда – жами даромаддан – 8 706 000 сўмдан келиб чиқиб белгиланадиган ЖШДС бўйича солиқ солинадиган база;
007-сатрдан 008-сатрда – солиқ солишнинг белгиланган шкаласи бўйича солиқ солинадиган даромадлар – 8 706 000 сўм.
Жавобни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.