«Микрокредитбанк» АТБ Хоразм вилоят филиалида 2008 йилдан буён фаолият юритиб келиб, ҳозирда Қоровул филиали бошқарувчиси ўринбосари лавозимида ишлаётган ҳолимда эндиликда эгаллаб турган лавозимимга мутахассислигим бўйича тўғри келмаслигимни айтишмоқда.
Ўзим Урганч Давлат университетининг Иқтисодиёт факультетида иқтисодиётнинг касб таълими йўналиши бўйича диплом олганман. Айтишларича, ушбу йўналишдаги диплом эгалари банкда ишлай олмас эканлар.
Ҳозирги кунда бундай дипломга эга бўлган банк ходимлари нима қилишларини билмай қолишди – биз қайтадан ўқишимиз керакми? Банкнинг бизга нисбатан ушбу талаби тўғрими?
Бир гуруҳ банк ходимлари номидан М.Зоиров.
– Бу талаб, албатта, нотўғри.
Агар банк раҳбарияти бу вазиятда меҳнат шартномасини ўз хоҳишига кўра бекор қилиш масаласини кўтарган бўлса, бу талаб амалдаги меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўпол равишда бузиш деб қаралади.
Меҳнат кодексининг 80-моддасида ишга кираётган шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни тақдим этиши кераклиги белгиланган, яъни мўлжалланган лавозимга ходимнинг тўғри келиш-келмаслиги масаласи меҳнат шартномасини тузишда ҳал қилиниши керак эди.
Иш жараёнида эса ходимнинг нолойиқлиги ходимнинг бажариши шарт бўлган, топширилган ишни уддалай олмаётганлигини гувоҳлантирувчи аниқ фактлар (текширув актлари, бевосита раҳбарлик қилувчисининг билдириш хати, ҳисоботлар, аттестация ҳужжатлари ва ишнинг паст сифатлилигини, иш ҳажмини ҳамда ишлаб чиқариш нормасини бажармаётганлигини ва ҳоказоларни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар) билан тасдиқланиши лозимдир (Олий суд Пленумининг 17.04.1998 йилдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги 12-сон Қарорининг 28-банди).
Демак, меҳнат шартномасини бекор қилиш раҳбарларнинг фикри ёки ходимнинг қандай дипломга эга эканлиги билан эмас, балки ходимнинг бажараётган ишига (эгаллаб турган лавозимига) нолойиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (юқорида қайд қилинган) билан асосланиши зарур. Акс ҳолда бундай низони баҳолаш тегишли тартибда суд ваколатига топширилади.
Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ, «Norma Profi» эксперти.