Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғини тўлаётганимда Солиқ органларини ривожлантириш жамғармасига қўшимча тўлов тўлашимни талаб қилишди. Солиқ инспекторларининг бу талаби қонунийми? Давлат солиқ органларини ривожлантиришга бадал тўлаш жисмоний шахсларнинг мажбуриятига кирадими?
М.Рустамов,
хусусий қурилиш ташкилоти прораби.
– Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни солиқ даври учун тўлаш ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар амалга оширилади (Солиқ кодексининг (бундан буён – Кодекс) 277-моддаси). Агар бу солиқ тўланмаган ёки вақтида тўланмаган бўлса, солиқ идоралари тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун, тўланаётган кун ҳам шунга киради, 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисоблашига сабаб бўлади (Кодекснинг 120-моддаси). Бошқача қилиб айтганда, пеня солиқ вақтида тўланмаганлиги учун молиявий жазо чораси ҳисобланади (Кодекснинг 112-моддаси).
Айни бир вақтда бу Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий муҳофаза, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармасини (СОРЖ) шакллантириш манбаларидан биридир. Бу жамғарма давлат солиқ органлари томонидан қўшимча ундириб олинган суммаларнинг, шу жумладан солиқ ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун солинган молиявий жазо чоралари суммаларининг 10 фоизи миқдори (ВМнинг 12.01.1998 йилдаги 14-сон Қарорининг 5-банди) ҳисобидан ҳам шакллантирилади.
Пеняни ҳисоблашда, яъни солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун (жумладан, солиқ тўлаш муддатларига риоя этмаганлик учун) молиявий жазо чораларини қўллашда солиқ органлари ҳисоблаб чиқарилган пеня суммасининг 10 фоизини СОРЖга ва 90 фоизини давлат бюджетига йўллайдилар, Мол-мулк солиғи ва пеня солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварағи карточкасида акс эттирилади. Шу сабабли ҳам тўлов тегишли ҳисоб-китоб варағига қуйидаги тартибда тўланмоғи даркор: ҳисобланган пеня суммасининг 90 фоизи мол-мулк солиғи бўйича давлат бюджетига, 10 фоизи эса СОРЖга юборилади.
Қонун ҳужжатларида СОРЖга қандайдир қўшимча тўловлар тўлаш назарда тутилмаган. Барча тўловлар ҳисоблаб чиқарилган молиявий жазо чоралари доирасида амалга оширилади.
Юридик шахснинг балансида мамлакатимизнинг турли минтақаларида жойлашган иккита бино бор. Ер солиғи бир кун кечикиб тўланди. Ҳар иккала минтақадаги ДСИ бош бухгалтерга ЭКИҲнинг 10 баравари миқдорида жарима солди, бинобарин у битта ҳуқуқбузарлик учун икки марта жазоланди. ДСИларнинг бу ҳаракатлари қонунийми?
С.Габигер,
АЖ бош бухгалтери.
– Солиқ органларининг бу борадаги ҳаракатлари қонунийдир.
Гарчи қоидабузарликнинг моҳияти бир бўлса-да, турли жойда жойлашган иккита солиқ солиш объекти бўйича бир жуфт ҳуқуқбузарлик содир бўлганлиги аниқланган.
Кодекснинг 81-моддасига биноан солиқ тўловчини объектлар бўйича ҳисобга қўйиш солиқ солиш объекти жойлашган ердаги солиқ органлари томонидан амалга оширилади. Кўчмас мулк иккита солиқ инспекциясида ҳисобга қўйилганда сизда иккита туман маҳаллий бюджетига ер солиғи тўлаш мажбурияти юзага келади.
Солиқ мажбуриятини бажариш учун солиқ тўловчи солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ миқдорда тўлаши шарт (Кодекснинг 34-моддаси). Бундай ҳолларда ер солиғини ҳисобга олиш ва унинг келиб тушишини назорат қилиш иккита давлат солиқ инспекцияси томонидан амалга оширилади.
Солиқларга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ишларни давлат солиқ хизмати органлари ўз ваколатлари доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқиш ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан молиявий жазо чораларини қўллаш ҳуқуқига эга (29.08.1997 йилдаги «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги 474-I-сон Қонун 5-моддасининг 9-банди). Битта мансабдор шахс икки ёки ундан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган тақдирда, маъмурий жазо ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида-алоҳида қўлланилади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси).
Ҳар бир солиқ инспекцияси ўз тумани бўйича солиқлар ва тўловлар бюджетга келиб тушишини мустақил равишда назорат қилиб боради. Шу сабабли ҳам ҳар иккала ДСИ сизларга нисбатан тегишли қонун ҳужжатлари бўйича маъмурий жазо чораларини мустақил равишда қўлланган.
Наталья ЗУЕВА, экспертимиз.