Бугун биз норезидентнинг доимий муассасаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг резидентларига ва норезидентларига фоизсиз қарз берилишининг эҳтимолий вазиятларини, шунингдек унинг қайтарилиши усулларини таҳлил қилишда давом этамиз. Экспертнинг асосий вазифаси қайси вазиятда битим тарафлари учун хатарлар камроқ бўлишини кўрсатиб беришдан иборат.
5-ВАЗИЯТ. Норезидентнинг доимий муассасаси (ДМ) айнан ана шу ЎзР норезидентига (бош) фоизсиз қарз беради.
Норезидентнинг ўзи комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси бўйича ўзининг фирма номидан фойдаланиш ҳуқуқини олиши ёки, масалан, товар белгисидан ёхуд қарз шартномаси бўйича ўзининг хусусий пул маблағларидан қарз олиши операциялари аниқ иқтисодий моҳиятга эга эмас. Ахир Ўзбекистоннинг амалдаги банкка оид қонун ҳужжатларига мувофиқ норезидент ДМ фаолияти учун очилган ҳисобварақларга, ва аксинча – норезидентнинг хорижий давлатдаги ҳисобварағига ҳеч бир чекловларсиз исталган валютада пул маблағларини ўтказиш ҳуқуқига эга.
Айтиб ўтилганларни ҳисобга олган ҳолда, бундай операция Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларининг1 48-банди саккизинчи хатбошисида назарда тутилган асосларга кўра гумонли деб эътироф этилиши мумкин.
Бундан ташқари, бундай операцияларни ДМ битим тарафи бўла олмайдиган ЎзРнинг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилган ҳолда расмийлаштириб бўлмайди (Фуқаролик кодексининг 101-моддаси, кейинги ўринларда – ФК). Бу бир норезидентнинг ўзи ҳам қарздор, ҳам кредитор бўлиб қолишига олиб келади. ФКнинг 234-моддасига биноан мажбурият – фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади. Кредитор эса қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Қарздор билан кредитор бир шахс бўлиб қолганида мажбурият бекор бўлади (ФКнинг 346-моддаси).
Агар юридик ёки жисмоний шахсларгина битим тарафлари бўлиши мумкинлиги кўрсатилган ФКнинг 101-моддаси талабларини бузган ҳолда, битим тарафлари бир томонда ЎзР норезиденти, иккинчи томонда эса мазкур норезидентга қарашли ДМ этиб белгиланса, бундай шартнома ФКнинг 116-моддасида назарда тутилган асосларга кўра ҳақиқий эмас (яроқсиз) деб ҳисобланади. Албатта, бунинг зидди тариқасида «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон) 16-моддасини келтириш мумкин, унга мувофиқ хўжалик юритувчи субъект ва унинг таркибий бўлинмалари ўртасида ички хўжалик шартномалари тузилиши мумкин. Бироқ амалдаги қонун ҳужжатларининг меъёрларидан келиб чиқиладиган бўлса, норезидентнинг доимий муассасаси чет эл тижорат ташкилотининг солиқ мақоминигина белгилайди ва ташкилий-ҳуқуқий моҳиятга эга эмас. Шу боис ДМни юридик шахс – норезидент компаниясининг таркибий тузилмалари билан бир хил деб қараш нотўғри бўлади (СКнинг 20-моддаси иккинчи қисми).
Юқорида айтиб ўтилганларни ҳисобга олиб, норезидент айнан шу норезидентга қарашли Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган ўзининг доимий муассасаси билан бирор-бир шартномавий муносабатларга кириша олмайди деган тўхтамга келамиз. Шу муносабат билан норезидентга қарашли ДМ айнан шу (бош) норезидентга, бизнинг фикримизча, қарз беришга ҳақли эмас.
1МБ бошқаруви ва СВОЖЖДЛҚК Департаментининг АВ томонидан 21.11.2013 йилда 2528-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Екатерина АДЕЕВА,
«Baker Tilly Uzbekistan» компаниялари аудиторлик-консалтинг гуруҳи юридик амалиёти раҳбарининг ўринбосари.
Давоми бор.