Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 43 / Истеъмолчининг ён дафтарига

«Пластик»даги пулни қандай муҳофаза қилса бўлади

Пластик карталардан анчадан бери фойдаланаётганимизга қарамай, улар билан ишлашда ҳали ҳам муаммолар учраб туради. Кимдир уни дўкон ёки ресторанда чув тушириши мумкин бўлган фирибгарликдан қўрқади, баъзилар эса ҳисобварақдаги маблағларни тасарруф этиш ҳуқуқини берадиган стандарт пин-кодни ҳали ҳам алмаштирмаган. Пластик карталардан кундалик фойдаланишда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга тушунтириш бериш учун биз Марказий банк пул муомаласи департаментининг директори Муҳиддин МЎМИНОВГА мурожаат қилдик.

 

– Вақти-вақти билан пластик карта эгалари банкларга мурожаат қилиб, нима учундир уларнинг ҳисобварақларидаги маблағлар тугаб қолганлиги хусусида айтадилар. Бунда улар чекларни сақлайдилар ва ўзларининг ҳисоб-китоби бўйича картада пул қолиши керак бўлади. Бу ҳолни қандай изоҳлаш мумкин? Пластик карта эгаси картадан маблағлар ғайриқонуний тарзда олинганлигини қандай қилиб исботлай олади?

– Республикамизда пластик карталар, ҳисоб-китоб терминаллари, банкомат ва бошқа махсус ускуналарнинг юқори даражадаги ҳимояси бўйича белгиланган талабларга риоя этилиши устидан қаттиқ тизимли назорат ўрнатилган, пластик карталардан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз тўловларни амалга ошираётганда қалбакилик ва фирибгарликларнинг олдини олишга доир қўшимча чоралар кўрилган.

Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларнинг Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисида низомга (МБ бошқарувининг АВ томонидан 30.04.2004 йилда 1344-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом) мувофиқ ҳар бир пластик карта эгаси карта ҳисобварағидаги пул маблағларини тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган шахсий идентификация рақами (пин-код)га эгадир. Карта йўқолган ёки ўғирланган тақдирда пин-код хавфсизликнинг охирги чораси ҳисобланади. Карта эгаси пластик картанинг пин-кодини бошқа шахсга ошкор этганда карта бўйича транзакцияни содир этганлик учун бутун жавобгарлик карта эгасининг зиммасига тушади. Бу қоида эмитент банк билан шартномада қайд этилган. Пластик картанинг пин-коди нотўғри терилганда ёки бошқа нуқсонларга йўл қўйилганда тўлов амалга оширилаётганда учинчи уринишдан кейин карта автомат тарзда блокировкаланади. Низомнинг 33-бандига кўра эмитент ҳам қалбаки банк картасидан фойдаланилган барча операциялар бўйича тўлиқ жавобгар бўлади.

Бундан ташқари, картада ҳақиқатда қанча пул қолганлигини билиш учун унинг сақловчиси хизмат кўрсатувчи банкдан ёки унга доир муайян давр мобайнида қилинган транзакциялар қайд этиладиган инфокиоскдан карта тарихи, яъни маблағларнинг картадаги ҳаракати тўғрисида ахборот олиши мумкин. Маблағларнинг ҳаракати тўғрисида мобил телефонга SMS хабарларни олиш имконияти ҳам йўлга қўйилган. Мазкур хизматга уланиш учун хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилиш ёки пластик карта сақловчиларига мобил телефон ёрдамида (банк оператори, ҳисоб-китоб терминаллари, инфокиоск ва банкоматлар иштирокисиз) картадаги мавжуд маблағларни тасарруф этиш имконини берадиган «Uzcard-Click» тизимига уланиш лозим.

Хизмат мобил телефоннинг ҳисоб-китоб варағи билан эмас, балки SIM-карта билан боғлиқ. Қўшимча дастурий таъминотни ўрнатиш талаб қилинмайди.

– Дўкон (кафе)ларда терминал рад жавобини берган ҳолда чекни қайтариб, операция содир этилганлигини рўйхатдан ўтказмаган вазиятлар учрайди. Сотувчи такрорий транзакцияни амалга оширади, бироқ бунда SMS-хабар ва картадаги маблағлар қолдиғи пулларнинг картадан олинганлигини кўрсатади. Бундай вазиятда уларни қайтариш учун карта сақловчиси нима қилиши керак?

– «Оn-line» пластик карталаридан фойдаланилганда сифатли ва узлуксиз алоқани таъминлаш Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳамда Ягона умумреспублика процессинг маркази (ЯУПМ) зиммасига юклатилган.

«Duet» («Оff-line») тўлов тизимининг ҳисоб-китоб терминалларини боғлаш учун савдо-сервис корхоналари махсус алоқа асбоблари билан таъминланган бўлиши керак. «Оn-line» режимида ишлайдиган пластик карталардан тўловлар ЯУПМ, банк ва мижоз ўртасида ўрнатилган алоқа каналлари орқали амалга оширилади. Бироқ баъзан, айниқса республика минтақаларида алоқа каналларининг етишмаслиги ва бандлиги Марказ, банк ва мижоз ўртасида ахборот алмашиш ҳамда ҳисоб-китобларда алоқанинг секинлашиши ва узилишига олиб келади.

Пул маблағларини хато равишда ечиб олиш ҳолларига келсак, бунга йўл қўймаслик учун товар ёки хизматга пластик карта ёрдамида ҳақ тўлаётганда биринчи навбатда сотувчи томонидан ҳисоб-китоб терминалига киритилган суммага ­эътибор қаратиш керак. Сўнгра ўз пин-кодингизни ўзингиз киритинг. Агар пластик картадан хато равишда маблағ керагидан кўпроқ олинган бўлса, савдо ёки сервис корхонаси ортиқча маблағни карта ҳисобварағига қайтариши шарт.

– Карталарнинг эгалари уни йўқотадиган ҳоллар ҳам учрайди. Картада қолган пулни ҳимоя қилиш учун уни сақловчи нималар қилиши кераклиги хусусида маслаҳат берсангиз.

– Низомга кўра банк карточкаси сақловчиси эмитент банкка ёзма ариза топширади. Хизмат кўрсатувчи банк карта йўқолганлиги тўғрисидаги аризага асосан 1 банк куни мобайнида унинг реквизитларини «стоп-варақ»қа киритиши (яъни йўқолган пластик карта орқали тўловларни вақтинча тўхтатиб қўйиши) шарт. Бу йўқолган картадаги маблағлар қолдиғини сақлаш учун қилинади.

Карта эгаларининг ўзлари ҳам карталаридаги маблағларнинг сақланиши тўғрисида қайғуришлари керак. Чунончи, картанинг пин-кодини бегона шахсларга ошкор қилиш айниқса мумкин эмас. Шунингдек дастлабки белгиланадиган стандарт пин-кодларни алмаштириш, 4 дан 8 белгигача миқдорда рақамларнинг мураккаб комбинациясини амалга ошириб, маблағларни юклаш ва ҳисобдан чиқаришга комплекс паролларни белгилашни тавсия қиламиз.

Эслатиб ўтаманки, топилган картанинг кодини топишга ноқонуний уринганда пин-кодни нотўғри киритишга учинчи уринишдан кейин карта блокировкаланади ва ҳисобварақдаги маблағлар йўқолиши ёки номаълум кишилар томонидан сарфланиши имконсиз бўлиб қолади.

 

Мухбиримиз
Ольга КИРЬЯКОВА
суҳбатлашди.

Прочитано: 3354 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика