Почта қутиси
Телевизорда контрабанда йўли билан олиб келинган дори препаратларининг ушланганлиги тўғрисидаги кўрсатувни кўрдим. Божхоначи олиб келинадиган дориларнинг ҳаммаси божхона орқали ўтиши, уларни киритиш учун ўзбек тилида қўшимча йўриқнома қўшиб қўйилиши тўғрисида cўзлаб берди. Кеча «Глюкофаж 500» (60 таблетка) сотиб олдим, унинг қутиси устига негадир ўзбек тилида ёзилган, қалбаки эмасмикин? Яна бир ҳолат, дугонам испан дорисини сотиб олди, йўриқномадан ташқари, унинг ўровида ҳам ўзбек тилидаги ёзувлар бор экан, илгари бундай қутида украинча ёзувлар бўлар эди. Энди дугонам дорининг оригиналлиги хусусида шубҳаланяпти. Буни қандай тушуниш керак, дори божхонадан ўтганмикин ва уни Ўзбекистонда сотишга расмий рухсат олинганмикин?
Д.Юсупова.
– Олиб кириладиган дори препаратларини маркировка қилиш шартлари Вазирлар Маҳкамасининг «Импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турларини маркировка қилиш ва божхонада расмийлаштириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» Қарори (5.02.2014 йилдаги 22-сон, бундан кейин – 22-сон Қарор) 2-банди билан белгиланган. Унда айтилишича, истеъмол упаковкасига (идишига) эга бўлган дори-дармонларни (ТИФ ТН бўйича коди 3004) импорт қилиш давлат тилида мажбурий маркировка қилинган ҳолда амалга оширилади. У идишга истеъмолчи учун ахборотни қистирма варақа шаклида жойлаштириш йўли билан, упаковкасида қўшимча маркировкасиз амалга оширилади. Ишлаб чиқарувчи корхона томонидан қўйиладиган давлат тилидаги маркировкаси мавжуд бўлмаган тақдирда импорт қилинаётган дори-дармонларни улар республика ҳудудига олиб кирилгандан кейин, божхона омборида сақлаш вақтида, гуруҳли упаковкага давлат тилидаги қистирмаларнинг тегишли бирликларини жойлаштириш йўли билан маркировка қилишга йўл қўйилади.
Тегишинча, белгиланган талабларга мувофиқ қистирма варақанинг мавжудлиги маркировка қилинганликдан далолат беради. Дори препаратининг қутиси (ўрами)даги давлат тилидаги ёзувларга келсак, улар импорт қилувчи билан келишиш асосида ёки маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхонанинг ўз ташаббусига кўра жойлаштирилган бўлса керак.
Ён дафтарга.
Ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турларини маркировка қилиш ва божхонада расмийлаштириш қоидалари 22-сон Қарор билан (1-илова) тасдиқланган. Унда аниқ қилиб таъкидланишича, давлат тилидаги маркировкада баён қилинган маълумотларнинг бошқа тиллардаги ишлаб чиқарувчи корхонанинг маркировкасига мувофиқлигини таҳлил қилиш имконини бермайдиган ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан қўйилган маркировка юзасига товарнинг упаковкасига стикерни елимлаш усули билан товарни давлат тилида маркировка қилишга йўл қўйилмайди. Шунингдек давлат тилидаги маркировкага ишлаб чиқарувчи корхонанинг бошқа тиллардаги маркировкасида мавжуд бўлмаган қўшимча маълумотлар киритилиши тақиқланади.
СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИНИНГ ВАКОЛАТЛАР ДОИРАСИ
Дори воситаларини маркировка қилиш матни ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси томонидан тасдиқланади. Вазирлик сайтида (http://www.minzdrav.uz/services/registry/drug.php) мамлакатимизда қўлланадиган Дори воситаларининг давлат реестри жойлаштирилган. Унда, хусусан, МДҲ мамлакатлари ва олис хорижнинг дори воситалари, шунингдек мамлакатимиз ва хорижда ишлаб чиқарилган субстанциялар кўрсатилган.
БОЖХОНА ФУНКЦИЯЛАРИ
Товарни импорт режимида («Эркин муомала учун чиқариш») расмийлаштириш уни товардаги маркировка билан танлаб солиштиргандан кейин божхона хизмати ходимлари томонидан амалга оширилади. Бунда божхона органлари томонидан «Маркировкалаш ва аудит» идоралараро ахборот тизими маълумотларининг базаси шакллантирилади, унда расмийлаштирилган БЮДлар ва мажбурий маркировкаланадиган товарларнинг серия рақамлари тўғрисидаги ахборот бўлади. Унинг асосида назорат тадбирлари, хусусан мажбурий маркировкаланадиган, республика ҳудудига яширинча олиб кириладиган товарлар сонининг таҳлили ўтказилади.
Мажбурий маркировка қилиш халқаро амалиётда кенг қўлланишини таъкидлаш лозим. Мамлакатимизда товарнинг бир қисми бўлган ва унинг қийматига кирувчи истеъмол упаковкасида (идишда) бевосита чакана савдога тушувчи товарларни мажбурий тартибда маркировка қилиш 2013 йил 1 июлдан бошлаб, Вазирлар Маҳкамасининг 13.05.2013 йилдаги 127-сон Қарори билан жорий этилган. Унинг 1-иловасида Ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турлари рўйхати кўрсатилган.
Ҳужжат тили билан
Маркировка – импорт қилинадиган товарнинг истеъмол упаковкасидаги ва (ёки) идишдаги матн, расмлар ёки маълумот берувчи белгилар.
Идиш – ўзида маҳсулотни жойлаштириш учун буюмни ифодалайдиган упаковканинг асосий элементи.
Упаковка – маҳсулотни шикастланиш ва нобудгарчиликдан, атроф муҳитни ифлосланишдан ҳимоя қилишни таъминлайдиган восита ёки воситалар мажмуи, шунингдек маҳсулотнинг айланиш жараёни.
Истеъмол упаковкаси – транспорт идиши функциясини бажармайдиган, истеъмолчига маҳсулот билан биргаликда тушган идиш.
Стикер – этикетка ёки упаковкага кирмаган қўшимча маълумотларни жойлаштириш учун хизмат қиладиган махсус елим қатламли этикетка.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.