Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 37 / vopros.norma.uz

Солиқ солиш тизимини ўзгартирамиз

Қурилиш ёрдамчи пудрат ташкилоти умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтмоқчи. Агар ҚҚСсиз 10 млн сўмлик ёрдамчи пудрат ишлари ҳажми бажарилган бўлса, ҚҚС ҳисоблаш ва тўлаш тартиби қандай бўлади? Ушбу ҳолда ҳисобварақ-фактура қандай расмийлаштирилади?

Р.Расулов,

бухгалтер ёрдамчиси.

 

– Солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимига ўтиш хусусиятлари Солиқ кодексининг (СК) 351-моддаси билан белгиланган.

Мазкур моддага кўра ташкилотингиз ягона солиқ тўловини тўлашдан ихтиёрий равишда воз кечган тақдирда ҳисобот даври тугаганидан сўнг 10 кун ичида солиқ органларига тақдим қилинадиган ёзма билдириш асосида кейинги ҳисобот давридан бошлаб умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтишга ҳақлидир.

Ҳисобот йили тугаши билан СКнинг 350-моддаси учинчи қисмига мувофиқ белгиланган ходимлар сони мезонига мос келмайдиган ягона солиқ тўловини тўловчилар ДСИга йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиш муддатидан кечиктирмай тақдим этиладиган ёзма билдириш асосида кейинги ҳисобот йилидан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтадилар.

Умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган пайтидан бошлаб ташкилотингиз солиқлар ва мажбурий тўловларни СКнинг 23-моддасига мувофиқ тўлаши шарт. Мажбурий солиқларнинг бири қўшилган қиймат солиғи (бундан кейин – ҚҚС) ҳисобланади. ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлаш қоидалари СКнинг 197–228-моддаларида акс эттирилган.

СКнинг 204-моддаси тўртинчи хатбошисида белгиланишича, қурилиш, қурилиш-монтаж ва таъмирлаш-қурилиш, ишга тушириш-созлаш, лойиҳа-қидирув ва илмий ишлар, хизматлар бўйича, шунингдек объектларни фойдаланишга тайёр ҳолда қуришда шартномавий нархлардан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб ҳужжатлари ҳақ тўлаш учун тақдим этилган, бажарилган ва буюртмачи томонидан тасдиқланган ишларнинг, хизматларнинг ҚҚС киритилмаган қиймати солиқ солинадиган базадир. Агар шартномага биноан бу ишларни материаллар билан таъминлаш мажбурияти буюртмачининг зиммасида бўлса, ушбу материалларга бўлган мулк ҳуқуқи буюртмачининг ўзида сақланиб қолган тақдирда, бажарилган ҳамда тасдиқланган ишларнинг буюртмачи материалларининг қиймати киритилмаган ҳолдаги қиймати солиқ солинадиган базадир.

СКнинг 222-моддасига кўра, ҚҚС солинадиган оборотни ва мазкур солиқдан озод қилинган оборотни амалга ошираётган юридик шахслар, шунингдек унинг тўловчиси бўлмаган юридик шахслар товарларни (ишларни, хизматларни) олувчи шахсга ҳисобварақ-фактура тақдим этишлари шарт. ҚҚС тўловчилари ҳисобварақ-фактура жадвал шаклининг 8, 9-устунларида товарлар (ишлар, хизматлар) харидорига қўйиладиган ҚҚС ставкаси ва суммасини кўрсатадилар.

Юқорида баён этилганлар асосида умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтаётганда ташкилотингиз ҳисобварақ-фактураларни ҚҚС билан бирга қўйиши шарт. 2014 йил учун ҚҚС ставкаси Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон Қарорининг 3-бандига кўра 20%ни ташкил этади.

СКнинг 224–226-моддаларига мувофиқ солиқ солинадиган оборотлар бўйича ҚҚС солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС солиқ солинадиган оборот бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси билан СКнинг 218-моддасига мувофиқ ҳисобга олинадиган солиқ суммаси ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.

 

МИСОЛ. Ташкилот объект қурилиши учун 6 млн сўмлик қурилиш материаллари ва ишларини харид қилди (шу жумладан олинган ҳисобварақ-фактураларда кўрсатилган ҚҚС 1 млн сўмни ташкил қилди).

Ташкилот 10 млн сўмлик қурилиш ишларини бажарди, уларга 20%лик ҚҚС ҳисоблади.

Келтирилган мисолда ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база 10 млн сўм бўлади. ҚҚС суммаси 2 млн сўмни (10 000 000 сўм х 20%) ташкил этади. Бажарилган ишлар далолатномаси – ҚҚС ҳисобга олинган қурилиш ташкилотининг ҳисобварақ-фактураси 12 млн сўмга тақдим этилади.

Етказиб берувчилардан олинган ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҳисобга қабул қилинадиган ҚҚС суммаси 1 млн сўмни ташкил этади.

Бюджетга ҳисобланган ҚҚС суммаси:

2 000 000 – 1 000 000 = 1 000 000 сўмга тенг бўлади.

 

Шуни эътиборга олиш лозимки, ЯСТ тўловчилари умумбелгиланган солиқларни тўлаш тизимига ўтган тақдирда, корхоналар ўтилган пайтдан эътиборан илгари ҚҚС билан харид қилинган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қолдиқлари бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга (СКнинг 218-моддаси).

 

Айтайлик, кўрилаётган мисолда ташкилот умумбелгиланган тизимга ўтиш пайтида 9 млн сўмлик (шу жумладан ҚҚС – 1,5 млн сўм), ҚҚС билан бирга харид қилинган материаллар қолдиғига эга бўлган. 1,5 млн сўмни ҳам ташкилот ҳисобга киритиши мумкин. Бундай ҳолда ҳисобга қабул қилинадиган ҚҚС суммаси 2,5 млн сўмни (1 500 000 + 1 000 000) ташкил этади.

Бюджетга ҳисобланган ҚҚС суммаси:

2 000 000 – 2 500 000 = – 500 000 сўмни ташкил қилади.

 

Ҳисобга киритиладиган солиқ суммаси ҳисобланган солиқ суммасидан ошиб кетган тақдирда СКнинг 227-моддасига амал қилиш лозим, унга кўра ҚҚСнинг ортиқча тўланган суммаси солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича қарзи бўлмаган тақдирда, СКнинг 10-бобига мувофиқ солиқ тўловчига қайтарилиши мумкин. Шунингдек ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасининг навбатдаги ҳисобот даври учун ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасидан ортган суммаси ҚҚС бўйича навбатдаги тўловлар ҳисобига ўтказилиши мумкин. Ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасининг солиқ даври якунларига кўра ҳисобланган солиқ суммасидан ортиқчалиги сақланиб қолган тақдирда, ушбу ортиқча сумма кейинги солиқ даврига ўтказилади ва ҚҚС бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ўтказилади ёхуд солиқ тўловчига мазкур моддада белгиланган тартибда қайтарилади.

ҚҚС ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади (СКнинг 225-моддаси).

СКнинг 226-моддасига асосан ҚҚСни тўлаш қуйидагича амалга оширилади:

қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан – СКнинг 225-моддаси биринчи қисмига мувофиқ ҚҚС ҳисоб-китобини тақдим этиш учун белгиланган кундан кечиктирмай;

микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар томонидан – ҳар ойда, кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатдан кечиктирмай.

Алла МОСКАЛЕНКО,

«PKF MAK Alyans» АК аудитори,
солиқ маслаҳатчиси.

Прочитано: 4186 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика