ЯСТ тўловчиси бўлган ишлаб чиқариш корхонаси 2013 йил ноябрида хорижий ҳамкордан ўз ишлаб чиқаришида фойдаланиш учун хом ашё олди. Мазкур шартнома бўйича тўлов амалга оширилмаган.
2014 йил мартида хорижий ҳамкор тугатилиши муносабати билан товарни мазкур шартнома бўйича етказиб бериш сотувчи томонидан ҳақ олмасдан ва харидорнинг тўловисиз амалга оширилиши хусусида қўшимча битим имзоланди.
Корхона ҳисоби ва солиқ солишида хом ашёни текинга олиш (кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқариш) қандай акс эттирилади?
Даромадни қандай сана бўйича тан олиш керак: қўшимча битим имзоланган сана бўйичами ёки уни банк бўлимида рўйхатдан ўтказиш санаси бўйичами?
Божхона декларацияси ва товарлар келтириш карточкасини қайта расмийлаштириш керакми?
– Ҳисоб ва солиқ солиш мақсадида даромадлар ҳисоблаб ёзиш қоидаси бўйича, яъни уларнинг юзага келишининг боришига қараб эътироф этилади (30.08.1996 йилдаги «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги 279-I-сон Қонуннинг 13-моддаси; 1-сон БҲМС «Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот»нинг1 16-банди). Улар ўзлари тааллуқли бўлган ҳисобот даврида, бухгалтерия ҳисоби стандартларига мувофиқ акс эттирилади.
Сизнинг ҳолатда даромадни эътироф этиш санаси бўлиб унда белгиланган қўшимча битимнинг кучга кириш санаси ҳисобланади. Агар унда маҳсулот, масалан, буюртмачи юкланган товар учун қарзни сўндириш мажбуриятидан озод қилиниши эмас, балки маҳсулот ҳақ олмасдан берилиши кўрсатилса, бухгалтерия ҳисобида сиз олдинги проводкани келтиришингиз керак:
Д-т 1010 – «Хом ашё ва материаллар»
К-т 6010 – «Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»
импорт хом ашёни текинга олиш эса қуйидаги ёзувлар билан акс эттирилади:
Д-т 1010 – «Хом ашё ва материаллар»
К-т 8530 – «Текинга олинган мулк».
Текинга олинган хом ашё солиқ тўловчининг бошқа даромади ҳисобланади (Солиқ кодексининг (СК) 132-моддаси) ва унга асосий фаолият тури ставкаси бўйича ягона солиқ тўлови солинади (СКнинг 355-моддаси).
Агар, қўшимча битимга кўра, айни етказиб берувчининг кредиторлик қарзи ҳисобдан чиқарилса, бухгалтерия ҳисобида қуйидаги ёзувларни қайд этиш керак:
Д-т 6010 – «Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»
К-т 9360 – «Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар».
Ҳисобдан чиқарилган кредиторлик қарзи суммаси бошқа даромадлар таркибига киритилади (СК 132-моддасининг 7-банди) ва унга асосий фаолият тури ставкаси бўйича ягона солиқ тўлови солинади (СКнинг 355-моддаси).
Қўшимча битимни ушбу импорт шартномаси ҳисобга қўйилган банкка тақдим этиш лозим. Банк муассасалари ҳисобга қўйилган шартномаларнинг мажбурий шартларини текширишга вакил қилинганлар (Ваколатли банкларда импорт шартномаларини рўйхатдан ўтказиш бўйича услубий кўрсатмаларнинг2 2.2-банди).
Шартнома (битим) шартлари ўзгарганида илгари расмийлаштирилган БЮД қайта расмийлаштирилади (Божхона юк декларацияларига тузатиш киритиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг3 3-банди). Ушбу ҳужжатнинг 8-бандига мувофиқ сиз ҳудудий божхона органи бошлиғи номига ариза беришингиз керак. Унда БЮДни қайта расмийлаштириш учун зарурат бўлганлигининг сабабларини кўрсатиш зарур. Аризага мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ ҳужжатлар илова қилинади.
1МВ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 14.08.1998 йилда 474-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
2МБнинг 18.08.1998 йилдаги 1318/3003-сон хатига илова.
3ДБҚнинг АВ томонидан 24.09.2010 йилда 2143-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Наталья ЗУЕВА,
экспертимиз.