Яқинда маҳалламизда йўл-транспорт ҳодисаси юз берди, унинг натижасида енгил машина икки тарафлама ҳаракатли йўлдан чопиб ўтаётган Аброр Д. исмли йигитни туртиб юборди. Бироқ шофёрга бунинг учун ҳеч нарса бўлмади, айтишларича, ЙТҲ жойига келган йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари вазиятни ўрганиб, ҳодисада ҳайдовчи эмас, Аброрнинг ўзи айбдор деган хулосага келишган, бунинг устига у гўё йўлни белгиланган жойдан (пиёдаларнинг ўтиш жойидан) кесиб ўтмаган, етиб келган «тез ёрдам» шифокорлари ҳам унинг енгил даражада маст эканлигини аниқлашган. Қандай ҳолатларда автомобиль ҳайдовчиси пиёдани туртиб кетганлиги учун жавобгар бўлмаслигини тушунтириб берсангиз.
Д.Қобулова, Б.Насимов ва
«Оқтепа» маҳалласининг бошқа фуқаролари.
– Жиноят кодексининг (ЖК) 266-моддасига кўра транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Бироқ ЙТҲнинг аниқ далили бўйича мазкур моддага биноан ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлиги ёки транспорт воситасидан фойдаланиш қоидаларини бузган тақдирдагина жиноят ишини қўзғатиш мумкинлигига эътибор қаратамиз. Агар ҳайдовчи кўрсатилган қоидаларни бузмаган бўлса, уни жиноий жавобгарликка тортиб бўлмайди, чунки унинг қилмишида жиноят таркиби аломатлари бўлмайди.
Кўргазма учун транспорт воситаси ҳайдовчисининг манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ реал адвокатлик амалиётидан мисол келтирамиз.
Фуқаро Р. йўл устида туриб, дўсти билан суҳбатлашаётган эди. Шу вақт унинг мобил телефони жиринглаб қолди. Қўнғироққа тезроқ жавоб беришга ҳаракат қилиб, фуқаро Р. телефонни чўнтагидан олди, бироқ телефон унинг қўлидан чиқиб кетиб, йўлнинг машина юрадиган қисмига учиб тушди. Ён атрофига қарамасдан Р. йўл устига чиқди ва уни фуқаро С. бошқараётган «Матиз» автомобили туртиб кетди. Фуқаро С.нинг кўрсатувига кўра автомашина соатига 20–25 км тезлик билан ҳаракат қилаётганда тўсатдан автомобилнинг олдидан йўлнинг машина юрадиган қисмига бир киши югуриб чиққан ва тормозни босишга улгурмаган, бунинг натижасида пиёда тан жароҳати олган. Суд автотехник экспертизасининг хулосасига кўра «Матиз» ҳайдовчиси С.да ЙТҲнинг олдини олиш имконияти бўлмаган. Бундан ташқари, фуқаро С., гарчи мазкур ҳолда айбдор бўлмаса-да, ихтиёрий равишда ўз хоҳиши билан пиёдага етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаган. Далиллар ва иш бўйича тўпланган ҳужжатларни, мазкур ЙТҲ бўйича экспертиза хулосасини эътиборга олиб ва жиноят таркиби аломатларининг йўқлиги сабабли мазкур ҳолда фуқаро С.га нисбатан ЖКнинг 266-моддасига асосан жиноят ишини қўзғатиш рад этилди.
Ахтам ҲИКМАТОВ, адвокат.