Аввал хабар берилганидек, яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган яна иккита янги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.
«Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалда рўёбга чиқариш доирасида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасининг мақсади мамлакат ичкарисида ҳам, ундан ташқарида ҳам давлат мулкини самарали бошқаришга қаратилган, давлат мулкини бошқариш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада ривожлантиришдан иборат. Қонун лойиҳаси давлат мулкий ҳуқуқларни қўлга киритган вақтдан бошлаб то улар тугатилгунигача давлат мулкини бошқариш тизимини яратишга қаратилган. Қонун лойиҳасида давлат мулкини бошқаришни амалга оширувчи давлат органларининг ваколатларини чегаралаш ва давлат мулкини бошқариш соҳасидаги давлат сиёсатини ўтказиш учун уларнинг жавобгарлигини ошириш назарда тутилмоқда.
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини тадбиркорлик субъектларининг фаолияти учун имкон қадар қулай шарт-шароитлар яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларга барҳам бериш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи бошқарув ҳаракатларининг тўлиқ ошкоралигини таъминлашга қаратилган «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ушбу қонун лойиҳасида мамлакатимизнинг айрим қонун ҳужжатларига, шу жумладан, «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунларга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонунчилик палатаси масъул қўмиталарининг вакиллари ушбу қонун лойиҳалари юзасидан сўзга чиқдилар. Улар таклиф этилаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосий қоидаларини, шунингдек, уларнинг демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштиришдаги аҳамиятини баён қилдилар.
Ушбу қонун лойиҳалари барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари иштирокида ҳар томонлама муҳокама этилганидан кейин депутатлар уларни биринчи ўқишда маъқулладилар.
Қонун лойиҳаларини кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш масъул қўмиталарга топширилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати материали асосида.