Бухгалтерларнинг ҳисобот топшириш палласини талабаларнинг синов ва имтиҳонлар даврига ўхшатиш мумкин. Ҳар иккиси ҳам кўп вақтни, диққат-эътибор ва сабр-чидамни талаб қилади. Биргина фарқи – ҳисоб билан шуғулланувчи мутахассиснинг хато қилишга ҳақи йўқ, негаки бу нарса обрў-эътиборга путур етказишдан ташқари, ишдан маҳрум бўлиш ва ҳатто маъмурий ёки жиноий жазо олишгача етиши мумкин. Бундай кезлари асаблар ниҳоятда таранг тортилади, уйқуда тайин бўлмайди. Ман-ман деган бухгалтер ҳам биринчи боришдаёқ ҳисоботни топширишга муваффақ бўлавермайди, муайян хато ва нуқсонларни тузатишга мажбур бўлади. Одатда бундай хатоликларга солиқ ҳамда бухгалтерия тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги энг сўнгги ўзгартишлардан бехабарлик ёки балансни ёпиш учун ҳисоб ҳужжатлари етишмаслиги сабаб бўлади. Бундай ҳужжатларни расмийлаштиришни контрагент тезлаштира қолмайди.
Каттагина иш тажрибасига эга бўлган бухгалтерлардан Сергей Гурвич ва Наиля Измайлова ана шу анчагина мураккаб ҳисобот даврини хотиржамлик билан ўтказиш хусусида қуйидагиларни маслаҳат берадилар.
– Халқимизда ёз ғамини қишда е деган мақол бор. Буни бухгалтерга ҳам тааллуқли дейиш мумкинми? Умуман, ҳисоботларга олдиндан тайёргарлик кўрса бўладими, агар шундай қилиш мумкин бўлса, уни қай тартибда амалга ошириш мумкин?
– Мазкур мақол ишнинг кўзини биладиган, уқувли бухгалтер иш тутишини тавсиф этади. Шак-шубҳасиз, ҳисоботни топширишга олдиндан тадорик кўриш лозим. Хатони тузатишдан кўра унинг олдини олган осон. Барча бирламчи ҳужжатларни ўз вақтида тайёрлаб қўйишга одатланиш керак.
Дебиторлик ва кредиторлик қарзлари одатда кўп вақтни олади, шу сабабли ҳам бу масалаларни олдиндан расамадга солиш жуда муҳимдир. Бунинг учун контрагентлар ва шериклар билан мунтазам алоқа қилиб турмоқ зарур. Зотан улар баъзан илгари ўтказилган операцияларни ўзгартиришни илтимос қилиб қолишади, бу эса сиз учун кутилмаган ташвишдир. Бундай вазиятларда бухгалтер ҳужжатларни ўтиб кетган сана билан расмийлаштиришга журъат этади. Биз бундай қилишни маслаҳат кўрмаймиз. Чунки бу йўсинда иш тутиш, юмшоқроқ қилиб айтганда, малакасизликдир. Йил чораги ёки йил охирида барча ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилган, қарзлар узилган, барча масалалар ечим топган бўлса айни муддао. Бундай вазиятда шаклларни тўлдириш сира қийинчилик туғдирмайди, вақт танглигидан нолишга ҳам ўрин йўқ. Тўғри, бундай даражага дафъатан эришиб бўлмайди, лекин амалиёт буни бемалол уддалаш мумкинлигидан далолат бермоқда.
– Ҳисобот даврида кўпчилик учун барибир вақт танглиги ўзини сездириб туради. Ҳаммасига улгуриш учун фурсат топишнинг иложи борми ўзи?
– Энг аввало бухгалтер билими, савияси ва малакасини муттасил ошириб бормоғи лозим. Ихтисослаштирилган адабиётларни ўқиб бориш, семинарлар, лекциялар ва курсларга қатнаш зарур. Иш кунини тўғри тақсимлай билишга одатланиш, энг муҳим ишларни аниқлаб олиш, ёрдамчилар кўмагига суяна билиш лозим. Буларнинг ҳаммаси мураккабликларни камайтиришга камайтиради-ю, аммо улардан батамом халос этмайди. Зеро бухгалтернинг иши аслида ҳаммасидан мураккаброқдир. Мабодо одам бунга ўзини тайёр деб билмаса, бошқа фаолият билан шуғулланишни ўйлаб кўргани дуруст.
– Ҳисобот даври тугагач, унинг натижалари ҳақида ҳисоб бериш фурсати келади. Уни нимадан бошламоқ керак?
– Гарчи статистика бўйича бир қанча шакллар солиқ ҳисоботидан олдин топширилса-да, ишни солиқ ҳисоботига тайёргарлик кўришдан бошлаш зарур. Биринчидан, ундаги маълумотлар солиқ органларига тақдим этиладиган маълумотларга монанд бўлиши лозим. Иккинчидан, солиқ солишга оид маълумотлар таҳлили билан қанча барвақтроқ шуғуллансангиз, содир бўлиш эҳтимоли бўлган таҳдид ва таваккалчиликларни бартараф этиш учун сизда вақт ҳам, имконият ҳам кўпроқ бўлади. Шундан кейин молиявий ҳисобот навбати келади.
– Чет ташкилотларга, айтайлик, аудиторлик компаниясига ёрдам сўраб мурожаат этишни ўринли деб биласизми?
– Ҳа. Активлари бир миллиард сўмдан ошадиган кўпгина йирик корхоналарда ички аудит хизмати бор, бу хизмат бухгалтерия ҳисоботларини улар топширилишидан олдин қайта текшириб чиқади. Ҳатто шундай текширувдан кейин мустақил аудиторларга мурожаат этиладиган ҳолатлар ҳам учрайди. Баъзи раҳбарлар буни пулни ортиқча совуриш деб ҳисоблайдилар. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса, солиқ ҳисоботидаги хатолик оқибатлари тўлалигича тасаввур этилса, шундай хайрли ишга нисбатан тежамкорлик иштиёқи ўз-ўзидан йўқолади. Ўз иши текширилишини ножоиз деб биладиган бухгалтерларни тушуниш қийин. Ахир одам зоти хатоликлар қилишдан холи эмас. Энг зўр, билимдон, қувваи ҳофизаси кенг мутахассис ҳам эртами-кечми хато қилиши мумкин. Шу сабабли аудиторлар ёки солиқ маслаҳатчиларининг ёрдами ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди.
– Низоли вазиятлар келиб чиққан тақдирда қандай ҳужжатларни кўриб чиқиш лозим? Кимлар аниқлаштиришга ёрдам бериши мумкин?
– Ўз фаолиятида ютуққа эришиш истагидаги ҳар қандай бухгалтер қонун ҳужжатларидаги ўзгартишлар ва қўшимчаларни билиб бориши, ҳамкасабалари билан тажриба алмашиниб туриши шарт. Ихтисослаштирилган адабиётлар ва газеталарга обуна бўлиш ва уларни муттасил ўқиб боришни, семинарларга, шу жумладан «NORMA» профессионал ривожланиш маркази томонидан ўтказиладиган семинарларга қатнаб туришни қатъият билан маслаҳат берган бўлур эдик. Қонун ҳужжатлари ва солиқ солиш тўғрисидаги керакли ахборотлар мужассам топган ҳар хил интернет-ресурслар ҳам жуда катта ёрдам беради. «NORMA» компаниялари гуруҳи томонидан чиқарилаётган «Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари», «Амалий бухгалтерия», «Амалий солиқ солиш» электрон маълумотнома тизимлари ҳам сизга яхши кўмакчи бўлади. Улардаги долзарб, мунтазам равишда янгилаб бориладиган ахборотлар ҳар қандай бухгалтерга ҳисобот давридагина эмас, бошқа пайтларда ҳам ёрдам беради.
– Ҳисобот даври чўчишга арзийдими?
– Бундай даврдан сира чўчимаслик керак. Ишни тўғри режалаштириш, бу пайтда фикрни жамлашга халақит берувчи бошқа машғулотларни четга суриб қўйиш лозим. Табиийки, таътил олиш ёки бошқа кўнгилочар нарсалар билан шуғулланиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда ҳисоботларни топшириш амалиёти яхши тарафга анчагина ўзгарди. Ўтган асрнинг охирги ўн йиллигида ҳисоботларни топшириш бирмунча мураккаб эди. Соатлаб, баъзан кун бўйи навбат кутиб туришга, хонама-хона сарсон бўлишга тўғри келарди. Бу нарса вақтни олганидан ташқари, асабларни эговларди. Эндиликда ҳисобот шаклларини қабул қилиб олиш иши аниқ, пухта ва қулай ташкил этилган. Ҳисоботларни электрон шаклда юбориш мумкинлиги эса бу жараённи янада соддалаштирди.
Фурсатдан фойдаланиб, ҳамкасабаларимга йиллик ҳисобот даврини имкон қадар камроқ маънавий ва моддий талафотлар билан якунлашни тилайман. Ҳисоботдан кейинги кунлар улар учун янада самарали ва қувончли бўлсин.
Ҳисобот топшириш даври хусусида амалиётчи бухгалтерлар қуйидаги фикрларни билдиришди:
«AZN» МЧЖ бош бухгалтери О.Петракова:
– Ҳисобот даврида кўпинча мен учун содир бўладиган мураккаблик контрагентлар ҳисобварақ-фактураларни ва бажарилган ишларга оид ҳужжатларни ёпишни чўзиб юборишлари билан боғлиқ. Кўпчилик охирги пайтгача ишни пайсалга солади, эслатиш, қўнғироқ қилиш, бориб учрашиш ҳам баъзан фойда бермайди. Шунинг оқибатида вақтни бой берамиз, ҳисобот топшириш чўзилиб кетади, бошланган йилнинг жорий ишлари эса ўз ижросини талаб этади. Табиийки, бундай вазиятларда асабийлашасан киши.
«UZCarlsberg» МЧЖ бош бухгалтери Е.Коренченко:
– Шахсан мен ҳисобот даврини мураккаб деб билмайман. Операцияларни бухгалтерия ҳисобида қатъий, аниқ ва пухта акс эттириш, бирламчи ҳужжатларни вақтида расмийлаштириш, қўл остингдагилар билан омилкорона ҳамкорлик қилиш ва улар ўртасида вазифаларни тўғри тақсимлаш ҳисобот даврини муваффақиятли йўсинда, энг муҳими муаммосиз ўтказиш имконини беради.
Зуҳра, бош бухгалтер:
– Ҳисоботни тайёрлаш ва топширишда мен дуч келаётган мураккаблик ҳисоботларни электрон шаклда жўнатиш чоғида вақти-вақти билан юзага келувчи муаммоларга боғлиқ. Бу усул жуда қулай эканлигига шак-шубҳа йўқ. Аммо назаримда, бу йўсин жўнатиш тизими етарлича яхши йўлга қўйилмаган, оқибатда талайгина ташвиш келтириб чиқармоқда.
«Intertich» МЧЖ бош бухгалтери И.Лямзенко:
– Очиғи, ҳисобот топшириш мен учун осон иш эмас. Ҳар қанча уринсанг ҳам, бундай кезларда иш ва вазифа ҳажми анчагина ортади. Ҳисоботдан ташқари кундалик жорий ишлар ҳам бор. Бир ўзим ишлаганим боис вақт етишмайди. Ишдан кеч қолиб ишлашга, дам олиш кунлари ишга чиқишга тўғри келади. Шу сабабли бундай пайтларда ҳеч қандай муҳим ишларни режалаштирмайман, касалланиб қолмасликни ўйлаб жоним ҳалак бўлади, ўзимни руҳан ютуққа чоғлайман.
Д.Умарова, бош бухгалтер:
– Мен ишлаб чиқариш корхонасида ишлайман, ҳисобот даврим жуда сермашаққат иш – омборларни инвентаризациядан ўтказиш билан бир пайтга тўғри келади. Бу одамни асабий қилиб юборадиган иш эканлигини яширмайман. Дарвоқе, керакли ҳамма чораларни кўришга, ҳисоботга олдиндан тайёрланишга ҳаракат қиламан. Бундай пайтларда яқинларим қўллаб-қувватлаш, мен учун яхши шароит яратиш орқали ёрдам беришади.
«Banoplast» МЧЖ бош бухгалтери М.Шарипова:
– Илгарилари, тажрибам камлигида ҳисоботларни тайёрлаш ва топшириш мен учун осон бўлмасди: вақт етишмас, бош кўтармай ишлашимга тўғри келар эди. Эндиликда кўп йиллик тажрибам асқотмоқда – ҳисобот даврини хотиржам ўтказаман. Энг муҳими, таҳликага тушмаслик, ҳамма ишларни вақтида, аниқ ва тартиби билан адо этиш лозим.
Наталья СПИРИДОНОВА,
мухбиримиз.