Шу кунларда бутун дунё бўйлаб олимпиада руҳи ҳукмрон! Зеро, спорт нафақат инсонларни, балки давлатлар ва миллатларни ўзаро бир-бирига яқинлаштирадиган, дўстона муносабатларни мустаҳкамлайдиган соҳадир.
Давлат божхона қўмитасида ҳам спортга катта эътибор бериб келинади. Яқинда Ўзбекистон волейбол федерацияси ҳамкорлигида божхона органлари ходимлари ўртасида волейбол бўйича турнир ташкил этилди.
Дастлаб ДБҚнинг ҳудудий тузилмалари, Миллий кинология маркази, Олий ҳарбий божхона институти ва «Тошкент-Аэро» ИБКнинг жами 17 жамоаси ўртасида жойларда саралаш ўйинлари ўтказилди. Саралаш босқичларидан муносиб тарзда ўта олган 8 жамоа сўнгги босқичда беллашиш учун пойтахтимиздаги Олий ҳарбий божхона институтида жамланишди.
– Иккинчи бор ташкил қилинаётган мазкур турнирнинг ҳал қилувчи асосий босқичи қизиқарли ва шиддатли ўтди, – дейди мусобақа ташкилотчиларидан бири, ДБҚ Ҳарбий сафарбарлик, фавқулодда вазиятлар ишлари ва жанговар тайёргарлик бўлими бошлиғи, божхона хизмати подполковниги Баҳодир Тошев. – Муросасиз кечган ўйинларда ҳар бир жамоа аъзолари муносиб ўйин кўрсатишди.
Мусобақанинг финал босқичи кутилмаган натижаларни тақдим этди. Якуний натижаларга кўра, Олий ҳарбий божхона институти жамоаси 3-ўринни эгаллади. Бу гал ҳам финал ўйинларига Бухоро ва Сурхондарё вилояти божхоначилари етиб келишди ва ўтган йилги натижанинг тескариси қайд этилди: бу сафар бухороликларга 2-ўрин насиб этиб, турнир кубоги Сурхондарёнинг ғолиб божхоначилари билан бирга Термизга йўл олди.
Ўйинларни Ўзбекистон волейбол федерациясининг тажрибали ҳакамлари бошқариб боришди.
ДБҚ Ахборот хизмати.