Norma.uz
СБХ / 2014 йил / № 7 / Ташқи иқтисодий фаолият

Оламни тўлдирсак деймиз соф маҳсулотга

Бугунги кунда экологик жиҳатдан хавфсиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бутун дунёда талаб-эҳтиёж ортиб бормоқда. Мамлакатимизда эса бундай маҳсулот етиштириш ва уни жаҳон бозорида реализация қилиш учун ҳамма шарт-шароит бор. Урганч шаҳрида бўлиб ўтган семинарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг экспорт салоҳиятини ошириш, рақобатбардош маҳсулот етиштириш ва уни ташқи савдо майдонига олиб чиқишда уларга кўмаклашиш чора-тадбирлари айни ана шу нуқтаи назардан муҳокама этилди. Ўзбекистон Фермерлар кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон агро ахборот-инновация маркази томонидан USAIDнинг Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаси билан биргаликда ташкил этилган тадбирда Хоразм вилоятининг 50 нафар фермери иштирок этди.

Бу «Органик маҳсулотлар етиштириш ва сертификатлаштириш» мавзуида режалаштирилган туркум семинарларнинг биринчиси бўлиб, ундан кўзланган мақсад, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини ана шу соҳа стандартлари билан, хўжалик юритишнинг ҳамда органик маҳсулотлар етиштиришнинг асосий қоидалари билан таништиришдан иборат эди.

Ўзбекистон агро ахборот-инновация маркази директори Мирзоҳид Йўлдошев органик қишлоқ хўжалигининг диёримиздаги тараққиёти ҳақида сўзлаб берди. Бугунги кунда Марказий Осиё минтақасида бу ишда энг муваффақиятли одимлаётган мамлакат Ўзбекистондир. Соғлом турмуш тарзи талаби маркетинг ва савдо-сотиқ соҳасига тегишли тузатишлар киритди, озиқ-овқат маҳсулотлари бозорида янгидан-янги жабҳаларни шакл­лантирди. Шу сабабли фермерлар органик деҳқончиликка, «органик» маркали маҳсулот етиштиришга тобора кўпроқ эътибор бермоқдалар. Семинар иштирокчиларининг муайян қисми органик деҳқончилик билан шуғулланиш ва органик маҳсулот етиштириш ҳуқуқига талабгорлик қилаётган фермерлар эканлиги ҳам бежиз эмас.

 

БУ БОРАДА ҚИРҒИЗИСТОНДА НИМА ГАП?

Халқаро эксперт, «Био Сервис» жамоатчилик фонди (Қирғизистон) ижрочи директори Сапарбек Алимқулов Қирғизистонда органик маҳсулотларни етиштириш ва экспорт қилишдаги аҳвол ҳақида ахборот берди. Тадбир иштирокчилари «Био Фермер» кооперативи мисолида органик хўжалик юритиш афзалликлари билан танишдилар, етиштирилаётган пахта учун қўшилган қиймат занжиридан ҳам, ҳар йилги қиёсий таҳлиллар натижаларидан ҳам воқиф бўлдилар.

Халқаро эксперт органик ишлаб чи­қариш нима эканлигини тушунтирар экан, бу энг аввало хўжаликни табиат билан уйғунликда юритиш принципи эканлигига эътибор қаратди. Бу суғориладиган сув тоза бўлишида, қишлоқ хўжалиги экинларини кимёвий ва синтетик ўғитлар ҳамда пестицидлар ишлатмасдан етиштиришда, чорвачиликда антибиотиклардан воз кечишда, текинхўр ҳашаротларга қарши биологик препаратлар ёрдамида кураш олиб боришда мужассам топишини айтиб, аслида бу экология сақланиши ҳам демакдир, деди у. Хўжаликни нотўғри юритиш, кимёвий дорилардан фойдаланиш тупроқ эрозиясига олиб келади, унинг ҳосилдорлигини пасайтиради. Фермерлар бир қанча қоидаларга риоя қилмоқликлари керак. Масалан, бир майдонда бир неча йил мобайнида сурункасига бир хил қишлоқ хўжалиги экини етиштирмаслик лозим. Безарар, экологик жиҳатдан тоза ва соф маҳсулот олиш учун алмашлаб экиш қоидасига қатъий риоя этиш зарур.

С.Алимқулов органик маҳсулот қим­матроқ сотилишини ҳам таъкидлаб ўтди. Чунончи, Қирғизистон экспорт қи­лаётган органик пахта тахминан 20 фоиз қиммат сотилмоқда. Фермер эса бундан пул йўсинида наф кўришидан ташқари, органик ёғ ва кунжара сингари қўшимча маҳсулотларга эга бўлмоқда.

2013 йил 2 ноябрда «Қиғизистон Рес­публикасида органик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ва яшил иқтисоди­ётни ривожлантириш» мавзуида Бишкекда бўлиб ўтган II Миллий форумда Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Мўғулистон ва Озарбайжон ташкилотлари* ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Мазкур ҳужжатнинг қоидалари Органик қишлоқ хўжалиги ҳаракатлари халқаро федерацияси (IFOAM) принципларига мувофиқ келади.

 

СЕРТИФИКАТЛАШТИРИШ ХУСУСИЯТЛАРИ

Халқаро маслаҳатчи, органик маҳ­сулотлар ишлаб чиқариш ва сертификатлаштириш бўйича эксперт, Швей­цариядаги «Хельветас Свисс Интеркооперейшен» халқаро ҳамкорлик уюшмаси ходими Абдулатиф Холдоров тадбир иштирокчиларини органик қишлоқ хўжалигининг асосий мақсадлари ва принциплари билан таништириб ўтди. У қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришда, мевали дарахтлар ва токлар ўстиришда анъанавий хўжалик юритишдан органик тарзда хўжалик юритишга ўтиш қоидалари ҳақида гапириб берди. Эксперт йиғилганлар эътиборини тупроқ унумдорлигига, уни ошириш усулларига қаратди, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг рухсат этилган рўйхати билан таништирди. Қишлоқ хўжалиги экинлари касалликлари ва заракунандалари ҳамда уларга қарши органик кураш усуллари мавзуси иштирокчиларда айниқса катта қизиқиш уйғотди. Семинар қатнашчилари органик деҳқончиликнинг асосий принципи «инсон ерни тўйинтиради, ер ўсимликни озиқлантиради, ўсимлик эса инсонни боқади» табиий циклига риоя этишда эканлигини билиб олдилар.

Халқаро маслаҳатчи органик маҳсу­лотларни сертификатлаштиришга алоҳида эътибор қаратди. У ички назорат тузилмасининг ўзига хос жиҳатлари, уни ташкил этиш асослари, органик хўжалик юритишни халқаро сертификатлаштиришга доир зарур ҳужжатлар ва тартиб-таомиллар тўғрисида муфассал гапириб берди.

 

МАҲАЛЛИЙ МАҲСУЛОТ МЕЗОНЛАРИ

Семинарнинг иккинчи куни органик маҳсулотлар етиштириш мезонларини белгилаб олишга бағишланди. Иштирокчилар ўндан ортиқ мезонларни тилга олдилар. Ташқи бозордаги талаб-эҳтиёж; суғорма сув ва органик ўғитлардан баҳрамандлик; улгуржи харидорнинг мавжудлиги (ҳозирги вақтда Россия Федерациясида импорт қилувчилар бор), тегишли омборхона бинолари, қайта ишлаш цехлари, уруғлик ва кўчатлар, фойдали энтомофаглар борлиги шулар жумласидандир. Табиийки, бунга маҳсулотларни узоқ вақт сақлаш, лаборатория таҳлилидан ўтказиш, ички бозорда реализация қилиш (шу жумладан форс-мажор ҳолатлари юзага келган тақдирда эса экспорт қилиш), катта ҳажмларда маҳсулот етиштириш имкониятларини ҳам киритиш керак. Мезонлар таҳлил этилганидан кейин минтақада органик тарзда етиштириш мумкин бўлган маҳсулотлар аниқлаб олинди. Улар орасида пахта, асал, сабзи, тарвуз, картошка, узум ва шоли бор. Иштирокчилар ҳамма жиҳатларни обдон чамалаб ва ўлчаб кўрганларидан кейин, бу борада ҳаммасидан ҳам узум етиштириш фойдали деган хулосага келдилар.

Семинар Ўзбекистонда органик маҳ­сулот етиштириш ва сертификатлаштириш бўйича дастлабки сессияни режалаштириб олиш билан якун топди. Қатнашчилар икки гуруҳга бўлинди. Биринчи гуруҳдагилар органик маҳсулот етиштиришни ташкил этиш учун йил мобайнида амалга ошириш мумкин бўлган вазифалар ва уларни рўёбга чиқариш муддатларини аниқлаб олдилар. Фермерлар кенгашининг ваколатлари доирасида биологик жиҳатдан соф маҳсулотлар етиштирадиган фермерлар ва ҳудудлар, маҳсулот сақлаш омборлари танланди, фермерларга махсус таълим бериш, органик маҳсулотларни ташиш, сақлаш, тамғалаш, логотипларини тайёрлаш масалалари ўз ечимини топди. Фермерлар ўз фаолиятларини самарали йўсинда ташкил этиш учун керакли миқдорда органик ўғитларни ғамлаб қўйишлари, органик маҳсулотни экспорт қилиш ва унинг бир қисмини маҳаллий бозорда сотиш стратегиясини белгилаб олишлари зарур.

Иккинчи гуруҳ сертификатлаштириш жараёнига тааллуқли ички назоратнинг намунавий тизимини ишлаб чиқди ва асосий масалаларни белгилаб олди. Ҳар иккала гуруҳдагилар топшириқни аъло даражада уддаладилар ва ўз ишланмаларининг муносиб тарзда тақдимотини ўтказдилар.

***

Синов тариқасидаги семинар натижаларини якунлаб, иштирокчилар тадбир асносида ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олганликларини алоҳида қайд этдилар. Ишчи гуруҳга ва тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирдилар. Фермер ҳар қандай ҳолатда ҳам одатий усулга нисбатан «органик» усулда камроқ зарар ва кўпроқ фойда кўриши ҳақида бир хулосага келдилар.

«USAID»нинг Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаси менежери Айжан Бейсеева тадбир якунида сўзга чиқиб, мазкур учрашув қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларида зўр қизиқиш уйғотганини айтди. Улар ички сертификатлаштириш юзасидан, унинг технологик жиҳатлари ҳақида амалий таклифлар киритдилар. Бу йил ана шундай иштирокчилар сафи янада кенгаяди ва Ўзбекистоннинг бошқа минтақасидаги фермерлар ҳам шундай тренингларда иштирок этишга муваффақ бўладилар деб умид қиламиз.

 

*Ўзбекистон агро ахборот-инновация маркази ННТ;

Қирғизистондаги «BIO-KG» органик ҳаракат федерацияси;

Органик қишлоқ хўжалиги ҳаракатлари Қозоғистон федерацияси – KAZFOAM;

SAS Органик (Тожикистон);

Мўғулистон Органик дастури;

«Генжи» агробизнес уюшмаси (Озарбайжон).

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

Прочитано: 3332 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика