Жамиятимиз (ягона солиқ тўловчиси) қурилиш-монтаж ишларини бажариш билан шуғулланади.
2012 йилда биз қурилиш-монтаж ишларини бажараётган пудрат корхона билан ёрдамчи пудратчи сифатида қурилиш-монтаж ишларини бажариш учун 60 000 минг сўмлик шартнома туздик. Лекин ўзимиз бошқа ёрдамчи пудрат корхона билан 59 000 минг сўмга келишиб, алоҳида ёрдамчи пудрат шартномасини туздик ва у қурилиш-монтаж ишларини бизга тўлиқ тугатиб берди, ўзаро ҳисобварақ-фактурани тасдиқлаганмиз.
Биз буюртмачи пудратчи корхонага 60 000 минг сўмлик ҳисобварақ-фактура тақдим қилиб, тасдиқлатдик. Солиқ инспекциясига ягона солиқ тўлови учун ўртадаги фарқдан 1 000 минг сўмга (60 000 – 59 000) ҳисобот топшириб, 6% миқдорида (60 минг сўм) ягона солиқ тўловини тўладик.
Бир масалага ойдинлик киритсангиз: ўзимиз ёрдамчи пудратчи бўла туриб, бошқа ёрдамчи пудратчи корхонани қурилиш ишларига ёллай оламизми? Солиқни тўғри ҳисоблаганмизми?
Корхона бухгалтери.
Корхонамиз (ЯСТ ва ҚҚС тўловчиси) буюртмачининг материаллари ҳисобидан қурилиш-монтаж ишларини бажаради. Ягона солиқ тўловини қайси суммадан тўлашимиз лозим – буюртмачининг материаллари қийматини чегирган ҳолдами ёки ўз кучимиз билан бажарилган ишларнинг умумий ҳажмиданми?
Ноила Бўриева,
МЧЖ бухгалтери.
Фарғона вилояти.
– Фуқаролик кодексининг 634-моддасида агар қонун ҳужжатларида ёки пудрат шартномасида пудратчининг шартномада кўрсатилган ишни шахсан ўзи бажариш мажбуриятлари келиб чиқмаса, пудратчи ўз мажбуриятларининг бир қисмини бажариш учун бошқа шахслар (ёрдамчи пудратчилар)ни жалб қилишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилган.
Демак, ишни буюртма бераётган бош пудратчи билан тузилган пудрат шартномасида бунга монелик кўрсатилмаган бўлса, ёрдамчи пудрат шартномасини тузиш мумкин.
Солиқ кодексининг 355-моддасида ялпи тушум ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солиш объекти бўлиши белгилаб қўйилган.
Солиқ солиш мақсадида ялпи тушум таркибига қурилиш, қурилиш-монтаж, таъмирлаш-қурилиш, ишга тушириш-созлаш, лойиҳа-қидирув ва илмий-тадқиқот ташкилотлари учун – ушбу ишларни ўз кучлари билан бажариб, реализация қилишдан тушган тушум киритилади. Бунда, агар юқорида қайд этилган ишларни материаллар билан таъминлаш мажбурияти шартномага биноан буюртмачининг зиммасида бўлса, ушбу материалларга бўлган мулк ҳуқуқи буюртмачининг ўзида сақланиб қолган тақдирда, ўз кучлари билан бажарилган ишларни реализация қилишдан олинадиган тушум бажарилган ҳамда тасдиқланган ишларнинг буюртмачи материалларининг қиймати киритилмаган ҳолдаги қиймати сифатида белгиланади.
Шундан келиб чиқиб, биринчи саволда баён этилган ҳолатда солиқ солиш объекти 1 000 минг сўмни (60 000 – 59 000) ташкил қилади.
Юқорида айтганимиздек, ялпи тушум ЯСТ бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланади (Солиқ кодексининг 355-моддаси).
Бунда, агар юқорида қайд этилган ишларни материаллар билан таъминлаш мажбурияти шартномага биноан буюртмачининг зиммасида бўлса, ушбу материалларга бўлган мулк ҳуқуқи буюртмачининг ўзида сақланиб қолган тақдирда, ўз кучлари билан бажарилган ишларни реализация қилишдан олинадиган тушум бажарилган ҳамда тасдиқланган ишларнинг буюртмачи материалларининг қиймати киритилмаган ҳолдаги қиймати сифатида белгиланади.
Демак, ЯСТ ва ҚҚС тўлайдиган қурилиш-монтаж корхоналари учун ЯСТ солиш объекти бўлиб ўз кучлари билан бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмидан келиб чиқиб ҳисобланган, ҚҚС чегирилган ялпи тушум ҳисобланади.
Бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмига, тегишинча, ишларни бажаришдан олинган тушумга ЯСТни ҳисоблаш мақсадида буюртмачи томонидан берилган материаллар, агар шартномага кўра пудратчини қурилиш материаллари билан таъминлаш мажбурияти буюртмачига юкланган ва берилган материалларга доир мулк ҳуқуқи унда сақланган бўлса, киритилмайди.
Пудратчи ташкилотга тегишли материаллар ҳисобидан бажарилган ишлар ҳажмини белгилашда бошқача вазият юзага келади, хусусан, пудратчи бажарилган ишлар ҳажмига бажарилган ишлар якуни юзасидан расмийлаштириладиган далолатномада материаллар қийматини ҳам киритиши керак бўлади.
Жавоблар «Soliq Kalkulyatori»
солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан тайёрланди.