Ягона муассис томонидан масъулияти чекланган жамият шаклида барпо этилган кичик корхонамизни хусусий корхонага айлантириш режалаштириляпти. Бу МЧЖ ёки янги барпо этилаётган хусусий корхонада солиқ текшируви ўтказиш учун асос ҳисобланадими? Зеро, бир томондан, қайта ташкил этиш натижасида янги юридик шахс барпо этиляпти, уни барпо этилган пайтдан бошлаб бир неча йил ўтганидан кейингина режали тарзда текшириш мумкин, бошқа томондан эса – қайта ташкил этилган жамият ўз фаолиятини тугатади, бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи орган тегишли ёзувни қайд этади.
Корхонамизда режали солиқ текшируви 3 йил аввал ўтказилган.
Бош бухгалтер.
– Солиқ кодекси (СК) 86-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, режали текширув назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ваколатли орган томонидан тасдиқланган мувофиқлаштириш режаси асосида ўтказилади, режа СК 90-моддасининг биринчи қисми мазмунидан келиб чиқиб тузилади. СК 90-моддасининг учинчи қисмига кўра, янги ташкил этилган кичик корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки 3 йил мобайнида режали солиқ текширувларидан ўтказилмайди. Агар қайта ташкил этилган, кичик корхоналар жумласига кирадиган корхона акциз тўланадиган товарлар ишлаб чиқарса ёки унинг фаолияти бюджет ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ бўлса, солиқ органлари уни текширишлар режа-жадвалига киритиши мумкин бўлган муддат давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан 2 йилгача қисқартирилади (СК 90-моддасининг тўртинчи қисми).
Режадан ташқари солиқ текшируви, СК 86-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, қуйидаги ҳолларда ўтказилади:
юридик шахс тугатилаётганда;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ҳукуматининг қарорларидан келиб чиқувчи текширувларни ўтказиш зарур бўлганда;
давлат органига солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари солиқ тўловчи томонидан бузилганлиги ҳоллари ҳақида қўшимча маълумотлар тушганда.
Фуқаролик кодекси 53-моддасининг биринчи қисмига, шунингдек «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон) 55-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ юридик шахсни тугатиш унинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмасдан бекор қилинишини англатади.
Ўзгартириш – янги вужудга келган юридик шахсга қайта ташкил этилган юридик шахснинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бериш йўли билан корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартиришдир (23-сон БҲМС «Қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисоботни шакллантириш»1 5-бандининг «д» кичик банди). Бошқача айтганда, қайта ташкил этиш (шу жумладан ўзгартириш йўли билан) тугатишдан фарқли равишда ҳуқуқий ворисликка сабаб бўлади.
Шу тариқа, қайта ташкил этиш қайта ташкил этилаётган корхонада режадан ташқари солиқ текширувини ўтказиш учун сабаб бўла олмайди. Ўз навбатида ўзгартириш йўли билан янгидан барпо этилган хусусий корхонани режали текшириш СК 90-моддасининг талабларидан келиб чиқиб амалга оширилади. Унда кўрсатилган муддатлар янгидан барпо этилган корхона давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 2–3 йил ўтгач (фаолият тусига боғлиқ ҳолда) янгидан ҳисобланиши керак. Солиқ текшируви ўтказиладиган давр 5 йилдан ошиши мумкин эмаслиги сабабли (СК 38-моддасининг биринчи қисми), ўзгартирилган юридик шахснинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш, янгидан барпо этилган хусусий корхонангиз текширувларнинг режа-жадвалига қачон тушишига боғлиқ ҳолда, 3 йилдан кўп бўлмаган (ёки ундан кам) вақтни қамраб олиши мумкин. Бошқача айтганда, қайта ташкил этилаётган корхона (сизнинг ҳолатингизда – МЧЖ) фаолиятининг кам деганда охирги икки йилини солиқ органлари текширишга ҳақли бўлмайдилар.
Шу билан бирга қуйидагиларни эътиборга олиш лозим:
юридик шахс қайта ташкил этилаётганда қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳисоб ҳужжатларини сақлаш мажбуриятлари унинг ҳуқуқий вориси зиммасига юклатилади (СК 41-моддасининг учинчи қисми);
қайта ташкил этилган юридик шахснинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ мажбурияти (ўзгартиришдан олдин юзага келган), қайта ташкил этиш тугаллангунига қадар ҳуқуқий ворисга қайта ташкил этилаётган юридик шахс солиқ мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги фактлари ва (ёки) ҳолатлари маълум бўлганлиги ёхуд маълум бўлмаганлигидан қатъи назар, унинг ҳуқуқий вориси зиммасига юклатилади (СК 51-моддасининг биринчи қисми). Топшириш ҳужжатида солиқ қарзининг ҳуқуқий ворисга ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотнинг мавжуд эмаслиги, ҳуқуқий ворисни ушбу солиқ қарзи бўйича жавобгарликдан озод қилмайди (Олий хўжалик суди Пленумининг 18.06.2010 йилдаги «Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси Умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 210-сон қарори 42-бандининг учинчи хатбошиси);
юридик шахснинг қайта ташкил этилиши унинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятларининг бажарилиши муддатларини шу юридик шахснинг ҳуқуқий вориси учун ўзгартирмайди (СК 51-моддасининг учинчи қисми);
юридик шахс қайта ташкил этилгунига қадар у ортиқча тўлаган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг суммалари шу юридик шахс ҳуқуқий ворисининг шахсий карточкасига юридик шахсни қайта ташкил этиш тугалланган кундан эътиборан 1 ойдан кечиктирмай ўтказилиши керак (СК 51-моддасининг бешинчи қисми).
1Молия вазирининг АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1484-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
Екатерина АДЕЕВА,
«BAKER TILLY UZBEKISTAN» компаниялари гуруҳининг
юридик амалиёт раҳбари ўринбосари.